Ш. ҚУДРАТОВНИНГ МУРОЖААТИГА ОИД
Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонаси раҳбари Шавкат Қудратовнинг мурожаати юзасидан маълумот
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банки манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб жавобгар “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасидан 226 484 АҚШ доллари миқдоридаги кредит асосий қарзи ҳамда 309,04 АҚШ доллари миқдоридаги фоиз қарздорлигини ундиришни, ундирувни Бухоро тумани, Шехонча ҚФЙ, Шехонча қишлоғида жойлашган умумий ер майдони 3 090,2 кв. м, қурилиш майдони 432,29 кв. м 19 хоналардан иборат бўлган бино-иншооти ҳамда қурилиш ости 344,7 кв. м ер майдонида жойлашган қурилиш тугалланмаган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ва 4 та камерадан иборат музлатгич 450 тонна, деворлари эни ва бўйича 10 метрдан, баландлиги 6 метрни ташкил этадиган жиҳозлари билан қаратишни шунингдек, гаров мулкининг бошланғич нархини белгилаб беришни сўраган.
Даъво аризаси 2020 йил 10 март куни Бухоро туманлараро иқтисодий судига келиб тушган. Суднинг 2020 йил 16 мартдаги ажрими билан даъво аризаси иш юритишга қабул қилиниб, ишни кўриш 2020 йил 6 апрелга тайинланган.
Бухоро вилоят иқтисодий суди раисининг 2020 йил 15 апрелдаги 8-сонли фармойиши билан иш Қоракўл туманлараро иқтисодий судининг иш юритувига ўтказилган.
Қоракўл туманлар иқтисодий судининг 2020 йил 22 майдаги ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар “Қишлоққурилишбанк” фойдасига жавобгар Бухоро туманидаги “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасидан 226 484 АҚШ доллари миқдоридаги кредит асосий қарзи, 309,04 АҚШ доллари миқдорида фоиз қарздорлиги ва олдиндан тўланган 17 840 сўм почта харажати ундирилган.
Ундирув гаров мулки бўлган жавобгар “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасига тегишли Бухоро тумани, Шехонча ҚФЙ, Шехонча қишлоғида жойлашган умумий ер майдони 3 090,2 кв. м, қурилиш майдони 432,29 кв. м 19 хоналардан иборат бўлган бино-иншооти ҳамда қурилиш ости 344,7 кв.м ер майдонида жойлашган қурилиш тугалланмаган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчалари бинолари ва 450 тонна, деворлари эни ва бўйича 10 метрдан, баландлиги 6 метрни ташкил этадиган 4 та камерадан иборат музлатгич ва жиҳозларига қаратилиб, “Рухсат Шахноза” хусусий корхонасидан республика бюджетига 45 946 347,58 сўм давлат божи ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Ш. Қудратовнинг ўз мурожаатида кўрсатилган важлар билан қуйидаги асосларга кўра келишиб бўлмайди.
Биринчидан, “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасининг карантин қоидаларига зид равишда суд мажлисига чақирилганлиги ҳолати юзасидан Қоракўл туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 1 майдаги ажримда “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасига суд мажлисида вакиллари иштирокини таъминламасдан, иш юзасидан ўз тушунтиришларини ва даъво аризаси юзасидан фикр мулоҳаза, эътирозларини ҳамда ишга оид қўшимча далилларни электрон шаклда Қоракўл туманлараро иқтисодий судининг [email protected]электрон почтасига юборишлари тавсия этилган.
Шунингдек, ишда иштирок этувчи шахслар соғлиғини мухофаза қилиш мақсадида, судда шахсан иштирок этиш имконияти мавжуд бўлмаганда, ўз ёзма тушунтиришлари ва фикр-мулоҳаза (эътирозлари) ни ёзма шаклда суднинг электрон манзилига олдиндан юбориш орқали ишни иштирокисиз кўриш тўғрисида ариза, илтимоснома бериш ҳуқуқлари тушунтирилган.
Иккинчидан, суд мажлисида “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонаси вакилларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 42-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганда жавобгар томонидан ишни бошқа кунга қолдириш ёҳуд суд мажлиси ўтказилиши юзасидан ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.
Учинчидан, мурожаатдаги “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасидан зарар ундирилганлиги тўғрисидаги важлар асоссиздир.
Чунки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган “Давлат божи ставкалари” 2-қисми “а” бандига кўра иқтисодий судларда мулкий хусусиятдаги даъво аризалардан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади.
Шу сабабли “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасидан республика бюджетига 45 946 347,58 сўмлик давлат божи ундирилган бўлиб, бу зарар (жарима) ҳисобланмайди.
Шу билан бирга “Рухсат Шаҳноза” хусусий корхонасининг кредит олган вақтда 1 АҚШ доллари 2 600 сўмни ташкил қилганлиги, натижада банкдан олинган кредит суммаси 5 бараварга ортиб кетганлиги, бундай ҳолатда у кредитни тўлай олмаслиги, ҳозирги карантин шароитида музлатгични ишлата олмаётганлигини, деҳқонлар маҳсулотларини олиб келолмаётганлиги, музлатгич даромадидан кредит ва унинг фоизларини тўлай олмаслиги, кредитни қайтариш даври 2027 йилда тугаши, Олий суд Пленумининг 28 апрелдаги қарори билан кредит қарздорлигини тўлаш 1 октябрга қадар кечиктирганлиги каби важлари билан келишиб бўлмайди.
Чунки, жавобгар кредит қайтариш жадвалини карантин эълон қилинунга қадар бир неча маротаба бузганлиги факти ишдаги мавжуд ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Шу билан бирга, ушбу иш бўйича 2020 йил 22 майда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят берилмаганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати