February 10, 2020

ҲАМКОРЛИКДАГИ ТАДБИР

Қашқадарё вилоят Косон тумани иқтисодий суди, адлия бўлими билан ҳамкорликда халқ орасидаги долзарб муаммолар ҳамда мавзуга доир қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари, бартараф этиш усул ва йўллари хусусида тегишли идора ва ташкилот вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича Муборак тумани суди, Косон туманлараро иқтисодий ва фуқаролик судлари, туман ҳокимлиги, адлия, солиқ ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида Муборак туманида ташкил этилган давра суҳбатида аҳоли ўртасида солиқ  ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш маданиятини ошириш, бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсад қилиб олинди.

Тадбирда Янги таҳрирдаги солиқ кодекси ва бошқа соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида, шунингдек, қонун ҳужжатларини тегишли давлат идора ва ташкилотларига ҳамда аҳолига ўз вақтида етказилиш амалиёти ҳамда солиқ ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлаш маданиятини ошириш, соҳага доир қонунчилик билан доимий таништириб бориш мақсадида хонадонма-хонадон юрилиб  олиб борилаётган тарғибот тадбирлари  ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, республикамизда амалиётга жорий этилган ҳамда 2020 йилдан тадбиқ этиладиган солиқ ва коммунал тўловларга оид ўзгариш ва янгиликлар хусусида маълумот берилди.

Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши бўйича аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, оқибатлари, кўриладиган чоралар юзасидан батафсил тушунтириб ўтилди.

Тадбир давомида соҳага оид муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

Бу каби тегишли идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида долзарб бўлган муаммолар юзасидан ўтказиладиган тадбирлар жамиятда барча соҳадаги  муносабатларнинг жадаллашувига, муаммо ва камчиликларни бартараф этилишига замин яратади.

 Косон туманлараро иқтисодий суди