Суд бошқарувчиларини масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда банкротлик ишларини юритиш билан боғлиқ муаммолар таҳлилига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда Тошкент шаҳар иқтисодий суди ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг банкротлик ишлари бўйича масъул ходимлари, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи суд бошқарувчилари иштирок этишди.
Тадбирда банкротлик институтини қўллаш билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича фикр алмашилиб, юзага келган муаммоларни ҳал этиш, тугатишга доир иш юритилаётган банкрот корхоналарни тугатиш ишларини жадаллаштириш, бу борада суд тугатиш бошқарувчиларининг масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилди.
Танқидий руҳда ўтказилган семинарда банкротлик тартиб-таомилларини юритиш, хусусан банкрот корхонани тугатишга доир иш юритиш жараёнида қонунда белгиланган муддатлар бузилишига йўл қўйилган ҳар бир ҳолат муайян ишлар мисолида таҳлил этилди ва суд тугатиш бошқарувчиларининг хато ва камчиликлари кўрсатиб берилди.
Ушбу амалий семинар иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ҳамда истиқболсиз корхоналарни тугатиш билан боғлиқ банкротлик ишларини сифатли олиб бориш, кредиторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент туманлараро иқтисодий суди