YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Ҳ. Аҳмедовнинг видеомурожаати юзасидан
Ўз видеомурожаатида Ҳусниддин Ахмедов фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди томонидан унинг даъво аризаси юзасидан қонунга хилоф ҳал қилув қарори чиқарилганини, мазкур фуқаролик иши 5 йилдан буён кўрилаётганлиги, айни дамда иш апелляция инстанциясида кўриб чиқилаётганини иддао қилиб, Олий суд раисидан қонуний қарор чиқарилишини назоратга олишни сўраган.
Иш ҳолатларидан маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судига даъвогар Зариф Аҳмедов жавобгар “Лойиҳақурилиш” МЧЖга нисбатан қурилган объектни баҳолаш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган ва мазкур фуқаролик иши 2019 йил 19 сентябрда қўзғатилган.
Ромитан туманлараро судининг 2019 йил 22 ноябрдаги ва 2020 йил 3 февралдаги ажримлари билан иш бўйича суд-қурилиш баҳолаш экспертизалари тайинланиб, РСЭМ Навоий вилоятлараро бўлимига юборилган.
Экспертиза хулосаси келгач, суднинг 2020 йил 21 июлдаги ажрими билан иш юритишга тикланган. Маълум бўлишича, шу даврда даъвогар Зариф Аҳмедов вафот этган.
Судда жавобгар “Лойиҳақурилиш” МЧЖ томонидан иш юзасидан даъвогар З. Аҳмедов вафот этганлиги кўрсатилиб, иш юритишни тугатиш сўралган.
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2020 йил 23 июлдаги ажрими билан даъвогар Зариф Аҳмедовнинг жавобгар “Лойиҳақурилиш” МЧЖга нисбатан қурилган объектни баҳолаш ҳақидаги фуқаролик иши Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддаси 1-қисми 6-бандига асосан тугатилган.
Манфаатдор шахс, яъни марҳум З. Аҳмедовнинг ўғли, айни вақтда адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи Ҳусниддин Ахмедов суднинг ажримига хусусий шикоят келтирганлиги сабабли Бухоро вилоят суди кассация инстанциясининг 2020 йил 24 сентябрдаги ажрими билан туманлараро судининг 2020 йил 23 июлдаги ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўриш учун биринчи инстанция (Ромитан туманлараро суди) га юборилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро судининг 2020 йил 2 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар Ҳусниддин, Меҳриддин Аҳмедовлар ва Дилшод Мухторовнинг жавобгар “Лойиҳақурилиш” МЧЖга нисбатан қурилган объектни баҳолаш ҳақидаги даъвоси қисман қаноатлантирилиб, пудрат шартномаси юзасидан низоли (Бухоро шаҳар А. Ғиждувоний кўчаси ва Ибн Сино кўчаси кесишмаси ҳудудида жойлашган Дилкушо Берун қурилиш мавзесида 3 типдаги 7-ўрта қаватдаги турар-жой биносининг 1-қаватида умумий майдони 141,68 кв. м бўлган) савдо дўконининг баҳоси давлат суд эксперти хулосаси асосида 728 334 463 сўм деб белгиланган.
Ҳусниддин Аҳмедов Ромитан туманлараро судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция тартибида шикоят келтирган.
Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатига мазкур шикоят 2021 йил 8 январда келиб тушган ва 2021 йил 21 январь судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, иш ҳолатларига аниқлик киритиш мақсадида кейинга қолдирилган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 397-моддаси 10-қисмига асосан ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция инстанциясида ишнинг муҳокамаси билан боғлиқ бўлган барча масалалар бўйича илтимосномалари ва аризалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитилганидан кейин суд томонидан ҳал этилади.
Айни вақтда мазкур иш апелляция судлов ҳайъатида кўриб чиқилмоқда.
Бироқ шунга қарамай, иш юзасидан даъвогар Ҳусниддин Аҳмедовнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларини апелляция судида кўрилаётган фуқаролик ишига таъсир ўтказиш, судлар фаолияти ва судьялар дахлсизлигига ҳурматсизлик сифатида баҳолаш лозим.
Унинг видеомурожаати ижтимоий тармоқлар орқали судлар ҳамда судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо қилишга уриниш, шунингдек амалдаги қонун нормаларига зид хатти-ҳаракатдир.
Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
ҳамкорлик бошқармаси