КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ МАВЗУСИДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса хотин-қизлар, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва мамлакатимиз тараққиётига тўсиқ бўлиб турган энг хавфли иллат бўлмиш – коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ҳар бир раҳбарнинг кунлик эътиборида бўлишлиги қатъий уқтириб ўтилди.

Тошкент Давлат педагогика университети раҳбарлари ва талабалари билан бўлиб ўтган учрашувда коррупцияга қарши кураш, унинг оқибатлари хусусида сўз борди. Дастлаб, иштирокчилар учун махсус видеоролик намойиш этилди. Талабаларга мавзу юзасидан кенгроқ тушунтириш берилди.

Маълумки, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Президентимиз Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш бутун жамият иши эканини таъкидлади, қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши қатъий курашиш бўйича муҳим таклифларни илгари сурди:

"Ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан 4 та муҳим омилга, яъни:

-қонун устуворлигини таъминлаш;

-коррупцияга қарши қатъий курашиш;

-институционал салоҳиятни юксалтириш ва

-кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ.

“Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”;

“Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” деб таъкидлаб ўтдилар.

Ушбу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этдилар.

Биласизки, ҳар бир давлат, ҳар қандай жамият қонунлар орқали бошқарилади ва тараққиётга эришади. Аслида қонунлар инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чегаралаб қўйиш, қўрқитиш ёки таҳликада ушлаш учун эмас, балки уларга ёрдам бериш, ахлоқан тарбиялаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш учун яратилишини барча фуқаролар ким бўлишидан, қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар қонунларни чуқур англаб етиши ва ҳурмат қилиши, уларга итоат этиши шартлигини тарғибот қилиб бориш лозим.

Ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунни бузишдан қўрқади. Биз қонунларнинг матнини, яъни меъёрларини фақатгина ёдлаб олибгина қолмасдан, уларнинг туб моҳиятини чуқур тушунишимиз, ва энг асосийси, ҳар бир ҳолатда қонунни қурол қилиб, уни тўғри қўллай олишимиз даркор. Қадимги рим файласуфи Цицерон “Эркин бўлишни хоҳласанг, қонуннинг қулига айлан” деб бежизга айтмаган, ахир!

Жамоатчилик, айниқса маҳалла аҳли, қишлоқ фуқаролар йиғинларида, фуқаролар билан бўладиган очиқ мулоқотларда коррупция-порахўрлик иллатининг зарарли оқибатларини тушунтириб, тарғибот ишларини амалга оширишда тизимли дастурлар қабул қилиб, унда қонунларни ҳурмат қилиш, акс ҳолда жазо муқаррар эканлигини тушунтириш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 210-моддаси (пора олиш), 211-моддаси (пора бериш) ва 212-моддаси - пора олиш-беришда воситачилик қилгани учун қонуннинг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этгани учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисмида ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисмида ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Эътибор берган бўлсангиз пора олиш, бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилгани учун қонунда бир хил жазо назарда тутилган.

Агар жиноятчилик аҳволига чуқурроқ назар ташласак, жиноятни аксарият ҳолларда дунёқараши паст, маънавияти заиф, маданият ва маърифатдан узоқ, ақли бўлсада, фаросатда нўноқ, қорни тўқ бўлсада, кўзи оч шахслар содир этаётганини кўрамиз, бу ҳаёт ҳақиқати.

Маънавияти юксак, иродаси мустаҳкам инсон коррупцияга қўл урмайди. Юксак маънавиятли бўлиш воситаларидан энг мақбули – китобхонлик. Кимки, китобни кўп мутолаа қилса, ҳаёт ҳақиқатларини теран англайди. Китобхон виждонига қулоқ тутиб, фақат адолат томонда туради. Ҳалоллик, поклик унинг ҳаётий шиорига айланади. Асло адолатсизликка, қўл урмайди.

Ўз манфаати деб, нафсини жиловлай олмаган айрим шахсларнинг ачинарли аҳволга тушиб, жамиятда шарманда бўлаётганлиги, уларнинг оила аъзолари, айниқса, шириндан-шакар фарзандлари қўни-қўшни ва маҳалла аҳли ўртасида қандай аҳволга тушаётганларини тасаввур қилинг...

Буюк боболаримизнинг адолат, ҳалоллик, поклик ва ҳақиқат ҳақидаги бебаҳо битикларини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Бутун умри давомида адолатни ўзининг энг асосий ҳаётий шиори деб билган бобокалонимиз - Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ҳам ўз васиятида “Ўғилларим адолат ва эзгулик қилмоқ доимий дастурингиз, раҳбарингиз бўлсин” дея бежиз айтмаган.

Шерият султони ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз таъбири билан айтганда: “Инсон ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масалалардан бири бу – адолат, халқнинг миллий хаётига эътибор, давлатчилик сиёсати, халқ бошқарувининг барчаси адолат заминида бунёд этилади”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг барча учун ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бебаҳо сатрларидан бирини келтирмоқчиман: “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топғусидир! Ҳар кимки жафо қилса, жафо топғусидир! Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз, Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топғусидир”.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаётда ҳалол меҳнат, халқи-ватанига фидоий бўлиш, камтаринликни одат қилиш, ҳаётга ҳавас билан қарашни бирор-бир моддий бойлик билан алмаштириш мумкин эмаслигини ҳам англаб етишимиз шарт экан.

Абдулла Муҳиддинов,

Чилонзор тумани маъмурий судининг раиси