СУД РАИСЛАРИ ЖАМОАТЧИЛИККА АХБОРОТ БЕРДИ
Юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва ролини кучайтиришдан иборатдир.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар томонлама пухта ва чуқур ўйланган ғояларга асосланиб, тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг юксак ифодаси бўлди.
Фармонга биноан, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш йўлга қўйилди.
Фармон ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари раислари жорий йилнинг учунчи чораги якуни билан одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот берди.
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси Гульнора Базарбаеванинг қайд этишича, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди ва туман, шаҳар судлари томонидан ҳисобот даврида 954 нафар шахсга нисбатан 735 та жиноят иши кўриб тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фойзга камайган бўлса, шахслар сони эса 4,6 фоизга кўпайган.
Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 155 таси ёки 21,1 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.
Судларнинг инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида суд томонидан 3 нафар шахс оқланган. 81 нафар шахсга жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилган, 1 нафар шахс тайинланган жазодан озод қилинган, 12 нафар шахсга тайинланган жазо шартли деб ҳисобланиб, синов муддати белгиланди. 246 нафар шахснинг ишлари ярашганлик, жиноятнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳаракатдан тугатилган.
Шунингдек, 246 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Бундан ташқари маҳалла, хотин қизлар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 18 та жиноят иши бўйича 18 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Шунингдек, жиноятнинг сабаблирини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида вилоят ва туман судлари томонидан 520 хусусий ажрим чиқарилиб, унинг муҳокамасида бевосита судъялар иштирок этишган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси К.Тарихов ҳисобот даврида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди ва туманлараро судлари томонидан 5.498 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланганини, 2.655 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилганини маълум қилди.
Кўриб тамомланган ишларнинг 4.227 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. 3.633 та даъво қаноатлантирилиб, 594 таси рад этилган. 512 таси иш юритувдан тугатилиб, 759 таси кўрмасдан қолдирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди ва туманлараро судлари томонидан фуқаролик низоларнинг олдини олиш юзасидан 37 та хусусий ажрим, 3 та тақдимнома чиқарилган.
Шунингдек, 1874 та фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб тамомланган, бу кўриб тамомланган ишларнинг 34,1 фоизини ташкил этади.
2020 йилнинг 9 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 520 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 365 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди, 2 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо қўлланилди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жами 13.110 та шахсга нисбатан
11.360 та иш кўриб чиқилди. Жумладан, 7.906 нафар шахсга жарима, махсус ҳукуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
3.641 нафар шахсга нисбатан 3.021 та маъмурий ишлар ҳаракатдан тугатилган.
2019 йилнинг шу даврига нисбатан ҳуқуқбузарликлар 32,4 фоизга камайган.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ҳуқуқий мавзуларда корхона, ташкилот, ўқув муассасалари ва аҳоли ўртасида 413 марта маъруза, учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.
Оммавий ахборот воситаларида жами 578 та, шу жумладан телевидениеда 109 та, радиода 97 та чиқишлар, матбуотда 68 та ва Веб-сайт ҳамда бошқа ахборот воситаларида 304 та мақолалар чоп этилди.
Тарафларга қўлайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида кўриб тамомланган маъмурий ишларнинг 3.580 таси, яъни барча ишларнинг 30 фоизидан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Амалга оширилган ҳуқуқий тарғиботлар ва ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш натижасида ҳуқуқбузарликларнинг маълум даражада камайишига ўз таъсирини кўрсатди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида энг кўп содир қилинган маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинганда, асосан автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жами 1489 шахсни, спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда автотранспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жами 1142 шахсни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсатгичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан лицензиясиз шуғулланиш 33.7 фоизга, спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда автотранспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жами 45,4 фоизга камайган.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари ва туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан аҳоли билан 183 та ёки 36,1 фоиз мурожаат сайёр ва 323 та ёки 63,9 фоиз мурожаат бевосита идорада қабул қилиниб, мурожаат муаллифларига асослантирилган жавоблар берилди
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси Гаухар Зарипованинг ахборотида қайд этилишича, жорий йилнинг тўққиз ойида Қорақалпоғистон Республикаси, туманлараро, туман иқтисодий судлари томонидан 3.029 та иш кўриб чиқилган. Шундан, сайёр суд мажлисларида 1.536 таси (50,1%) ишлар кўрилган.
Кичик бизнес субъектлари ва якка тадбиркорлар иштирокида жами 2717 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра уларнинг фойдасига 24,2 миллиард сўм ундириш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. Шунингдек, 4 млрд 351 миллион сўм бюджетга ундириш бўйича суд қарорларига асосан давлат божлари ундирилган. Тарафлар томонидан 793,7 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланган.
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иқтисодий ишлар 2 минг 106 тага камайишига эришилган.
Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 98 та, жумладан, 12 та шахсга нисбатан маъмурий, 22 та шахсга нисбатан моддий, 52 та шахсга нисбатан интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида ва 12 та шахсга нисбатан бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилган.
Шунингдек, суд раислари матбуот анжуманида қатнашган ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил ахборот бериш билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида олиб борилган ҳуқуқий тарғибот ишлари, сайёр суд мажлисларида журналистлар иштирокини таъминлашнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.
Фархад Ибрагимов,
Қорақалпоғистон Республикаси
жиноят ишлари бўйича судининг
катта мутахассиси