October 12, 2020

Н. МУСТАФАЕВНИНГ ИШИГА ОИД

“Адолат кўзгуси” газетасининг 2020 йил 8 октябрдаги сонида «Эркин минбар» рукнида чоп этилган “Қонунларимиз фақат қоғоздами? Ёхуд 29 йиллик “аччиқ ҳақиқат” сарлавҳали мурожаати юзасидан

Фуқаро Н. Мустафаев ушбу мақолада фарзандига уй-жой ёки томорқа ери берилмагани, суд низоли иморатларни буздириш ҳақида тўхтамга келгани ва суд фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдирган.

Аслида ҳолат қуйидагича бўлган:

Аниқланишича, Н. Мустафаевнинг ўғли Ў. Мустафоев Олот туман “Қиртай” МФЙ, “Бухоро” массивининг 136-контурида жами 2.302 кв. м ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, 140 кв. м да ноқонуний равишда қурилма қурган ва мазкур қурилма давлат рўйхатидан ўтмаган.

Олот тумани Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг маълумотномасига кўра, Ў. Мустафоевнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер майдони “Бухоро” массивининг 136-контурида жойлашган бўлиб, Олот туман ҳокимининг 2014 йил 26 февралдаги 135-сонли қарорига асосан “Самойиддин” фермер хўжалигига пахта ва ғалла етиштириш учун Олот туман “Баҳористон” ҚФЙ ҳудудининг 136-контури ажратиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига биноан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-ҳаражатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанцияси юқоридаги ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, жавобгар Ў. Мустафоев Олот туман “Қиртай” МФЙ, “Бухоро” массивининг 136-контурида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ва қурилиш учун зарур рухсатнома олмасдан, экин ер майдонидан жами 2.302 кв. м ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, 140 кв. м да қисмида уй-жой қурганини, жавобгарга ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг ер майдони белгиланган тартибда ажратиб берилмагани ва давлат рўйхатидан ўтказилмаганини инобатга олиб, биринчи босқич суди даъвони қаноатлантириш тўғрисида қонуний ва асосли хулосага келгани сабабли фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг 2020 йил 4 мартдаги ҳал қилув қарорини тўлдириш йўли билан ўзгаришсиз қолдирган.

Бундан кўринадики, Ў. Мустафоев ҳеч қандай ваколатли органларнинг айнан ушбу ерни ажратиш ва қуриш ишларига рухсат берувчи ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, фермер хўжалигига пахта ва ғалла хосилини етиштириш учун ажратилган экин ер майдонини 2.302 кв. м қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилма қурган ҳамда экин ер майдонини яроқсиз ҳолга келтирган.

Шунингдек, судлов ҳайъати томонидан жавобгар Ў. Мустафоевга Олот туман ҳокимлигига нисбатан Халқ депутатлари Баҳористон қишлоқ Шўроси ижроия қўмитасининг 1993 йил 30 январдаги қарори ва ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиш натижалари бўйича тузилган 2018 йил 24 сентябрдаги далолатномаси асосида Олот туман маъмурий судига шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати