Учқудуқда сайёр қабул
Маълумки, судларнинг ўз фаолиятида барча соҳада одил судловни амалга ошириш, инсон ва фуқароларнинг шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Президентимизнинг бу борада қабул қилинган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Учқудуқ туман судлари раисларининг 2020 йил октябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, мазкур режага асосан жорий йилнинг 22 октябрь куни Учқудуқ туманининг “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғини биносида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш бўйича мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Сайёр қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди, Учқудуқ туман маъмурий ва иқтисодий суди раислари тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатларини қабул қилиб, муаммолар ечимини топишда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар бериб, амалий ёрдам кўрсатган ҳолда ҳал этилиши таъминланмоқда.
Жумладан, ўтказилган сайёр қабул жараёнига жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан фуқароларнинг 1 та мурожаат, фуқаролик ишлари бўйича туман суди томонидан 4 та, туман маъмурий суди томонидан эса 2 та мурожаат ўрганилиб, мазкур мурожаат муаллифларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, мурожаатда кўрсатилган муаммолар ечими юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида туман суди раислари томонидан халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Руслан Джураев,
фуқаролик ишлари бўйича Учкудук туман суди архив мудири