February 26, 2021

YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро О. Бахтиёровнинг видеомурожаати юзасидан

2021 йил 8 февраль куни жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судининг очиқ суд мажлисида Ж. Жуманиёзов раислигида судланувчи И. Б. ва унинг химоячиси, адвокат Ш. Курбанов, жами 12 нафар фуқаровий даъвогар ва уларнинг вакили Г. Саидмуратовалар иштирокида жиноят иши кўриб чиқилган.

Ушбу жиноят иши 2020 йил 18 майда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Ҳазорасп тумани бўлими томонидан И. Б. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган.

Жиноят иши 2020 йил 23 ноябрда туман судида рўйхатга олинган ва ишни мазмунан кўриш 2020 йил 10 декабрда бошланган.

Иш натижасига кўра И. Б. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларига асосан жиноятлар мажмуи тариқасида жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шу билан бирга И. Б. 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

И. Б. дан жами 12 нафар фуқаровий даъвогарлар фойдасига 327 млн 445 минг 924 сўм миқдорида етказилган моддий зарарларни ундириш белгиланган.

Жиноят иши бўйича И. Б. нинг ҳимоячиси Ш. Курбанов томонидан 2021 йил 15 февраль куни апелляция тартибида шикоят келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу шикоят Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

ҳамкорлик бошқармаси