Тanqidlar Uz Telegram-каналида эълон қилинган фуқаро Р. Гиясовнинг видеомурожаати юзасидан
Рустам Гиясов Чирчиқ ҳарбий судининг 2012 йил 7 сентябрдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 295-моддаси (ҳарбий мулкни беҳуда сарфлаш, йўқотиш ёки ишдан чиқариш) 2-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан пул таъминотининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланган.
Р. Гиясов ва унинг ҳимоячиси томонидан келтирилган шикоятда суд томонидан иш ҳолатлари атрофлича ва тўла ўрганилмасдан унга нисбатан асоссиз равишда айблов ҳукми чиқарилгани, унинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳақида важлар келтирилиб, Р. Гиясовга оид суд ҳукмини бекор қилиб, уни оқлаш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 8 октябрдаги ажрими билан Чирчиқ ҳарбий судининг 2012 йил 7 сентябрдаги Р. Гиясовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантиришсиз қолдирилган.
Суднинг ҳукмига кўра, капитан Р. Гиясов ҳарбий хизматни 07984-ҳарбий қисм 3-тўпчилар дивизиони разведка бошлиғи лавозимида ўтаб келиб, 2010 йил 8 июнь куни ҳарбий қисм қурол-аслаҳа хизматида фойдаланиш учун ишониб топширилган “Б7х35КС 006761” рақамли техника таъминоти буюми ҳисобланган биноклни сақлаш қоидалари, яъни Қуролли Кучлар Ички хизмат Низомининг 13-бандида кўрсатилган ҳарбий хизматчилар ўзига ишониб топширилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани билиш ва ишлатишга доимий шайликда сақлаши, ҳарбий мулкни асраши лозимлиги тўғрисидаги мажбуриятларни қўпол равишда бузиши натижасида ҳамда ўзига бириктирилган ҳарбий мулкни сақлашда бепарво муносабатда бўлиши оқибатида, 2012 йил 17 май куни 07984-ҳарбий қисм томонидан бириктирилган биноклни ҳарбий қисм ҳудудида йўқотган. Ҳарбий қисм томонидан биноклни топишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 2012 йил 19 май куни 07984-ҳарбий қисм 3-тўпчилар дивизиони ўқув моддий базасини сақлаш хонасидан топилган.
Р. Гиясов ўз видеомурожаатида бинокль (дурбин) «қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар тизимига кирмайди, балки ҳарбий хизматчининг шахсий фойдаланишдаги буюми ҳисобланади», дея иддао қилган. Бироқ бинокль техника таъминоти буюмлари сирасига киради ва ундан техник эҳтиёжлар учун фойдаланилади.
Техника таъминоти буюмлари ҳарбий хизматчининг эгалигидан чиқиб кетган пайтдан бошлаб ушбу жиноят тугалланган деб ҳисобланади.
Маҳкум Р. Гиясовнинг айби, унинг биринчи инстанция судида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, судда текширилган ва ҳукмда тўғри талқин этилган далиллар мажмуи, гувоҳлар Б. Хамраев, Б. Умаров, И. Бобокалонов ва А. Абдуллаевнинг кўрсатмалари, мутахассис У. Тургуновнинг кўрсатуви, тушунтириш хатлари, маъмурий суриштирув ва унга илова ҳужжатлари, буюмни кўздан кечириш баённомалари ҳамда жиноят иши юзасидан тўпланган бошқа далиллар билан ўз исботини топган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан ҳамкорлик бошқармаси