October 5, 2020

О. АБДУЛЛАЕВАНИНГ ИШИГА ОИД

Facebook ижтимоий тармоғидаги фуқаро Ольга Абдуллаеванинг видеомурожаати юзасидан маълумот

Даъвогар - “Training Project” МЧЖ судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар - О. Абдуллаевани оила аъзолари билан бошқа турар жой берган ҳолда уйдан кўчириш, мулк ҳуқуқини тугатиш ва турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2019 йил 11 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган.

Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Тепақўрғон 2-берк кўчаси, 7-уйга О. Абдуллаеванинг мулк ҳуқуқи тан олинган.

Жавобгар О. Абдуллаева Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, С.Азимов кўчаси, 3-муюлиш, 15а-уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилган.

Жавобгар О. Абдуллаевани оила аъзолари билан биргаликда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, С. Азимов кўчаси, 3-муюлиш, 15а-уйдан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Тепақўрғон 2-берк кўчаси, 7-уйга кўчириш белгиланган.

Жавобгар О. Абдуллаеванинг Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, С. Азимов кўчаси, 3-муюлиш, 15а-уйга нисбатан мулк ҳуқуқи тугатилган.

“Training Project” МЧЖнинг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Тепақўрғон 2-берк кўчаси, 7-уйга нисбатан мулк ҳуқуқи тугатилган.

“Training Project” МЧЖ зиммасига жавобгар О. Абдуллаеванинг Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, С. Азимов кўчаси, 3-муюлиш, 15а-уйдан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Тепақўрғон 2-берк кўчаси, 7-уйга кўчиш харажатларини қоплаш юклатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 13 мартдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори даъвогар “Training Project” МЧЖдан жавобгар О. Абдуллаева фойдасига 268 730 911 сўм ундириш ҳақидаги қисми билан тўлдирилган ҳолда ўзгаришсиз қолдирилган.

Жавобгар О. Абдуллаева суд қарорларига нисбатан назорат тартибида шикоят келтириб, унга амалда эгалигида бўлган уйига тенг қийматдаги турар жой берилмаганлиги, ер участкасига нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи баҳоланмаганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори талаблари нотўғри талқин қилинганлиги, натижада унинг мулк ҳуқуқи бузилганлиги, судлар ушбу ҳолатларни тўлиқ текширмасдан, уларни уйдан кўчириш ҳақида нотўғри хулосага келганлигини маълум қилган ҳамда суд қарорларининг ижросини тўхтатиб туришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 10 сентябрдаги ажрими билан фуқаролик иши назорат тартибида ўрганиш учун чақиртирилиб, суд қарорларининг ижроси шикоят назорат тартибида ўрганиб чиқилгунга қадар тўхтатилди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати