December 2, 2020

БОШ ҚОМУСИМИЗ БИЛИМДОНЛАРИ

Навоий шаҳар 17-сонли умумий ўрта таълим мактабида Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси Акбар Ҳамидов томонидан яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги байрами муносабати билан ўқувчи ёшлар билан “Конституция билимдони” мавзусида сайёр учрашув ўтказилди.

Унда суд раиси А. Ҳамидов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ва унга киритилган сўнгги ўзгартиришлар тўғрисида тушунча берди.

Жумладан, Конституцияга Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-563-сонли қонуни билан Конституциянинг 117-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги, бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслиги ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўқувчи ёшларимиз қай даражада билишлари юзасидан савол-жавоб бўлиб ўтди ҳамда Бош Қомусимиз билимдонларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси китоби топширилди.

Х. Ниязов,

Кармана туманлараро иқтисодий суди

девонхона мудири