СУД ҚАРОРЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ЁКИ БЕКОР ҚИЛИШ УЧУН АСОСЛАР МАВЖУД ЭМАС
YouTube тармоғидаги “Pomuq24” каналида эълон қилинган фуқаро Ҳ. Абирашидовнинг видеомурожаати юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2018 йил 25 сентябрдаги ҳукмига кўра, Э. Абилов, А. Қурбонов, Б. Имомназаров Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми ва 137-моддаси (одам ўғирлаш) 3-қисми “б” банди билан айбсиз деб эътироф этилиб, оқланганлар. Уларга нисбатан жиноят ишининг бу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асосолар) 1-бандига асосан тугатилган.
Э. Абилов Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди, 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан тўққиз йил олти ой муддатга, Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) тартибида, жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг 2015 йил 15 июлдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
А. Қурбонов Жиноят кодексининг 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 104-моддаси 3-қисми “д” банди, 28-моддаси орқали 138-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Б. Имомназаров Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 104-моддаси 3-қисми “д” банди, 28-моддаси орқали 138-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Б. Маматқулов ва А. Искандаров Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми билан айбсиз деб эътироф этилиб, оқланганлар. Уларга нисбатан жиноят ишининг бу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.
Б. Маматкулов ва А. Искандаров Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 138-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Б. Маматкулов ва А. Искандаровларга Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида, уларнинг 2018 йил 21 январдан 2018 йил 25 сентябрга қадар дастлабки қамоқда сақланган саккиз ой саккиз кун муддатини тайинланган озодликни чеклаш жазосидан чегириб ташлаш йўли билан узил-кесил икки йил уч ой йигирма икки кун муддатга озодликни чеклаш жазоси ўташ учун қолдирилган.
Ш. Хужамкулов Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Ш. Хужамкуловга Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида, уни дастлабки қамоқда сақланган 1 кун муддатини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 3 кун муддатига тенглаштириб ва тайинланган жазодан чегириб ташлаш йўли билан узил-кесил иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил ўн бир ой йигирма етти кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жабрланувчининг қонуний вакили Ҳ. Абдирашидовга жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида судланувчиларга нисбатан асослантирувчи ҳужжатлар асосида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.
Ҳ. Абдирашидов томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанция судида 2018 йил 2 ноябрь куни кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган ва жабрланувчининг қонуний вакилининг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ҳ. Абдирашидов мазкур жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб Олий судга назорат тратибида берган шикояти жиноят материаллари билан бирга ўрганиб чиқилган.
2019 йил 23 июлдаги Олий суд судьяси С. Мамбеткадировнинг суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асосларо мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажрими билан Ҳ. Абдирашидовнинг назорат тартибида берган шикояти қаноатлантиришдан рад этилган.
2020 йил 31 январдаги 13-2222-19-рақамли хат жавоби билан Ҳ. Абдирашидовга ушбу жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб ёзган шикояти ўрганиб чиқилиб, суд содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, қонун доирасида жазо тайинланганлиги сабабли унинг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати