June 16, 2020

Ёш оила нега барбод бўлди?

Маълумки, Бош қомусимизнинг 63-моддасига асосан оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланиб қўйилган. Никоҳ эса томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши ҳам қайд қилинган.

Бундан кўринадики, мамлакатимизда оила институти алоҳида эътиборда бўлиб, буни сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам билиб олиш мумкин. Никоҳ ёшининг ўзгартирилиши ёки оила масалалари билан шуғулланадиган алоҳида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги”нинг ташкил этилиши, “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурининг ҳаётга жорий этилиши бунга яққол мисол бўла олади.

Гуруч курмаксиз бўлмагани, каби инсонлар ҳам ҳар хил бўлади. Жумладан, даъвогар (тарафларнинг исми ҳамда саналар ўзгартирилган) Алихан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилиб, унда жавобгар Ойжамол  билан 2017 йилда қонуний никоҳдан ўтганлигини, биргаликдаги турмушидан фарзанди йўқлигини, жавобгар билан оилавий муносабатлари батамом тугаганини, жавобгарни кечира олмаслигини, келгусида жавобгар билан ярашиб, оилани тиклашни ҳеч қандай имкони йўқлигини билдириб, никоҳдан ажратишни сўраган.

Бу ҳолатда, оилани барбод бўлишига асосий сабаб тарафлар ўртасида фарзанд йўқлиги, деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, аслида ундай эмас. Буёғини эшитинг.

Орзуларнинг ушалиши

Даъвогар Алиханнинг онаси ўғлини уйлантириш мақсадида Нуржамолнинг уйига яхши умидлар билан совчиликка боради. Она уйига келин эмас, балки қиз олиб келиш мақсадида борганди. Иккала оиланинг розилиги асосида тўй куни белгиланди. 2017 йилнинг ёз ойларида дабдабали тўй бўлиб ўтди. Икки ёш бахтли ҳаёт остонасига қадам ташлашди...

Саробга айланган орзулар...

Ойжамол қонуний никоҳдан ўтмасдан илгари Ш. исмли йигит билан севишиб, у билан яқин муносабатда бўлган. Ойжамолнинг бошқа йигит билан севишиб юрганлигини оила аъзолари ва ҳатто бўлажак турмуш ўртоғи ҳам билмаган. Алихан билан турмуш қурган вақтда Нуржамол Ш. исмли йигитдан хомиладор бўлган. Орадан бир неча ой ўтгандан сўнг Ойжамол фарзандли бўлади. Қизиғи она фарзандини келинлик уйи хожатхонасида дунёга келтириб, норасида гўдакни хожатхона канализациясига ташлаб юборади ва ҳеч нима бўлмагандай ҳаётини давом эттиради. Халқимизда шундай ҳикматли сўз бор: “Ёлғон узоқ яшамайди ёки касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”.

Жиноятга жазо муқаррар

Ойжамол сирларини узоқ бекита олмади. Сири фош бўлган келинчак жавобгарликка тортилди. Жиноят ишлари бўйича туман суди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 99-моддасини қўллаб, унга нисбатан тегишли жазо тайинлади.

Сўнгги пушаймон...

Даъвогар Алихан судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилганидан сўнг, суд тарафларнинг фикри ва ишдаги ҳужжатларини ўрганиб, оиланинг тиклаш ва яраштириш мақсадида муҳлат бериб, тегишли суднинг ажримини иккала тарафларнинг яшаш ҳудуди бўйича яраштириш комиссияларига ва Оила маркази юборди.

Юқоридаги холатларга қарамасдан суд уларнинг оиласини тиклаш чорасини кўрган. Яраштириш комиссияси ва оила маркази вакилининг судда оилани тиклашнинг имконияти йўқлиги ҳақидаги хулосаларини инобатга олган ҳолда туманлараро суднинг 2019 йилдаги ҳал қилув қарори билан тарафлар никоҳдан ажратилган.

Хулоса ўрнида айтганда, Ойжамол бўлиб ўтган воқеалар оиласининг барбод бўлишига сабаб бўлганлигини, ёлғонлар устида қурилган никоҳ асосида яшаб бўлмаслигини тушуниб етган бўлса не ажаб?!

Фозилжон Субҳонов,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди бўлим бошлиғи