March 10, 2020

ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР САМАРАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни Мухаммад ал-Хоразмий номли мактабда ўтказган ёшлар билан учрашуви жараёнида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан Кармана туманида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида учрашув бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди раиси Ж.Каримов, туман ёшлар иттифоқи раиси Ф.Юсупов ва туман ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этишди.

Учрашувда сўзга чиққанлар ёшларни ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, уларда Ватанга, қонунларга ҳурмат руҳини кучайтириш борасида тинмай иш олиб боришлари кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, туман ёшлар иттифоқи раиси Ф.Юсупов ўз чиқишида асосий эътиборни ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибордан самарали фойдаланган ҳолда илм ўрганиб, бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, китоб ўқиб, ватанимизга фидойи кадр бўлиб етишишларга қаратди.

Учрашув сўнгида ушбу мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларга бадиий, тарихий китоблар жамланмаси совға қилинди.

Шу куни туманнинг “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр суд мажлисида жазони ўтаётган 7 нафар ёш маҳкумнинг ишлари кўриб чиқилиб, инсонпарварлик актини қўллаб, ушбу маҳкумлар жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Айтиш жоизки, ёшларни қийнаётган муаммолар ечими ҳамжиҳатликда изланмоқда ва энг мақбул чоралар топилмоқда. Қолаверса, ёшлар билан учрашувда тарғибот ва ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилиши ҳамда юзма-юз учрашув, очиқ мулоқотлар илм-муассасалардаги ўқувчиларнинг ҳуқуқий билим савиясини оширишда туртки бўлмоқда.

Жаҳонгир Каримов,

Жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди раиси