YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро З. Тўрахонованинг видеомурожаати юзасидан
Ўз видеомурожаатида ЗулайҳоТўрахонова Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Сарбон 3-тор кўчаси, 34-уй тўғрисида сўз юритиб, ушбу хонадон қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан унга ва унинг оила аъзоларига тегишли экани, ўз уйи бўла туриб, оила аъзолари билан ижарада яшаб келаётганини таъкидлаган. Шунингдек, З. Тўрахонова мутлақо бегона аёл, аниқроғи, Матлуба Ниязова отасидан мерос қолган уйни эгаллаб олганини баён қилган ҳамда низоли хонадонни ўз эгалигига қайтариб олиб беришни сўраган.
Аниқланишича, тарафлар ўртасидаги уй-жой низоси бир неча йилдан буён давом этиб келган. Жумладан, даъвогар Зулайҳо Тўрахонованинг жавобгар Матлуба Ниязовага нисбатан уйга киритиш ва жавобгарни рўйхатдан ўчириш ҳақидаги даъво талаби фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг 2017 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан қисман қаноатлантирилган.
Мазкур ҳал қилув қарорига асосан даъвогар Зулайҳо Тўрахонова оила аъзолари билан Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Сарбон 3-тор кўчаси, 34-хонадонга киритиб қўйилган. Даъвогарнинг жавобгар М. Ниязовани рўйхатдан ўчириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш рад қилинган. Зеро, Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда хам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Олий суд Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарорининг 5-бандида тушунтирилишича, мулкдорнинг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, меҳнатга кобилиятсиз боқимандалар, шунингдек, мулкдор билан доимий бирга яшаётган фуқаролар агар улар мулкдор билан умумий хўжалик юритаётган ва унинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлсалар, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилишлари мумкинлиги белгиланган.
Аниқланишича, мурожаатчи мутлақо бегона аёл дея тавсифлаётган Матлуба Ниязова низоли хонадонга ушбу уйнинг ўша пайтдаги мулкдори, яъни даъвогарларнинг отаси Гаебберди Ниязовнинг розилиги билан 1984 йилда кириб келган ва шу йилдан эътиборан низоли уйда доимий рўйхатдан ўтган ҳолда яшаб келган. Уй-жой кодекси 74-моддасининг 3-қисмига кўра, тураржойни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар бошқа турар жой бермасдан кўчириладилар. Бундан кўриниб турибдики, жавобгар М. Ниязова фарзандлари билан низоли уйга ўзбошимчалик билан эмас, балки мулкдорнинг розилигига асосан киритилган. Шундай экан, М. Ниязовани оила аъзолари билан ушбу хонадондан кўчириш ҳақидаги даъво асоссиздир.
Бинобарин, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 9 январдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2017 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарорининг Сайфулла, Гайбулла, Хамидулла Ниязовлар ва Зулфия Ниязованинг уйга киритиш ҳақидаги қисми чиқарилган ҳолда қисман бекор қилинган. Жавобгар Матлуба Ниязовага нисбатан рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъво талаби юзасидан иш юритиш тугатилган.
Шундан сўнг даъвогарлар Матлуба Ниязова ва Шерзод Ниязовлар жавобгарлар Зулайҳо Тўрахонова, Гайбулла, Сайфулла, Ҳамидулла Ниязовлар ва Миробод туман 9-сонли давлат нотариал идорасига нисбатан қонун бўйича ворислик ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш, меросхўр деб топиш, меросдан улуш ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2018 йил 8 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар М. Ниязова ва Ш. Ниязовнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 13 апрелдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2018 йил 8 февралдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Бироқ тарафлар ўртасидаги низо барҳам топмаган, улар яна судга мурожаат қилишда давом этишган. Аниқроқ айтганда, даъвогарлар - Зулайҳо Тўрахонова, Гайбулла, Сайфулла, Санжар, Ҳамидулла Ниязовлар ҳамда Зулфия, Зилола Ниязовалар жавобгарлар Матлуба Ниязова ва бошқаларга нисбатан уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилаш, фойдаланишга ажратилган хоналарга киритиш ва у ердан кўчириш, уйдан фойдаланишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ва суд харажатларини ундириш тўғрисидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилганлар.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг 2020 йил 9 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар Зулайҳо Тўрахонова ва бошқаларнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.
Даъвогарлар Зулайҳо Тўрахонова ва бошқалар оила аъзолари билан биргаликда Тошкент шаҳри, Миробод тумани, 3-тор Сарбон кўчаси, 34-уйга киритилганлар.
Жавобгарлар Матлуба Ниязова ва бошқаларга уйдан фойдаланишда тўсқинлик қилмаслик мажбурияти юклатилган ва улардан жавобгарлар фойдасига даъво ариза киритишда тўланган давлат божи эвазига 446 000 сўм ундирилган.
Даъво талабининг уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилаш, уйдан кўчириш, суд харажатларини ундиришга оид қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинган.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси