РУСТАМ УСМАНОВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ ЮЗАСИДАН БАЁНОТ
2020 йил 17 декабрь VideoHUB | Узбекистан Telegram-каналида жойлаштирилган фуқаро Р. Усмановнинг видеомурожаати бўйича
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 1998 йил 19 октябрдаги ҳукмига кўра, Р. Усманов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1999 йил 8 февралдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, ҳаракатлари Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” бандидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 149-моддаси 2-қисмига, 209-моддаси 1-қисмидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 155-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 28-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда, 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган ва ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) 2-қисми билан Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) га асосан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
2017 йил 7 февраль куни жазо муддати тугаши билан жазони ижро этиш муассасидан озод қилинган.
Р. Усманов қилган видеомурожаатида, жиноят иши бўйича суд мажлиси баённомаси имзоланмаганлиги, унга охирги сўз берилмаганлиги, Олий судда шикоятлари ва унга оид иш кўриб чиқилмаётганлиги ҳақида важлар келтирган.
Р. Усманов жиноят иши бўйича суд мажлиси баённомаси имзоланмаганлиги ва унга охирги сўз берилмаганлиги ҳақидаги важлар асоссиз бўлиб, улар қуйидагилар билан рад этилади.
Илгари Р. Усмановга оид жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича кассация судлов ҳайъатида кўрилиб, 1999 йил
8 февралдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилган.
Иш кассация инстанциясида кўрилиши жараёнида суд мажлиси баённомаси имзоланмаганлиги ва Р. Усмановга охирги сўз берилмаганлиги ҳолатлари аниқланмаган.
Бундан ташқари, Р. Усмановга оид жиноят иши ҳужжатлари кўздан кечирилганида, унга қуйидаги ҳужжатлар қўшилганлиги маълум бўлди.
Жумладан, адвокат О. Азизбердиев 2003 йил 15 декабрь куни Р. Усмановга оид жиноят иш ҳужжатлари билан таниши учун жиноят ишлари бўйича Андижон илоят суди раиси номига ариза ва Р. Усмановни ҳимоя қилиши тўғрисидаги тегишли ордерини тақдим этганлиги учун унга жиноят иши ҳужатлари танишиш учун берилган.
Бироқ, адвокат О. Азизбердиев Р. Усмановга оид жиноят иш ҳужжатлари билан 2003 йил 15 декабрдан 18 декабрга қадар танишиш давомида жиноят ишининг 4-жилд, 244-варағидаги 1994-йил 12-сентябрдаги 135-сонли ишончнома варақаси ҳамда суд мажлиси баённомаси тикилган 17-жилд, 255-варағи йиртиб нобуд қилингани аниқлангани, ҳимоячи О. Азизбердиев эса иш билан танишиш учун яна қайтиб келишини билдирган бўлсада, судга келмасдан Тошкент шаҳрига кетиб юборгани ҳақида жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди ходимлари томонидан 2003 йил 18 декабрь куни далолатнома ва бошқа тегишли ҳужжатлар тузилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар Андижон вилоят прокуратураси юборилган бўлиб, Андижон вилоят прокуратурасининг Р. Усмоновга оид жиноят ишидан юқорида кўрсатилган ҳужжатлар йўқолганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши 2004 йил 30 декабрь куни Жиноят-процессуал кодексининг 364-моддаси (дастлабки терговни тўхтатиш асослари ва тартиби) 1-қисми 1-бандига асосан тўхтатилганлиги ҳақидаги маълумотнома иш ҳужжатларига қўшилган.
Жиноят-процессуал кодексининг 510-моддаси (ҳукм ва ажрим (қарор) устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар) да, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан ушбу Кодекснинг 498-моддаси (ҳукм ва ажрим устидан кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар) да кўрсатилган шахслар назорат тартибида шикоят беришлари мумкинлиги белгиланган.
Бироқ, судланган Р. Усманов ўзига нисбатан чиқарилган суд қарорларига нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 498, 510-моддаларида белгиланган тартибга риоя этган ҳолда, Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилмаган.
Р. Усманов Олий судга шикоят килган тақдирда унга оид иш назорат тартибида ўрганиб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати