September 14, 2020

Р. САПАРНИЯЗОВНИНГ ИШИГА ОИД

“Адолат кўзгуси” газетасининг 2020 йил 10 сентябрдаги 29-сонида чоп этилган “Қуруқ туҳмат туфайли етти йил қамоқда ўтирдим...” сарлавҳали мурожаати юзасидан маълумот

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2006 йил 2 ноябрдаги хукмига кўра Рустам Сапарниязов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” банди, 165-моддаси (товламачилик) 2-кисми “а” банди ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан махрум қилиш жазосига судланган.

Суд томонидан Р. Сапарниязовнниг айби жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда жиноий иш бўйича олинган ашёвий далиллар ва иш бўйича тўпланган бошқа материаллар билан тасдиқланган.

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2006 йил 2 ноябрдаги ҳукми устидан судланувчи Р. Сапарниязов келтирган шикоятга асосан иш жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди кассация инстанциясида кўрилиб, 2007 йил 19 сентябрь кунги ажрими билан суд хукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Р. Сапарниязов ушбу суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилган.

Унинг шикояти Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 510-2-моддаси (назорат тартибида берилган шикоятларни кўриб чиқмасдан қайтариш) га асосан кўриб чиқилмасдан қайтарилган бўлиб, бу бўйича Р. Сапарниязовга 2020 йил 28 июлдаги 9670-рақамли жавоб хати юборилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати