December 1, 2020

“AVTO-IDEAL-XIZMATI” МЧЖ: СУД ЖАРАЁНИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

YouTube тармоғидаги видеолавҳа юзасидан маълумот

Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида судланувчилар У. Нуриддинов (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, “Avto-Ideal-Xizmati” МЧЖ тасисчиси), Қ. Рихсиев (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, “Avto-Ideal-Xizmati” МЧЖ тасисчиси) ва С. Усмонова (1984 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бўлиб ўтмоқда.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Аниқланишича, У. Нуриддинов ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида уюшган гуруҳ тузиб, уюшган гуруҳ аъзолигига Қ. Рихсиев, С. Усмонова ва бошқаларни жалб қилиб, уюшган гуруҳ аъзолари ўртасида жиноий ҳаракатлардаги ролларни тақсимлаб бериб, уюшган ҳолда фуқароларни жуда кўп миқдордаги пул маблағларини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида ҳаракатланиб келиб, 70 иш кунидан 90 иш кунигача турли русумдаги транспорт воситаларини етказиб беришни, бунинг эвазига фуқаролар транспорт воситаси тан нархини 15 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисмини бошланғич тўлов сифатида тўлаб бериши лозимлигини, келгусида транспорт воситасини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар мижоз томонидан амалга оширилишини, транспорт воситасининг умумий қийматига 5 фоиз устама ҳаққи ҳисобланган ҳолда 60 га бўлиб, беш йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш йўли билан берилишини ва ушбу муддат мобайнида транспорт воситаси мижоз номига расмийлаштирилиб, тақиққа қўйилишини маълум қилиб, жами 1 365 та фуқародан 34 703 230 100 сўм миқдоридаги пул маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборган.

Ушбу жиноят иши суднинг иш юритувига 2020 йил 10 ноябрда келиб тушган бўлиб, жиноят ишини кўриш 20 ноябрь куни соат 10-00 га тайинланган.

Бироқ судланувчи У. Нуридинов 7 ноябрь куни ИИВ ЖИЭББ УЯ 64/ТҲ-1 муассасасидан ИИВ ЖИЭББ 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонага юборилганлиги сабабли суд мажлисига олиб келинмаган ва суд мажлиси 25 ноябрь кунига қолдирилган.

25 ноябрь куни суд мажлиси давом эттирилиб, унда 3 судланувчи ва 20 та жабрланувчи сўроқ қилинган.

Сўнг суд мажлиси 27 ноябрь кунига қолдирилиб, унда 48 нафар жабрланувчи сўроқ қилинди.

Суднинг навбатдаги мажлиси 2 декабрь куни соат 10-00 га белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати