ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ
Маълумки, судларнинг фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Президентимизнинг бу борада қабул қилинган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил
19 июлдаги қарорида тадбиркорларнинг мурожаатларини қонун доирасида ҳал этиш мақсадида барча судларда ҳар ҳафтанинг жума куни “Тадбиркорлар куни”, шанба куни “Очиқ эшиклар куни” деб белгиланган.
Бундан ташқари, Навоий вилоят судлари раисларининг туманлар кесимида 2020 йил октябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, мазкур режага асосан жорий йилнинг
4 ноябрь куни Қизилтепа туман Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Сайёр қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди, фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди, Навоий вилоят маъмурий ва иқтисодий судлари раислари ва ўринбосарлари тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатларини қабул қилиб, муаммолар ечимини топишда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар бериб, амалий ёрдам кўрсатган ҳолда ҳал этилишини таъминлашга эришдилар.
Жумладан, Қизилтепа туман Халқ қабулхонаси биносида ўтказилган сайёр қабул жараёнига жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан фуқароларнинг 19 та, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди томонидан 9 та, вилоят иқтисодий суди томонидан фуқароларнинг 1 та мурожаати, вилоят маъмурий суди томонидан эса 3 та мурожаат ўрганилиб, мазкур мурожаат муаллифларига тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилиб, мурожаатда кўрсатилган муаммолар ечими юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан қабул қилинган жами 19 нафар фуқароларнинг 18 та мурожаати ижобий ҳал қилиниб қаноатлантирилди, шундан 11 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси ЖК 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатдан илгари шартли озод қилинди ҳамда 7 нафар фуқарога нисбатан тайинланган жазо ЖКнинг 74-моддасига асосан енгилроғи билан алмаштирилди.
Ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида вилоят суди раислари томонидан халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Аблқосим Рўзиқулов,
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят суди раиси