October 29, 2020

А. НУРАЛИЕВ, А. МАМАЖОНОВ, Н. САФАРОВА ВА Л. ПАКНИНГ ЖИНОЯТ ИШИГА ОИД

Facebookижтимоий тармоғида фойдаланувчи YaxshibekYuvoshev ва YouTube тармоғида фойдаланувчи NigoraBekmurodovaтомонидан жойлаштирилган бир қатор видеомурожаатлар ҳамда видеолавҳалар юзасидан маълумот

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 11 сентябрдаги ҳукмига кўра, А. Нуралиевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, А. Мамажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Н. Сафаровага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 57 (енгилроқ жазо тайинлаш), 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 8-қисмига асосан 5 йил озодликни чеклаш жазоси, Л. Пакга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, судланувчилардан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган.

Ушбу ҳукмга нисбатан судланувчилар А. Нуралиев ва А. Мамажоновлар томонидан апелляция тартибида шикоят келтирилган бўлиб, унда айблари йўқлиги, жиноят содир этишмаганлиги, гувоҳлар нотўғри кўрсатмалар беришганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаришлик сўралган.

Шунингдек, мазкур ҳукм устидан норози бўлиб, бир неча жабрланувчилар жиноят оқибатида етказилган моддий зарар суммалари ундирилиб берилмаганлиги, судланувчи А. Нуралиев ва А. Мамажоновларга нисбатан енгил жазо тайинланганлиги, Н. Сафарова ва Л. Паклар муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишсада, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо тайинланганлиги сабабли уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлашни сўраб, апелляция тартибида шикоятлар келтиришган.

Ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 11 сентябрдаги ҳукмига нисбатан келтирилган апелляция шикоятлари жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг апелляция инстанциясида кўрилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу жиноят иши доирасида жабрланувчи сифатида ўтаётган шахслар ўз важларини ижтимоий тармоқларда эмас, балки қонунга итоат этган ҳолда суд мажлислари давомида келтиришлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати