February 13, 2020

2020 ЙИЛ 7 ФЕВРАЛДА “ОЗОДЛИК” РАДИОСИНИНГ TELEGRAM-КАНАЛИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “УЧ ЖОННИНГ ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛГАН ШИФОКОР АХЛОҚ ТУЗАТИШ ЖАЗОСИ БИЛАН ҚУТУЛДИ” САРЛАВҲАЛИ ХАБАРГА ОИД МАЪЛУМОТ

Жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг иш юритувига Азиз Холмуродовга оид жиноят иши 2019 йил 8 ноябрь куни келиб тушган бўлиб, жиноят ишини суд мажлисида кўриш тўғрисида 2019 йил 13 ноябрь куни қарор чиқарилиб, ишни кўриш 2019 йил 19 ноябрь куни бошланган.

2020 йил 16 январь куни иш бўйича жабрланувчи М. Нормуродовга етказилган моддий ва маънавий зарарлар тўлиқ бартараф қилинганлиги ва унинг судланувчига енгиллик беришни сўраб, ариза тақдим қилганлиги ҳамда судланувчининг айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилада ягона ёлғиз боқувчи эканлиги ва жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатлари инобатга олиниб, А. Холмуродов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланиб, 1 йилга тиббиёт муассасаларида акушер-гинеколог шифокори лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) татбиқ қилиниб, ҳар ойда иш ҳақининг 20% миқдорида давлат фойдасига ундириш шарти билан 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

 Суднинг ушбу ҳукми юзасидан бу кунга қадар шикоят ёки протест келтирилмаганлиги маълум қилинади.

 Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати