С. ЭРМАТОВНИНГ ИШИГА ОИД

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Антикоррупция гуруҳи”да фойдаланувчи Сардор Эрматов эълон қилган мурожаати юзасидан маълумот

С. Эрматовнинг мурожаатида Жиззах шаҳар маъмурий судининг судьяси томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 176-3-моддаси (автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатларини юритиш қоидалари жиддий бузилгани, иш ҳужжатлари асоссиз равишда суриштирувга қайтарилгани, иш бўйича гувоҳ суд мажлисига чақирилмагани сабабли Жиззах шаҳар маъмурий судининг судьясига нисбатан хизмат текшируви ўтказиб, уни судьялик лавозимидан озод қилиш сўралган.

Жиззах шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 19 майдаги қарорига кўра, С. Эрматов Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 176-3-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, МЖтКнинг 33-моддаси (енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари - 1 115 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан кассация тартибида шикоят ёки протест келтирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 324-1-моддаси (суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан кассация шикояти (протести) бериш тартиби) га кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг қарори устидан кассация шикояти беришга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 321-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида берилган шикоят ёки билдирилган протестни кўриб чиқувчи органнинг (мансабдор шахснинг) қарори) га кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун: орган (мансабдор шахс) томонидан ишни тўлиқ бўлмаган ҳолда ёки бир томонлама кўриб чиқилиши; орган (мансабдор шахс) ҳал қилув қарорининг ва Кодекс Махсус қисмининг қўлланилган нормалари ва маъмурий жавобгарлик назарда тутилган бошқа норматив ҳужжатлар ишнинг фактик ҳолатларига мос келмаслиги; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларининг жиддий бузилиши; қўлланилган маъмурий жазонинг адолатсизлиги асос бўлиб ҳисобланади.

Мурожаатдаги, Жиззах шаҳар маъмурий судининг судьяси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатларини юритиш қоидалари жиддий бузилгани ҳақидаги важлари юзасидан кассация шикояти асосида вилоят маъмурий суди кассация босқичида кўриб чиқилиб, важлари тасдиғини топган тақдирда биринчи босқич суди қарори бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги маълум қилинди.

 Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли Қонуни билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш, шунингдек, судьянинг интизомий жавобгарлиги, судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш масалалари тегишли судьяларнинг малака ҳайъатлари томонидан ҳал этилади.

С. Эрматовга қонун талабларига кўра, суд қароридан норози бўлса ўзи ёки адвокат юридик ёрдамидан фойдаланган ҳолда Жиззах вилоят маъмурий судига кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш хусусида асосли важлар билан тегишли судьялар малака ҳайъатига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилгани маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати