October 22, 2020

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ЎЗГАРИШСИЗ ҚОЛДИРИЛГАН

YouTube тармоғида А. Буркутбаев ва бошқаларга оид фуқаролик иши бўйича эълон қилинган видеолавҳа юзасидан маълумот

Аниқланишича, даъвогар - Бекобод туман ҳокимлиги жавобгар - Анарбай Буркутбаевга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, А. Буркутбаев томонидан "Тақачи" маҳалласи ҳудудида ноқонуний равишда қурилган 240 кв. метрли уй-жой бино иншоотларини ўз ҳисобидан буздиришни, ноқонуний қурилиш оқибатида эгаллаб олинган 0,08 гектар ер майдони Бекобод туман захира ер ҳисобига қайтаришни, А. Буркутбаев ҳисобидан Бекобод туман ҳокимлиги ҳисобига почта харажатларини ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судининг 2020 йил 22 июнь кунидаги ҳал қилув қарорига асосан Бекобод туман ҳокимлигининг А. Буркутбаевга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган иморатни буздириш ва ер майдонини қайтариш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.

Бекобод туманидаги "Тақачи" маҳалласида қуриб битказилган 240 кв. метрли бино иншоотлар А. Буркутбаев ҳисобидан буздирилиши ҳамда ноқонуний қурилиш оқибатида А. Буркутбаев томонидан эгаллаб олинган 0,08 гектар ер майдони Бекобод туман захира ер ҳисобига қайтарилган.

А. Буркутбаевдан давлат фойдасига 446 000 сўм давлат божи ундирилган.

А. Буркутбаевдан Бекобод туман ҳокимлиги фойдасига судга даъво ариза билан мурожаат қилишда тўланган 15 700 сўм почта харажати ундирилган.

Суднинг ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан А. Буркутбаев кассация тартибида шикоят келтириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини рад этиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси 2020 йил 14 октябрь куни тарафларнинг тушунтириши, прокурорнинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида берган фикрини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида таҳлил қилиб, шу кунги ажрим билан фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судининг 2020 йил 22 июнь кунидаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Судда аниқланишича, А. Буркутбаев томонидан Бекобод туманидаги “Тақачи” маҳалласи ҳудудида жойлашган 0,08 гектар ер майдони эгалланиб, ушбу эгалланган ер майдонига 240 кв. метрли уй-жой бино иншоотлари қурилган.

Бу ҳолат Бекобод туман ҳокимлигининг ноқонуний қурилмаларни олдини олиш бўйича доимий ишловчи комиссия аъзоларининг далолатномасига асосан аниқланган.

Шу сабабли, даъвогар судга мурожаат қилиб, мазкур ноқонуний қурилмаларни жавобгарнинг ҳисобидан буздириш ва ер майдонини қайтаришни сўраган.

Бекобод тумани Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри филиалининг 2020 йил 6 мартдаги 1-291-сонли маълумотномасига асосан фуқаро А. Буркутбаев томонидан Бекобод туманидаги “Тақачи” маҳалласида қурилган уй-жойга кадастр ҳужжати расмийлаштирилмаган, унинг юридик ҳужжати мавжуд эмас, ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги маълум қилинган.

Бекобод туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 2020 йил 6 мартдаги 2-154-сонли маълумотномасида Бекобод тумани Деҳқонобод фермерлар уюшмаси қишлоқ хўжалик харитаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ДИЛИ "Ўздаверлойиҳа", "Геоинформкадастр" ДУК томонидан 2008 йилда тасдиқланганлигини, "Ўздаверлойиҳа" институти Жиззах бўлинмаси томонидан 2012 йил ўтказилган йўқламага асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган суғориладиган ер майдони ҳисобида турган Тақачи маҳалласи ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 259-контурида жойлашган ер майдонидан “Тақачи” маҳалласида яшовчи А. Буркутбаев томонидан қурилган турар жой бино-иншоотлари қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган суғориладиган ер майдони ҳисобида турганлиги маълум қилинган.

Бекобод туманидаги “Тақачи” МФЙнинг 2020 йил 3 мартдаги далолатномасида "Тақачи" МФЙда А. Буркутбаев низоли ер майдонини қонунга зид равишда эгаллаб олганлиги, 0,08 гектар ер майдонидан ўзбошимчалик билан уй-жой бино иншооти қуриб битказилганлиги, уй-жой бино ва иншоотларга қонуний ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Бекобод шаҳар архивида 269-рақам билан қайд этилган 22 варақдан иборат ҳужжатларнинг иловасида Бекобод туман ҳокимининг 2005 йил 8 июнь кунидаги қарорига асосан А. Буркутбаевга ер майдони ажратиб берилмаганлиги қайд этилган.

Бундан ташқари вилоят судининг апелляция ва кассация инстанцияларида даъвогар Бекобод туман ҳокимлигининг жавобгарлар Бекобод туманидаги “Тақачи” МФЙда яшовчи А. Мамадалиев, Х. Бердиев, А. Джумаев, С. Қаршиева, М. Байматов ва И. Муҳиддиновларга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бузиш ҳақида даъво аризалар кўрилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундан кўринадики, А. Буркутбаев, А. Мамадалиев, Х. Бердиев, А. Джумаев, С. Қаршиева, М. Байматов, И. Муҳиддинов томонидан ер майдонини ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилишлар қилганлиги, уларнинг ижтимоий тармоқларда судларга нисбатан келтирган барча важлари асоссиз эканлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати