ФУҚАРОЛИК ИШИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА КЎРИЛАДИ
Ижтимоий тармоқларда Денов тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Насиба Нарбоеванинг ишга тиклаш масаласи бўйича тарқалган билдириш ва мурожаатлар юзасидан маълумот
Даъвогар Н. Нарбоеванинг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасига нисбатан “Буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳақида”ги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2020 йил 23 сентябрь кунида мазмунан кўриб чиқилиб, шу кунги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.
Унга кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг 2020 йил 5 июнь кунидаги 66-шт-сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилган ва бекор қилинган.
Н. Нарбоева Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси Денов туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси (вақтинча бажарувчи) лавозимига 2020 йил 5 июнь кунидан бошлаб ишга тикланган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасидан даъвогар Н. Нарбоеванинг фойдасига 1 120 000 сўм иш ҳақи, 1 120 000 сўм маънавий зарар ва 15 610 сўм суд харажати - жами 2 255 610 сўм ундирилган, ҳамда давлат фойдасига 1 115 000 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Суднинг ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан апелляция тартибида шикоят берилган.
Ҳозирда мазкур фуқаролик иши юзасидан берилган апелляция тартибидаги шикоят фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, ишни кўриш 2020 йил 20 октябрь кунига тайинланганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати