February 26, 2021

YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Г. Мардонованинг видеомурожаати юзасидан

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида истиқомат қилувчи Б. Ибрагимов 2020 йил 23 октябрь куни соат 08.30 ларда, шу туманнинг “Омонқўтон” маҳалласида жойлашган ўзининг яшаш хонадонида турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолган ва турмуш ўртоғи Г. Мардоновага оғир тан жароҳати етказган. Ушбу ҳолат юзасидан Б. Ибрагимов Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топилиб, жиноят иши мазмунан кўришлик учун жиноят ишлари бўйича Ургут туман судига юборилган.

Мазкур суднинг 2020 йил 30 декабрдаги қарорига асосан, Б. Ибрагимовга оид жиноят иши суд мажлисида кўришлик учун 2021 йил 8 январь кунига тайинланган ва шу куни куни судланувчи Б. Ибрагимов айблов хулосасини олмаганлиги сабабли унга айблов хулосасининг нусхаси топширилиб, суд мажлиси 2021 йил 18 январь куни соат 10.00 га тайинланган.

Гарчанд суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган бўлса-да, жабрланувчи Г. Мардонова 2021 йил 18 январь куни судга сабабсиз келмаган. Шу боис суд мажлиси жабрланувчининг иштирокисиз давом эттирилган. Иш бўйича судланувчи Б. Ибрагимов суд мажлисида сўроқ қилингач, 2021 йил 20 январь куни соат 15.00 га қадар танаффус эълон қилинган.

Суднинг ажрими билан суд мажлисини сайёр тартибда жабрланувчи Г. Мардонованинг яшаш уйида ўтказиш белгиланган.

2021 йил 20 январь куни сайёр суд мажлиси Ургут тумани, “Омонқўтон” маҳалласида жойлашган жабрланувчининг яшаш уйида давом эттирилиб, иш бўйича жабрланувчи Г. Мардонова, гувоҳ С. Холова сўроқ қилинган.

Жабрланувчи Г. Мардоновага кейинги суд мажлиси 2021 йил 25 январь куни соат 14.00 да суднинг ўз биносида давом эттирилиши маълум қилинган.

Суд мажлиси 2021 йил 25 январь куни соат 14.00 да суднинг ўз биносида давом эттирилган. Жабрланувчи Г. Мардонова ва гувоҳ Ф. Мирзаева суд мажлисида яна узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлишмаган. Шу боис суд мажлиси жабрланувчининг иштирокисиз давом эттирилиб, иш юзасидан гувоҳлар Х. Ибрагимов, М. Жўраева сўроқ қилиниб, жабрланувчи Г. Мардонова ва гувоҳ Ф. Мирзаевани 2021 йил 28 январь куни соат 14.00 да суд мажлисига мажбурий тартибда келтириш тўғрисида ажрим чиқарилган.

2021 йил 28 январь куни жабрланувчи Г. Мардонова ва гувоҳ Ф. Мирзаевани мажбурий тартибда келтириш тўғрисидаги ажрим юзасидан Ургут тумани ИИО ФМБ томонидан Г. Мардонова ва Ф. Мирзаева уйида йўқлиги тўғрисида далолатнома тақдим қилинган ва иш бўйича 2021 йил 1 февраль куни соат 14.00 га қадар танаффус эълон қилинган.

Суд мажлиси 2021 йил 1 февраль куни Г. Мардонова яна судга келмаганлиги боис суд тарафлар фикрини эшитиб, ишни жабрланувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарган. Иш юзасидан вояга етмаган гувоҳ Меҳрибону Ҳамроева педагог иштирокида сўроқ қилинган. Иш ҳужжатлари таҳлил қилиниб, томонларнинг музокара ва судланувчининг охирги сўзини эшитиб, суд судланувчи Б. Ибрагимовнинг жиноий ҳаракатлари тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” банди билан асоссиз ва нотўғри квалификация қилинган, деган хулосага келган. Негаки суд тергови жараёнида судланувчи Б. Ибрагимов жабрланувчи Г. Мардоновага жароҳатни яқин қариндошларининг кўз ўнгида, алоҳида жисмоний ёки руҳий азоб берувчи усулда етказганлигини, қасди шунга қаратилганлигини тасдиқловчи ҳолатлар аниқланмаган.

Суд ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда судланувчи Б. Ибрагимовнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “в” бандидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилиб, Б. Ибрагимовга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Ҳукмнинг кириш қисми “1 февраль” эмас, балки “1 январь” деб ёзилиб техник хатоликка йўл қўйилганлиги сабабли, Жиноят-процессуал кодексининг 541-моддаси тартибида ажрим чиқарилиб, техник хатолик бартараф этилган.

Суд томонидан мазкур ҳукмдан норози тарафлар йигирма сутка ичида шикоят бериши мумкинлиги тушунтирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар шикоят келиб тушмаган.

Ўзбекистон РеспубликасиОлий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

ҳамкорлик бошқармаси