Отабек Артиковнинг Telegram-каналида эълон қилинган билдириш юзасидан
Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан айб эълон қилинган Ҳ. Р. га оид жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриш 2021 йил 5 февраль куни соат 11.00 га тайинланган бўлиб, ишда иштирок этувчи тарафларга чақирув хатлари юборилган.
Бироқ, шу куни судланувчи Ҳ. Р., жабрланувчи М. М. узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаган. Шу сабабли суд муҳокамаси 2021 йил 10 февраль куни соат 10.00 га қолдирилган ва такроран чақирув хатлари юборилган.
2021 йил 10 февраль куни суд мажлисида иштирок этиш учун келган шахслар, шу жумладан, айрим интернет нашрлари вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни фуқаролик паспортлари ёки хизмат гувоҳномаларини кўрсатган ҳолда камералари билан суд биносига киритилган. Бироқ, ўзларини блогер деб таништирган Умид Каримов ва Отабек Артиков ҳам қўриқлаш бўлими ходимларига қўл телефонларини олиб киришларини маълум қилишган.
Қўриқлаш бўлими ходимлари икки блогерга очиқ суд мажлисига киришга ҳақли эканликлари, барча фуқаролар каби судда ўрнатилган тартибга риоя қилишлари ва алоқа воситаларини қолдириб киришлари лозимлигини тушунтиришган.
Шу куни соат 10.50 да суд муҳокамаси бошланган ва раислик этувчи томонидан ОАВ вакилларининг иштирок этишлари юзасидан тарафларнинг фикрлари тингланиб, интернет нашрлар вакилларига суд жараёнида иштирок этишлари ва видеотасвирга олишларига рухсат берилган. Блогерлар У. Каримов ва О. Артиковга очиқ суд мажлисида иштирок этишларига рухсат берилган, лекин уларнинг суд жараёнини видеотасвирга олиш ҳақидаги илтимослари рад қилинган.
Суд жараёнида судланувчи Ҳ. Р. айблов хулосасини олмаганини маълум қилди.
Жиноят-процессуал кодексининг 434-моддаси (судланувчининг шахсини ва унга процессуал ҳужжатларнинг нусхалари топширилган вақтни аниқлаш) талабига кўра судланувчига айблов хулосаси нусхаси топширилиши ва унга танишиб чиқиш учун камида уч сутка вақт берилиши лозимлигини инобатга олиб, суд муҳокамаси 2021 йил 16 февраль куни соат 14.00 га қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан ҳамкорлик бошқармаси