February 7, 2020

Наманган вилояти судлари томонидан брифинг ўтказилди

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди биносида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларини хабардор қилиш мақсадида 2019 йил давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлар таҳлили юзасидан вилоят судлари раислари иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда “Маҳалла”, “Нуроний”, Хотин-қизлар, Ёшлар иттифоқи вакиллари, телевидение, радио, ОАВнинг журналистлари ва фаоллар иштирок этди.

Ўтказилган тадбирда вилоят судлари раислари 2019 йил давомида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлар таҳлили юзасидан муҳим маълумотларни билдирдилар.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судлари судьялари томонидан 2019 йил давомида 2.684 нафар шахсга нисбатан 2.151 жиноят иши кўрилиб, 1.943 нафар шахсга нисбатан 1.436 та жиноят ишлари ҳукм чиқариш билан, 731 нафар шахсга нисбатан 705 та жиноят иши бўйича ҳаракатдан тугатиш билан якунланган.

Судларнинг инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида 2019 йил давомида 31 нафар шахс оқлангани, Мухтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномаларида “Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир, мен Президент сифатида судьяларнинг бу жасоратини ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман” – дея айтган гаплари тасдиғидир.

Шунингдек, 181 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган.

ЖКнинг 57-моддаси тартибида жиноят содир этган 753 нафар ёки 28.0 фоиз шахсларга енгилроқ жазо тайинланган.

71 нафар ёки 3.0 фоиз шахслар шартли ҳукм қилинган, 1.787 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

25 нафар шахсларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.

717 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниб, «судланган» деган тамға босилишидан асраб қолиниши қонунчиликка киритилган ярашув институтининг ҳосиласидир.

Жиноятчиликни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадида

1009 та ёки 47,00 фоиз жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган.

1.363 та ёки 63,37 фоиз ишлар бўйича жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида хусусий ажримлар чиқарилган.

Оғзаки ҳуқуқий тарғибот ишлари жами 974 та ўтказилган бўлиб шундан, 685 та маърузалар, 262 та давра сухбатлари, 25 та семинарлар, 2 та конференциялар ташкил этган.

Оммавий ахборот воситалари орқали жами 1138 та, шундан: телевиденияда 148 та, радиода 94 та, чиқишлар ташкил қилинган, газета-журналларда 227 та, веб-сайт ва бошқа ахборот воситаларида 669 та чиқишлар ташкил қилинган.

Судлар жамоатчилик вакиллари билан имзоланган Меморандум доирасида етарлича ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, МФЙ кафиллиги асосида 57 нафар шахсга нисбатан, Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида 10 нафар аёлларга нисбатан, 52 нафар ёшларга Ёшлар иттифоқининг кафиллиги асоссида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Шунингдек, судларга келиб тушган жисмоний ва юридик шахс мурожаатларининг 261 таси қаноатлантирилган, 1.431 тасига тушунтириш берилган, 4 та мурожаат рад этилган, 36 та мурожаат тегишлилик (тааллуқлилик) бўйича юборилган.

Брифингга телевидение, ҳудуддаги барча ОАВ вакиллари таклиф этилгани, судлар жамоатчиликка етказишни истаган маълумотларни янаям кенгроқ аудиторияга етказилишини таъминлади.

Давлатмирза Камилов,

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси