October 23, 2020

ФАРҒОНАДА ЎТКАЗИЛГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Юртбошимиз ташаббуси ва бошчилигида аҳоли муаммолари билан ишлашда ҳеч бир давлатда ўхшаши бўлмаган ўзига хос механизм яратилдики, давлат органлари томонидан фуқароларни сайёр қабуллари ташкил қилиниши аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини жойида ҳал этишга замин яратмоқда.

Бу борада олиб борилаётган ишларда судлар ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб жойида ҳал қилинмоқда.

Тўғридан-тўғри бўлиб ўтаётган сайёр қабулларда аҳолини қизиқтирган турли соҳадаги масалалар юзасидан берилган саволларга асослантирилган тушунтиришлар берилиб, келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олди олинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исақов, судьялар Э.Эргашев, Б.Исламов ва З.Файзиевлар томонидан жорий йилнинг 14-16 ва 20-21 октябрь кунлари Фарғона вилоятининг туман, шаҳарларида сайёр қабуллар ўтказилди.

Сайёр қабуллар давомида жами 406 нафар фуқароларнинг мурожаати кўриб чиқилди.

Унда, 201 та жиноят, 133 та фуқаролик, 61 та маъмурий ҳамда 11 та иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатлар ўз ечимини топди.

Сайёр қабуллар давомида 70 нафар фуқароларнинг назорат тартибидаги ёзма мурожаатлари қабул қилинган бўлса, 203 нафар фуқароларнинг оғзаки мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

133 нафар фуқароларнинг мурожаати жойида ижобий ҳал қилинди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича туман шаҳар судлари томонидан
109 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинган бўлса,
24 нафар фуқароларнинг алимент ва иш хақи ундиришга оид мурожаатлари фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қаноатлантирилиб, суд буйруқлари чиқарилди.

Муаммолари ҳал бўлган 20 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирди.

Ишчи гуруҳ тадбир давомида Риштон тумани “Пастки Булоқбоши” МФЙ, Янгиобод кўчасида яшовчи кам таъминланган Тўхтасин Чолбобоев ҳамда “Дашт-Тегирмон” МФЙ, Баҳор кўчаси 56-уйда яшовчи ногиронлиги бўлган Обидахон Юнусованинг хонадонларига ташриф буюриб, бу оилаларга 10 турга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб моддий ёрдам кўрсатилди.

Муҳтож оилаларга мурувват кўрсатиш, ўзбек халқига хос қадриятлар тизимидаги энг ибратли хусусиятлардан биридир.

Зеро қадимдан ўзбек халқининг меҳрга муҳтож оилалаларга ғамхўрлик кўрсатиши унинг энг олий фазилати ҳисобланган.

Кам таъминланган Т.Чолбобоев оиласи судлар томонидан оталиққа олинди.

Бу каби тадбирларни ўтказилиши албатта халқни рози қилишга, низоларни судгача ҳал этишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Алишер Абдуллаев,

Фуқаролик ишлари бўйича

Фарғона вилоят судининг

бўлим бошлиғи