А. РЎЗИБОЕВГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ СУДДА КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ
2020 йил 25 майда YouTube тармоғида эълон қилинган видеомурожаат юзасидан маълумот
Фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судининг иш юритувига даъвогар Ўртачирчиқ тумани ҳокимлигининг жавобгар У. Рўзибоевага нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш ҳақидаги даъво аризаси 2020 йил 21 февраль куни келиб тушган ва ишни судда кўриш 2020 йил 11 март куни соат 14.00 га тайинланиб, ишни судда кўриш вақти ва жойи тўғрисида тарафлар тегишли тартибда хабардор қилинган.
Бироқ, жавобгарнинг суд мажлисига келмаганлиги сабабли ишни кўриш 2020 йил 20 март куни соат 14.00 га қолдирилган ва судда ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида жавобгарга суд чақирув қоғози тегишли тартибда юборилган.
2020 йил 20 март куни жавобгарнинг суд мажлисига келмаганлиги, даъвогар вакили фуқаролик ишини жавобгарнинг иштирокисиз сиртдан кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилгани сабабли фуқаролик иши жавобгарнинг иштирокисиз кўрилиб, даъво ариза сиртдан қаноатлантирилган ва Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани “Ўчоқли” МФЙ Файзиобод кўчасида яшовчи жавобгар У. Рўзибоева томонидан ўзбошимчалик билан қурилган 52,20 кв. м ер майдонидаги омборхона, бостирма ва ёзги ошхона биноларини жавобгар томонидан мажбурий тартибда буздириш ҳамда ер майдонини асл ҳолига қайтариш белгиланган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарори нусхаси почта хизмати алоқаси орқали жавобгарга маълумот учун юборилган.
Жавобгар У. Рўзибоева судга сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, фуқаролик ишини қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган.
Ушбу суднинг 2020 йил 29 майдаги ажрими билан жавобгарнинг суд мажлисида иштирок этмаганлик сабаблари узрли деб топилиб, ариза қаноатлантирилган ва сиртдан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, фуқаролик ишини мазмунан қайта кўриш тикланган.
Шунингдек, мамлкатимизда карантин эълон қилинганлиги ва Ўртачирчиқ тумани ҳозирги кунда “қизил” ҳудуд тоифасига киритилгани сабабли ишни кўриш кейинга қолдирилган.
Шу билан бирга маълум қилинадики, дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра, А. Рўзибоев (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган) 2020 йилнинг 1 май куни, соат 15:30 ларда МИБ Ўртачирчиқ туман бўлими ходимлари А. Усмонов, С. Исломиддинов ва А. Назирқуловлар фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро суднинг 2020 йил 20 мартдаги 2-1104-2003/1059-сонли ижро варақасига асосан туманнинг “Ўчоқли” МФЙ Файзиобод кўчасида яшовчи фуқаро У. Рўзибоева туман хокимлиги даъвосига кўра ўтказилган суд мажлисининг 2020 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан у 52,2 кв. м майдонда омборхона, бостирма ва ёзги ошхона биноларни ўзбошимчалик билан қуришда жавобгар деб эътироф этилиб, ноқонуний қурилмаларни жавобгар хисобидан мажбурий тартибда буздириш белгиланганлиги, ушбу ҳал қилув қарорига асосан мажбурий ижро бюроси Ўртачирчиқ туман бўлими томонидан ижро иши юритилганлиги, суд ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун жавобгарга 15 кунлик муддат белгиланганлигини огоҳлантириш учун борган.
Аммо, жавобгарнинг ўғли А. Рўзибоев ўз хизмат вазифаларини бажараётган ҳокимият вакиллари, яъни МИБ Ўртачирчиқ туман бўлими ходимлари А. Усмонов, С. Исломиддинов ва А. Назирқуловларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни қандай шаклда бўлмасин ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш учун уларни, шунингдек одил судлов ва бошқарув тизимининг бошқа ходимларининг шахсиятига тегадиган сўзлар билан ҳақоратлаб, уни суднинг ижро ҳужжатлари таништираётган С. Исломиддиновнинг қўлидан ижро ишини тортиб олиб, йирта бошлайди ва ўз ҳаракатлари билан воқеа жойида бўлган жамоатчилик вакиллари олдида ҳокимият вакилларининг шаъни, қадр-қимматини ерга уриб, уларни обрўсизлантирган.
А. Рўзибоевнинг ўз хизмат вазифаларини бажараётган ҳокимият вакилларининг ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатиш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга ва қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш, бу борада расмий ҳужжатни ноқонуний равишда эгаллаш ва нобуд қилишга уринишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари натижасида корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги расмий ҳужжат яъни, фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро суднинг 2020 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Ўртачирчиқ туман бўлими томонидан юритилган 11853/1-сонли ижро иши ҳужжатларига жиддий шикаст етказган.
А. Рўзибоев ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, корхона, муассаса, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги расмий ҳужжат саналган ижро ҳужжатини унинг қўлидан қайтариб олмоқчи бўлган ҳокимият вакиллари, МИБ Ўртачирчиқ туман бўлими ходимларининг ўз хизмат вазифасини бажаришларига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни қандай шаклда бўлмасин ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси Ўртачирчиқ туман бўлими бўлим бошлиғи ўринбосари А. Усмоновнинг бошига ва танасининг турли жойларига уришга ҳаракат қилиб, воқеа жойида бўлган жамоатчилик вакиллари кўз ўнгида ҳокимият вакиллари ва одил судловнинг шаъни, қадр-қимматини ерга урувчи сўзларни айтиб, ҳал қилув қарори қабул қилган суд унинг уйига келиши лозимлиги, бунга қадар эса А. Усмоновни уйида гаров тариқасида ушлаб туришини билдириб, ҳокимият вакилининг эркинлигига тажавуз қилади.
Сўнгра, уйида ташкил этган автомашиналарга хизмат кўрсатиш шахобчасидан темир арматура олиб, ундан қурол сифатида фойдаланиб ушбу арматура билан А. Рўзибоевнинг ноқонуний ҳаракатларини олдини олишга ҳаракат қилаётган ҳокимият вакиллари С. Исломидинов ва А. Назирқуловларга хамла қилиб, А. Назирқуловнинг оёғига ушбу темир арматура билан уриб, ўз қўлидан қочиб чиққан А. Усмоновнинг ўрнига А. Назирқуловни уйига олиб киришга ҳаракат қила бошлайди.
МИБ Ўртачирчиқ туман бўлими ходимлари жамоатчилик кўз ўнгида ҳокимият вакиллари ва бошқарув тизимининг бошқа ходимларининг шаъни ва қадр қимматини сақлаб қолиш учун воқеа жойидан кетишга мажбур бўлган.
Ушбу жиноят иши 2020 йил 30 июнь куни жиноят ишлар бўйича Ўртачирчиқ туман судининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати