И. АЙТИМОВ ВА БОШҚАЛАРГА ОИД ЖИНОЯТ ИШИ БЎЙИЧА
Facebook ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчи Жасурбек Ибрагимовнинг билдириши юзасидан маълумот
И. Айтимов, С. Латипова, З. Бекчанова ва Ш. Жиянбаевга оид жиноят ишида, И. Айтимов 2015 йил 3 сентябрдан 2019 йил 27 февралга қадар Тўрткўл индустриал педагогика касб-ҳунар коллежи ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, коллеж директори Ш. Жиянбаев, коллежнинг касбий таълим бўйича директор ўринбосари С. Латипова билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир неча фуқароларга тегишли ихтисосликларини берувчи касб-ҳунар коллежи дипломлари ҳамда унга иловаларини расмийлаштириб, расмий ҳужжатни била туриб, ғаразгўйлик ниятларида қалбакилаштириб, ушбу қалбаки касб-ҳунар коллежи дипломларини юқоридаги кўрсатилган шахсларга фойдаланиши учун тақдим этган.
Судланувчилар И. Айтимов, Ш. Жиянбаев, С. Латипова ва З. Бекчанова юқоридаги ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилганликда айбланган.
Бундан ташқари судланувчилар И. Айтимов, З. Бекчанова ва С. Латиповалар Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган.
Шунингдек, дастлабки тергов органи томонидан И. Айтимов эгаллаб турган мансаб ваколатларидан бойлик орттириш мақсадида фойдаланиб, моддий жавобгарлигида бўлган 28 млн. 171 минг 270 сўм коллеж балансидаги асосий воситалар ва товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган деб, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди билан асоссиз айб эълон қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Қораўзак туман судининг 2020 йил 24 августдаги хукмига кўра И. Айтимовнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноят аломатлари йўқлиги сабабли, ишнинг ушбу тарафи Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-қисми 2-бандига асос тугатилиб, Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 205-моддаси 1-қисмидан назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва Жиноят кодексининг 70-модда (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) сига асосан жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинган.
З. Бекчанова, Ш. Жиянбаев Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинган.
С. Латипова Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинган.
Суд судланувчилар И. Айтимов, С. Латипова, З. Бекчанова ва Ш. Жиянбаевларга Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан намунали хулқи эга эканлиги жамоат ишларида фаол эканлиги хакидаги тавсифномаларина инобатга олишни, мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи таввсифномаси, жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсадини, жиноят содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни ҳамда бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриш вақтига келиб, шароит ўзгарганлигини, унинг шахси ижтимоий хавфлилик даражасини йўқотган деган қатьий хулосага келиб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 70-моддасини қўллаб, жазодан озод қилишни лозим топган.
Жиноят иши бўйича тарафлардан шикоят, прокурор томонидан протест келиб тушмаганлигини сабабли иш апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати