June 15, 2020

ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИГА ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛГАН ҚИМОРБОЗЛАРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Қимор ўйнаш азал-азалдан энг зарарли одатлардан бири саналади. Бу ўйин кишилар ўртасида адоват қўзғайди. Чунки бир қиморбоз ютса, иккинчиси ютқазади. Ютган ўз биродарининг молини тортиб олади, ютқазган ютганни шундай қилиб ёмон кўриб қолиши мумкин. Чунки, ишлаб топган пулини бир лаҳзада иккинчи бир кишининг қўлига ўтиб қолиши кимга ҳам ёқади. Қиморнинг яна бошқа бир талай зарарлари ҳам бор, албатта.

Афсуски, ҳозир ҳам жамиятимизда бу ўйинга берилган шахслар учраб турибди.

Фарғона вилоятининг Қува туманида қимор ўйнаш билан шуғулланиб юрган кимсалар ҳудуд ИИБ профилактика инспектори уларнинг қинғир ишидан хабар топгач, ўз қилмишларини яшириш мақсадида бошқа бир жиноятга қўл уришди.

Жорий йилнинг 17 январь куни Қува тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори тумандаги “Бўстон” маҳалласидаги ошхоналарнинг бирида қимор ўйини ташкил этилаётганидан хабар топиб, ўша ерга етиб боради ва холат юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради.

Эртасига эса зарарли ўйин билан шуғуллунувчи И.Ю. ҳамда И.А. исмли шахслар профилактика инспекторининг олдига бориб, қимор ўйинларига кўз юмиб, қонуний чора кўрмасдан юрса, ҳар ойнинг 17 санасида 800 минг сўм миқдорида пора бериб туришларини таклиф қилишади. ИИБ профилактика инспектори фуқароларга қимор ўйнаш ҳуқуқбузарлик, қиморхона ташкиллаштириш эса жиноят эканлиги, давлат органи ходимига пора таклиф қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳар қанча тушунтирмасин, улар ўз фикрларидан қайтишмайди.

Охир-оқибат, ИИБ профилактика инспектори қасамёдига содиқ қолиб, фуқароларнинг бу хатти-ҳаракати ҳақида раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилди.

Унинг билдиргиси асосида ўтказилган тадбир чоғида қиморбозлар 800 минг сўм миқдоридаги пулларни ИИБ профилактика инспекторига пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинади.

Мазкур тадбир давомида юқоридаги манзилда бир гуруҳ шахслар томонидан яна бир холатда қимор ўйини ўйналиётганлиги ҳам фош этилди. У ердан 650 минг сўм миқдоридаги пуллар, қарта ва ўйин тошлари холислар иштирокида, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Юқоридаги шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган материаллар жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судига тақдим этилган эди.

Суд жиноят ишини атрофлича кўриб чиқиб, иккала шахсни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддасида назарда тутилган жиноятни, яъни пора бериш жиноятини содир этганликда айбли деб топди ҳамда уларга нисбатан қонунда белгиланган жазо тайинлади.

Авазжон ЭРГАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси