December 9, 2020

Қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 2-3 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилган:

- “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;

- “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларга доир суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги;

- “Суд ҳужжатларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;

- “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши ҳамда маъмурий судлар тизимини оптималлаштириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги;

- “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари Қонунчилик палатаси фракцияларида, ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Фракциялар муҳокамаларида Олий суд раисининг ўринбосарлари, судьялари ва мутахассислари иштирок этишди. Олий суд раисининг ўринбосарлари қонун лойиҳаларининг концепцияси, мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилишди. Муҳокамалар қонун лойиҳалари юзасидан қизғин савол-жавоблар тарзида ўтди.

Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида юқоридаги қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, зарурияти ва амалий аҳамияти хусусида Олий суд раиси К.Камилов маъруза қилди.

Қонун лойиҳаларида суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олиб, ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий қилиш, суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олишга, суднинг чинакам мустақиллигини, тарафларнинг судда тортишувчанлик ва тенглиги тамойилини тўлиқ таъминлашга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга оид нормалар ўз аксини топганлиги қайд этилди.

Қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши одил судлов самарадорлигини оширишга, шахсларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқарор рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилиши таъкидланди.