Ф. ЖЎРАЕВАНИНГ БИЛДИРИШИГА ОИД
Facebook ижтимоий тармоғида Фотима Жўраева эълон қилган билдириш юзасидан маълумот
Даъвогар М. Хурсанованинг жавобгар Пастдарғом туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 32-сонли “Наврўз” МТМга нисбатан ишга тиклаш, иш ҳақини ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Нуробод туман судига 2020 йил 5 мартда келиб тушган.
Фуқаро Ф. Жўраева томонидан 2020 йил 13 мартда тайинланган суд мажлисига ишончли вакил сифатида эмас, балки мустақил журналист ва блогер сифатида қатнашиш учун ариза билан мурожаат қилган. Суд мажлиси вақтида жавобгар вакили З. Зиядуллаев томонидан ишда блогерларни қатнашишига эътироз билдирганлиги ҳақида ариза тақдим этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Нуробод туман суди томонидан суд мажлисида Ф. Жўраевани даъвогар М. Хурсанованинг ишончли вакили сифатида ишда қатнашиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасига асосан рад қилиниб, суд мажлиси очиқ бўлганлиги сабабли Ф. Жўраевани эркин тингловчи сифатида иштирок этиши мумкинлиги тушунтирилган.
Ф. Жўраева эркин тингловчи сифатида суд мажлисларида иштирок этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Нуробод туман судининг 2020 йил 26 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогар М. Хурсанованинг жавобгар Пастдарғом туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 32-сонли “Наврўз” МТМга нисбатан ишга тиклаш, иш ҳақини ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси рад қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан 2020 йил 18 август кунги суд мажлисида Ф. Жўраева томонидан М. Хурсанованинг вакили сифатида ишга қатнашиш учун ишончнома тақдим этган.
Ф. Жўраевани даъвогар М. Хурсанованинг ишончли вакили сифатида ишда қатнашиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасига асосан рад қилиниб, суд мажлиси очиқ бўлганлиги сабабли Ф. Жўраевани эркин тингловчи сифатида иштирок этиши мумкинлиги тушунтирилган ва у эркин тингловчи сифатида суд мажлисида иштирок этган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасида,ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топширади.
Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин:
1) адвокатлар;
2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;
3) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;
4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;
5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;
6) биргаликда иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;
7) ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишига йўл қўйилган шахслар.
Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 15 сентябрь кунги ажрими билан Нуробод туман судининг 2020 йил 26 июндаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, М. Хурсанованинг апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
М. Хурсанова суд қарорларидан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 426-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи мавжудлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати