November 9, 2020

Бухоро вилоят судлари томонидан матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги
“Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 1-бандида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан матбуот анжуманилар ўтказиш белгиланган.

Матбуот анжумани ўтказишдан асосий мақсад - судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиш, бу орқали суд ҳокимияти органларига ишончни оширишдан иборат.

Бундан ташқари, матбуот анжуманилар оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик томонидан муайян суд ишлари (ишни кўриш жараёни, иш натижалари ва ҳоказо)ни нотўғри талқин қилиш, ёритиш ва изоҳлашни олдини олади.

Матбуот анжуманида кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида судьяларимиз томонидан юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг раҳбарлигида барча соҳаларда инсон манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилган мисли кўрилмаган, кенг қамровли ислоҳотлар жадаллик билан амалга ошириб келинаётганлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қисқа фурсатда фуқароларнинг судга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил этилгани ҳам фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширди.

Матбуот анжуманида Бухоро вилоятининг жиноят, фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлари раислари суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинган янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, судлар томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот беришди.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб тамомланган жиноят ишлари 1445 нафар шахсга нисбатан 1186 тани ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 1311 нафар шахсга нисбатан 1037 тани ташкил қилганлиги кўриб тамомланган ишлар сони 149 тага ёки 14.3 фоизга, шахслар сони эса 134 тага ёки 10.2 фоизга ошганлиги, 1038 (1011) нафар шахсга нисбатан 797 (759) та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар сони 38 та ёки 5,0 фоизга ошганлиги, шунингдек, 397 (289) нафар шахсга нисбатан 379 (267) та иш тугатилганлиги, 5 (7) та иш бўйича 5 (7) нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганги; вилоятда ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш, касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада билмаслик, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб қайритабиий усулда қондириш, одам савдоси жиноятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган бўлса, қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, туҳмат, босқинчилик, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошганлиги;

- фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судлари томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида жами 7.774 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинганлиги, шундан 6.672 таси ёки 85,8 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилганлиги, 412 таси ёки 5,4 фоизи ишлар ҳаракатдан тугатилганлиги, 690 таси ёки 8,8 фоиз аризалар кўрмасдан қолдирилганлиги, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича жами кўриб тамомланган 1.652 та ишлар бўйича 728 таси ёки 44 фоизи бўйича тарафларни яраштириш ёки даъво талаби асоссиз бўлганлиги сабабли рад қилиш орқали оилаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилинганлиги;

- Бухоро вилоят маъмурий судлари томонидан мазкур даврда
18.118 нафар шахсга нисбатан 13.914 та маъмурий ишлар судларда кўриб тамомланганлиги, шундан 3.288 та иш ёки 25,9 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилганлиги, 8.137 та маъмурий ишлар бўйича 9.581 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган бўлиб, шундан 7.241 та маъмурий иш бўйича 8.568 нафар шахсга нисбатан 8.454.780.164 сўмлик жарима жазоси, 40 та маъмурий иш бўйича 40 нафар шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан махрум қилиш, 853 та маъмурий ишлар бўйича 970 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 2 та маъмурий иш бўйича 2 нафар шахсларга нисбатан жазо қўлланилиб, Ўзбекистон Республикасидан депортация қилинганлиги, ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса ташкилотлар ва аҳоли ўртасида 195 марта маъруза, учрашув ва суҳбатлар ўтказилганлиги, оммавий ахборот воситаларида жами 196 маротаба чиқишлар қилинганлиги;

- Бухоро вилоят иқтисодий судлари томонидан биринчи инстанция судида 2 664 та иш кўриб чиқилганлиги, кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 394 тага ёки 47,3 фоизга камайганлиги, 2 664 та низоли ишларнинг 1 059 таси ёки 40,6 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилганлиги, даъвогар (аризачи)лар фойдасига 172,8 млрд. сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинганлиги, республика бюджетига 1 341,4 млн. сўм ихтиёрий равишда давлат божи тўланган бўлса, суд қарорларига асосан 3 907,4 млн. сўм давлат божи ундирилиши белгиланганлиги, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 78 та (102 та) таъсир чораси қўлланилганлиги, ушбу даврда 153 та тарғибот ишлари амалга оширилиб, шундан оммавий ахборот воситаларида 89 та, шу жумладан телевидениеда 27 та, радиода 15 та, газеталарда 21 та, журналларда 9 та, веб-сайт ва бошқа ахборот воситаларда 17 та чикиш қилинганлиги.

Матбуот анжуманида Бухоро вилояти судлари томонидан жиноятчилик
ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганлиги таъкидланди.