АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ БОСҚИЧ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди, десак янглишмаймиз.
Мурожаатномада давлат раҳбари суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш борасида ҳам ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Табиий савол туғилади нима ўзгаради-ю, янги тартибнинг фуқароларга яратган қулайлиги ва енгиллиги нимада?
Ҳозирги кундаги судлар амалиётида апелляция ва кассация инстанцияси судлари бир хил вазифани бажариб, биринчи инстанция судларининг қарорларини қайта кўриб чиқади. Улар бири қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, иккинчиси эса қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиши билан фарқланади.
Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ эса, апелляция инстанцияси судида қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, апелляция инстанциясида кўриб чиқилган ишларни эса кассацияда кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.
Шунинг моқда. Жумладан, бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилиниб, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд - биринчи инстанция (туман, шаҳар судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича вилоят судлари, апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) тизими яратилади. Бу билан кассация тартиби вазифа ва ваколатларини такрорловчи амалдаги назорат тартибида иш юритиш бекор қилинмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтирилмоқда.
Судларга кассация тартибида шикоят беришнинг 6 ой бўлган муддати 1 йил этиб белгиланмоқда.
Мазкур ўзгартиришлар фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириб, уларнинг ортиқ оворагарчиликларининг олдини олади. Судларда адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлайди. Бу эса суднинг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, қонун устуворлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Саиджон Бадриддинов
Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди раиси