КАРАНТИНДА ҚОНУННИ БУЗГАНЛАР ЖАЗОЛАНДИ
Ҳозирги кунда ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик, жамоат жойида тиббий ниқоб тақиб юриш юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг бурчи. Бунда фуқаролар нафақат ўз соғлиғини асрайди, балки ҳозирги вақтда кенг тарқалаётган коронавирус инфекциясини жиловлашга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
Афсуски, айрим фуқаролар белгиланган талабларга амал қилмай турли ҳуқуқбузарликларни содир этмоқдалар.
Хусусан, 2020 йил 8 май Наманган вилоят маъмурий судида карантин талабларини бузган бир неча фуқаролар иши кўриб чиқилди.
Унга кўра фуқаро О.Хайдаров ва Ш.Маматовлар 2020 йилнинг 6 май куни соат 18:00 ларда карантин қоидаларини бузиб, Ш.Маматовнинг яшаш хонадонида ифторлик қилиш мақсадида Наманган шаҳар, Навбаҳор МФЙ ҳудудида жойлашган “555” номли савдо дўкони олдида йўлни пиёда кесиб ўтаётганларида, С.Исмоилов ўзининг бошқарувидаги “Малибу” русумли, 50 V 339 РА давлат белгили автомашинада ёнларидан тез ҳаракатлангани учун, у билан ўзаро тортишиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, бақир-чақир қилиб, уятли сўзлар билан сўкиниб, майда безорилик ҳаракатларини содир этишган.
Шундан сўнг, О.Хайдаров ва Ш.Маматовлар пиёда яшаш хонадонлари томонга ҳаракатланиб, Наманган шаҳар, Мустақиллик МФЙ, 1-кичик туман ҳудудида жойлашган “Ника” номли тунги клуб олдига келган вақтида С.Исмоилов О.Хайдаровга қўнғироқ қилиб, улар билан кўришиб гаплашиб олмоқчи эканлигини айтиб, ушбу кичик туманда жойлашган “Автосалтанат” МЧЖга тегишли бинода кўришишга келишган.
Шу куни соат 19:00ларда О.Хайдаров ва Ш.Маматовлар С.Исмоиловнинг чақирувига кўра, ўзлари билан биргаликда Ш.Маматовнинг яшаш хонадонига ифторлик қилиш мақсадида келган танишлари М.Кодиров ва З.Бекмамбетовлар билан биргаликда “Автосалтанат” МЧЖ биноси ҳовлисига борганлар.
С.Исмоилов низони гуруҳ бўлиб ҳал қилиш мақсадида М.Исмоилов, А.Худайбердиев, Ш.Шахвалиев, М.Салохиддинов, А.Шарипов, А.Зокиров ва З.Бекмамбетовлар билан бир гуруҳ бўлиб, Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиб, яшаш уйини заруратсиз тарк этиб, ниқобсиз ҳолда А.Зокиров ўзининг иш юритувида бўлган Наманган шаҳри 1-кичик тумандаги “Автосалтанат” МЧЖда ҳовлисида шароит яратган натижада С.Исмоилов ва О.Хайдаровлар ўртасидаги келишмовчиликни ҳал қилиш мақсадида у ерга бир гуруҳ бўлиб келган О.Хайдаров, Ш.Маматов, З.Бекмамбетов, М.Кодировлар билан ўзаро жанжаллашиб, бақир-чақир қилиб, жамиятда ўрнатилган юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, фуқароларнинг осойишталигини бузиб, майда безорилик ҳаракатларини содир этганлар.
Шунингдек, ушбу шахслар воқеа жойига фуқароларнинг чақирувига кўра етиб келган Наманган шаҳар ИИБ ходимларининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаганлар ушбу юзасидан ҳуқуқбузарларга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.
Суд ҳуқуқбузар О.Хайдаров, Ш.Маматов, С.Исмоилов, М.Исмоилов, А.Худайбердиев, Ш.Шахвалиев, А.Шарипов, М.Салохиддинов, Қ.Алимбеков, М.Кодиров ва З.Бекмамбетовларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 54-моддасининг 2-қисми,
183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топиб, ҳуқуқбузарларга жазо тайинлашда уларнинг ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини бир гуруҳ бўлиб содир этганлигини ҳамда ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттирганлигини, жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларининг келиб чиқиш сабаби ва уларнинг иштирокчилик даражасини инобатга олиб, қонун санкцияси доирасида маъмурий қамоққа жазоси тайинлаган.
Салохитдин Турсунов,
Наманган вилоят маъмурий суди раиси