April 12, 2021

Facebook ижтимоий тармоғидаги Халқ назорати – Народный контроль гуруҳида эълон қилинган билдириш юзасидан

Даъвогар - Тупроққалъа тумани Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Қаҳрамон Қуранбой” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ва “Питнак қизил қум” фермер хўжалиги ҳамда “Гулшода Гулчира Гўзал” фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер ижараси шартномаларини бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси билан Боғот туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган.

Мазкур даъво аризаси Боғот туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 3 мартдаги (даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги) ажримига асосан 2021 йил 23 март куни кўриб чиқиш учун тайинланган.

Шу куни, жавобгар - “Питнак қизил қум” фермер хўжалиги ва “Гулшода Гулчира Гўзал” фермер хўжаликлари вакили судга ариза билан мурожаат қилиб, адвокат ёрдамидан фойдаланмоқчи эканлигини ва иш ҳужжатларидан фото нусха беришни сўраган. Жавобгарнинг аризаси қаноатлантирилиб, ишни мазмунан кўриб чиқиш 2021 йил 29 март кунига қолдирилган.

Шу куни Боғот туманлараро иқтисодий суди биносида мазкур даъво аризаси кўриб чиқилди.

Суд мажлисида, даъвогар - Тупроққалъа туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Қаҳрамон Қуранбой” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, Ҳазорасп туман ҳокимлиги ва “Питнак қизил қум” фермер хўжалиги ҳамда “Гулшода Гулчира Гўзал” фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер ижараси шартномаларини бекор қилиш ҳақидаги даъво аризасининг даъво талабини ўзгартириб, Ҳазорасп туман ҳокимлиги ва “Питнак қизил қум” фермер хўжалиги ҳамда “Гулшода Гулчира Гўзал” фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер ижараси шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги аризаси муҳокама қилиниб, тарафларнинг фикри тингланган. Ушбу аризада даъвогар томонидан даъвонинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилганлиги сабабли, ариза қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилди. Бу ҳақда тарафларга маълум қилиниб, рад этиш сабаблари ҳамда ушбу ҳал қилув қароридан норози тараф белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва ОАВ билан

алоқалар бошқармаси