October 6, 2020

Р. ЭШЧАНОВНИНГ ИШИГА ОИД

YouTube тармоғидаги XorazmOnlineканалида жойлаштирилган видеолавҳа юзасидан маълумот

Фуқаро Р. Эшчанов судга ариза билан мурожаат қилиб, унда Урганч туман ҳокимининг 2019 йил 20 августдаги 5018қ-сонли, 2016 йил 4 январдаги 59қ-сонли ва 2016 йил 26 апрелдаги 703қ-сонли қарорларини ҳамда қарорлар асосида берилган кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Урганч туман маъмурий судининг 2019 йил 2 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Р. Эшчановнинг аризаси қисман қаноатлантирилиб, Урганч туман ҳокимининг 2016 йил 4 январдаги 59қ-сонли қарори, 2016 йил 26 апрелдаги 703қ-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, аризачининг жавобгарлар Урганч туман ҳокимлиги, Урганч туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизматига нисбатан туман ҳокимининг 2019 йил 20 августдаги 5018қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаблари рад қилинган.

Ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Р. Эшчанов апелляция тартибида шикоят келтириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризасини тўлиқ қаноатлантиришни сўраган.

Иш Р. Эшчанов томонидан берилган шикоят асосида Хоразм вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясида 2020 йил 17 январда кўрилиб, биринчи инстансия судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, аризачи Р. Эшчановнинг жавобгарлар Урганч туман ҳокимлиги, Урганч туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати, Рахимов Хушнуд, “Urganch Мusaffo suv” хусусий корхонасига нисбатан туман ҳокимининг 2016 йил 4 январдаги 59қ-сонли қарори ва 2016 йил 26 апрелдаги 703қ-сонли қарорини ва кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаби қаноатлантиришдан рад қилинган ҳамда Урганч туман ҳокимининг 2019 йил 20 августдаги 5018қ-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Иш ҳужжатларига қараганда, Урганч туман ҳокимининг 2008 йил 13 июндаги 344-сонли қарорига асосан фуқаро У. Якубовга Урганч туман маркази ҳудудидан гузар қурилиши учун жами 352 кв. метрдан иборат фойдаланмасдан ётган ер майдони ажратиб берилган. Ажратилган ер майдонида У. Якубов қурилиш ишлари бажарган ҳамда мулк ҳуқуқи кадастр рўйҳатидан ўтказилган.

Урганч туман 1-сон давлат нотариал идорасида 2009 йил 20 апрель куни реестрга 1-343-рақам билан қайд қилинган олди-сотди шартномасига асосан У. Якубов ўзига тегишли қурилиши тугалланмаган гузар биносининг 190 кв. метрдан иборат қисмини Р. Эшчановга сотган ва бинонинг бир қисми Р. Эшчанов номига кадастр рўйҳатидан ўтказилган.

Р. Эшчанов ҳам, У. Якубов ҳам ўзларига тегишли бинонинг олд томонида қўшимча қурилиш ишларини бажарганлар.

Урганч туман ҳокимининг 2018 йил 18 июндаги 1741қ-сонли қарори билан Урганч тумани “Қоровул” қишлоғи Мустақиллик кўчаси ҳудудида жойлашган фуқаро У. Якубовга тегишли гузар биносини кенгайтириб жами 120,15 кв. метр ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиб, қурилишга рухсат берилган.

Шунингдек, Урганч туман ҳокимининг 2018 йил 18 июндаги 1742қ-сонли қарори билан Урганч тумани “Қоровул” қишлоғи Мустақиллик кўчаси ҳудудида жойлашган фуқаро Р. Эшчановга тегишли гузар биносини кенгайтириб жами 148 кв. метр ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиб, қурилишга рухсат берилган.

Урганч туман архитектура ва қурилиш бўлими 2019 йил 14 августда туман ҳокими номига 1194-сонли хат йўллаб, фуқаро У. Якубов ва Р. Эшчанов томонидан бажарилган қўшимча қурилишлар шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда қурилганлиги сабабли қўшимча қурилишга рухсат бериш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш сўралган.

Урганч туман ҳокимининг 2019 йил 20 августдаги 5018қ-сонли қарори билан туман ҳокимининг қўшимча қурилишга рухсат бериш ҳақидаги 2018 йил 18 июндаги 1741қ ва 1742қ-сонли қарорлари бекор қилинган.

Бироқ, Р. Эшчанов ва У. Якубов Урганч туман ҳокимининг 2018 йил 18 июндаги 1741қ ва 1742қ-сонли қарорларига асосан қўшимча қурилиш ишларини олиб боришган.

Эндиликда, қўшимча қурилишлар шаҳарсозлик норма қоидаларига зид деб ҳисобланиши асосли ҳисобланмайди.

Ушбу ҳолатлар биринчи инстанция суди томонидан атрофлича ўрганилмасдан барвақт хулосага келинган.

Шунга кўра, апелляция инстанция суди ҳал қилув қарорининг аризачи Р. Эшчановнинг жавобгарлар Урганч туман ҳокимлиги, Урганч туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизматига нисбатан туман ҳокимининг 2019 йил 20 августдаги 5018қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни лозим топган.

Шунингдек, Урганч туман ҳокимининг 2005 йил 15 октябрдаги 565/1-сонли қарорига асосан фуқаро Х. Раҳимовга хусусий маиший хизмат йўналиши бўйича гўзаллик салони қуриш учун 0,066 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланмаётган ер майдони туман заҳира фондидан ажратиб берилиши, туман меъморчилик бўлими ва туман ер ресурслари хизматига ер майдонини натурада жойида аниқлаб ажратиб бериш вазифаси топширилган.

Бироқ, ер участкаси туман ҳокимининг қарори қабул қилингунга қадар ўлчанмаган, чегаралари белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 32-моддаси талабига асосан, ер участкасининг чегараларини жойнинг ўзида ва хариталарда дастлабки тарзда белгилаш ажратиб бериш учун ер участкаси танланган вақтда уни бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар амалга оширилади.

Кейинчалик, 2016 йил 18 январь куни ер участкасини чегараларини аниқлаш ва келишиш далолатномасига асосан туман ҳокимининг қарори бўйича ер участкасининг умумий майдони 0,066 гектарни ташкил қилган бўлсада, амалда 0,0284 гектар, фойдали майдони 463,10 кв. метрдан иборат эканлиги белгиланиб, умумий ер майдони аниқланмаган.

Шундай бўлсада, Урганч туман ҳокимининг 2016 йил 4 январдаги 59қ-сонли қарорига кўра Урганч тумани маркази Мустақиллик кўчаси ҳудудида жойлашган Х. Раҳимовга тегишли қурилиш ости майдони 284,96 кв. метр фойдали майдони 463,10 кв. метр бўлган қурилиши тугалланмаган гўзаллик салони биносини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси тасдиқланган.

Урганч туман 1-сон давлат нотариал идорасида 2018 йил 17 октябрь куни реестрга 1-3946-рақам билан қайд қилинган ҳадя шартномасига асосан Х. Раҳимов ўзига тегишли гўзаллик салони биносини қизи С. Раҳимовага ҳадя қилган.

Урганч туман ҳокимининг 2019 йил 26 февралдаги 1521қ-сонли қарорига асосан ушбу гўзаллик салони биносининг бир қисми, яъни 155 кв. метрдан иборат қисми С. Раҳимова номига нотурар жойдан турар жой тоифасига ўтказилган ва давлат рўйхатига олинган.

Шу билан бирга, Урганч туман ҳокимининг 2005 йил 3 майдаги 351-сонли қарори билан фуқаро Р. Юсуповга гузар биноси қуриш учун 0,1012 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони ажратиб берилиши кўрсатилган.

Урганч туман ҳокимининг 2016 йил 3 февралдаги 184қ-сонли қарорига асосан Урганч туман маркази Мустақиллик кўчаси ҳудудида жойлашган фуқаро Р. Юсуповга тегишли фойдали майдони 1612,67 кв. метр бўлган қурилиши тугалланган бино фойдаланишга қабул қилинган.

Урганч туман ҳокимининг 2016 йил 26 апрелдаги 703қ-сонли қарорига кўра, Урганч тумани маркази Мустақиллик кўчаси ҳудудида жойлашган “Urganch Мusaffo suv” хусусий корхонасига 1012,0 кв. метр ер майдони доимий фойдаланиш учун беркитиб берилган ва бино иншоотларига эглик ҳуқуқи белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, ҳар иккала тадбиркор ушбу ер майдонларида қурилган бино иншоотлардан фойдаланиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқдалар ҳамда аризачи Р. Эшчановнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати