YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Р. Шаудырбаев видеомурожаати юзасидан
Даъвогар Р. Шаудырбаев жавобгар «UzKorGazChemical» МЧЖга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, юк ташувчи вазифасига ишга тиклашни ва мажбурий бўш юрган кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2017 йил 27 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Р. Шаудырбаевнинг даъво талаблари рад қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 2 майдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суднинг 2019 йил 11 апрелдаги ажрими билан суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топилган.
Иш ҳужжатларига қараганда, даъвогар Р. Шаудырбаев 2015 йил 28 декабрдан эътиборан «UzKorGazChemical» МЧЖда юк ташувчи вазифасида ишлаб келган.
2016 йил 15 июнда Р. Шаудырбаев тунги сменадаги иш вақтида ўз меҳнат вазифаларини бажармасдан иш жойида ухлаб қолган. Ушбу ҳолат цех бошлиғи томонидан аниқланиб, бу ҳақда жамият ходимлари томонидан тегишли тартибда далолатнома тузилган ва даъвогардан тушунтириш хати олинган.
Шунга кўра, «UzKorGazChemical» МЧЖ раҳбари даъвогар Р. Шаудырбаев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласини кўриб чиқишни сўраб, мазкур жамиятнинг касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома киритган. Ушбу тақдимнома 2016 йил 30 июнда касаба уюшмаси қўмитасида кўриб чиқилиб, Р. Шаудырбаев билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга розилик берилган.
2016 йил 30 июндаги «UzKorGazChemical» МЧЖнинг 287к-сонли буйруғига кўра Р. Шаудырбаев билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддасининг 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилинган.
Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра, ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишнинг асосли эканлигини билдиради.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати ички меҳнат тартиби қоидалари, корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.
«UzKorGazChemical» МЧЖ ички меҳнат тартиби қоидаларининг 2.30-бандида эса ходимнинг иш жойида ухлаши ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланиши қайд этилган.
Судлар қайд этилган қонун талаблари ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво талабларини рад қилиш ҳақидаги хулосага келган.
Р. Шаудырбаев ўз видеомурожаатида суд қарорларидан норози бўлиб, турли ташкилотларга мурожаат этганлигини келтириб ўтган.
2017 йил 1 апрелгача амалда бўлган Фуқаролик процессуал кодекси 350-моддасининг 4-қисмига кўра, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган аризалар кўрилмайди.
Мазкур моддага асосан ушбу муддат ўтиб кетганлиги боис Р. Шаудырбаевнинг аризалари кўрмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси