Ж. РУСТАМОВНИНГ ИШИГА ОИД
“Адолат кўзгуси” газетасининг 2020 йил 29 октябрдаги сонида чоп этилган Жумабой Рустамовнинг “Суд, прокуратура ёлғон ва мавҳум жавоблар билан алдаб келмоқда” сарлавҳали мурожаати юзасидан маълумот
Шарқий ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 26 июлдаги ҳукми билан Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмнинг чегара постида шартнома бўйича ҳарбий хизматни чегара гуруҳи командири лавозимида ва кичик сержант ҳарбий унвонида ўтаган Ж. Рустамов Жумабой Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 301-моддаси (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари, яъни 942 000 сўм миқдорида жарима жазоси, Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми билан ҳар ойлик пул таъминотининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-модда (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) ларига асосан узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари, яъни 942 000 сўм миқдорида жарима жазоси ҳамда ҳар ойлик пул таъминотининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланган.
Тайинланган жазолар ҳар қайсиси алоҳида ижро этилиши белгиланган.
Суд ҳукмига кўра, Ж. Рустамовнинг айби суд мажлисида ўз айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, унинг ва бошқа судланувчиларнинг дастлабки тергов даврида ўз айбларига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмалари, судда сўралган судланувчиларнинг, жабрланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари, иш бўйича тўпланган ҳужжатлар, шунингдек, суд тергови давомида текшириб чиқилган далиллар билан ўз исботини тўлиқ топган.
Судланган С. Жумаевнинг кассация тартибидаги шикояти асосида ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясида 2010 йил 23 сентябрь куни кўрилиб, ҳукмнинг С. Жумаевга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган, шунингдек, мазкур ажрим билан Ж. Рустамов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорининг 2-бандига асосан тайинланган жазодан озод қилинган.
Ж. Рустамовнинг ўзидан апелляция ва кассация тартибида шикоят ҳамда унинг қисмига прокуратурадан протест келиб тушмаган.
Бундан ташқари, Ж. Рустамовнинг ўзидан Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси орқали Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига ёки Фарғона ҳарбий судига шикоят ва мурожаат келиб тушмаган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати