January 8, 2021

Судлар томонидан “Аёллар дафтари”да ҳисобга олинган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида сайёр қабул ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, ишларни янада жадаллаштириш ва аёллар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш бўйича берган топшириқларига кўра, жорий йилнинг 8 январь куни Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган болалар мусиқа мактаби биносида Наманган вилоят суди раислари ва судьялари томонидан Тўрақўрғон туман ҳокимияти, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман прокуратураси, адлия бўлими, туман давлат хизматлари агентлиги, туман ИИБ, туман кадастр бўлими ва бошқа мутасадди идора вакиллари билан ҳамкорликда Тўрақўрғон туманида яшовчи “Аёллар дафтари”да ҳисобга олинган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги сайёр қабул ўтказилди.

Ўтказилган сайёр қабул жараёнида фуқаролардан жами 9 та мурожаатлар, жиноят ишлари бўйича 1 та, фуқаролик низолари бўйича 2 та, давлат хизматлари агентлиги орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш 2 та, 2 та уй-жой ажратиш юзасидан ҳамда 2 та МИБ томонидан қарздордан алимент ундириш чоралари кўрилмаётганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушди.

Фуқаролик низолари бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 2 таси, яъни уй-жойга киритиш ва алимент ундириш бўйича аризалар ёзишда амалий ёрдам кўрсатилиб, мазкур аризалар Чуст туманлараро судининг иш юритувига қабул қилинди.

Ажралиш арафасида турган 7 нафар оила яраштирилди.

Жиноят ишлари бўйича келиб тушган 1 та мурожаат юзасидан кассация шикояти қабул қилинди.

Наманган вилоят судьяларининг Наманган вилоятининг бошқа туманларида ҳам “Аёллар дафтари”да ҳисобга олинган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги сайёр қабуллар ўтказилиши режалаштирилди.

Вилоятимиз истиқомат қилиб келаётган “Аёллар дафтари”да ҳисобга олинган хотин-қизлар иштирокида тизимли равишда ўтказиб келинаётган очиқ ва самимий сайёр қабул жараёнларида Наманган вилоят суди томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида улар кўтараётган масалалар, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб муаммолар юзасидан атрофлича процессуал қонун талабларини тушунтирилиши натижасида “Аёллар дафтари”да ҳисобга олинган хотин-қизларнинг узоқ вақтдан буён қизиқтириб келаётган масалалар ечимини топилишига эришилмоқда ҳамда низолар сони, судларга ташриф буюрувчи фуқаролар оқимини кескин камайишига олиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Наманган вилоят суди келгусида ҳам муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан инсон ва унинг манфаатлари йўлида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширилишида ўз фаолиятларини одил судловни таъминлашга, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлашлари маълум қилинади.