November 25, 2020

ҲУҚУҚБУЗАРЛАР МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНГАН

YouTube тармоғидаги эълон қилинган Т. Астанов ва бошқаларнинг видеомурожаати юзасидан маълумот

2020 йил 12 ноябрь куни Чиноз туман маъмурий суди томонидан Чиноз тумани 14-сонли мусиқа мактаб биносида, очиқ сайёр суд мажлисида адвокат А. Сайдалиев иштирокида Ўзбекистон Республикаси МЖтК 200-моддаси (ўзбошимчалик) билан М. Юсупова, С. Эргашова, М. Ибрагимова, Д. Гайназарова, Х. Суннатова, М. Хўжақулова ҳамда Г. Дадабоевага оид маъмурий иш кўриб чиқилган.

2020 йил 5 октябрь куни “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари М. Усмонова, “Хўжа” маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Д. Собирова ҳамда Чиноз туманидаги расмий отинойилари Л. Иминова, М. Бекзатова ва К. Ахмедова Чиноз туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан қилган мурожаатига кўра суриштирув ўтказилиб, Чиноз тумани ҳудудида М. Юсупова, С. Эргашова, М. Ибрагимова, Д. Гайназарова, Х. Суннатова, М. Хўжақулова ҳамда Г. Дадабоева ўзини расмий отинойи деб таништириб, диний маросимларда норасмий равишда қатнашиб келишаётганлиги, диний турмуш тарзи ва аёлларни ҳижоб либосида юришга даъват қилиб, норасмий фаолият юритаётганлиги отинойилар хати ҳаракатларидан норози бўлишганлиги юзасидан М. Юсупова, С. Эргашова, М. Ибрагимова, Д. Гайназарова, Х. Суннатова, М. Хўжақулова ва Г. Дадабоевага нисбатан 2020 йил 23 октябрь куни МЖтК 200-моддаси билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган отинойиларга махсус лицензиялар бериш тартиби (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 16 октябрда 978-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) белгиланган бўлиб, мазкур тартиб билан отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни бериш белгиланган.

Отинойи — ҳаёт тажрибасига эга бўлган, диний ва дунёвий билимларни биладиган, миллий урф-одатларни ханафия мазҳабига мувофиқ тушунадиган, ўз жамоаси орасида обрў-эътиборга эга бўлган оқила аёл тушунчасини билдиради.

Тартибга кўра отинойилар:

- жойларда тўй ва маракаларни тартибли равишда ўтказиш, ўзининг маслаҳати ва иштироки билан ханафия мазҳабига мувофиқ равишда диний ва миллий урф-одатларни бажаради;

- Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган барча фатволарни жойларга етказишда яқиндан кўмак беради;

- миллий урф-одатларимиздан ҳамда оилаларнинг иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, жойларда тўй ва маракаларни ихчам, кам харж ва рисоладагидек ўтказишда оилаларга яқиндан маслаҳат беради;

- диний экстремизм ва ақидапарастлик ғояларининг ислом динига мутлақо зид эканлигини тушунтириш йўли билан хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан бериладиган “Отинойилик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи” гувоҳнома намунасида қайд этилган Йўриқномада мазкур гувоҳнома аёллар орасида оммалашган диний-маърифий тадбирларни ҳудудий имом-хатиблар тавсиялари билан ўтказиш ҳуқуқини берилиши белгиланган.

М. Юсупова ва бошқалар Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан бериладиган “Отинойилик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи” гувоҳнома олмасдан туриб отинойилик фаолиятини амалга оширганлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖтК 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, уларга нисбатан МЖтКнинг 21-моддаси (ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) қўлланилиб, маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилган ҳамда маъмурий ишни юритиш тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати