Facebook да эълон қилинган С. Ҳусенованинг билдириши юзасидан
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил 23 февралдаги ҳукмига кўра, дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 3 қисмлари билан айбланган Саида Ҳусенованинг ҳаракатларида ушбу жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, у айбсиз деб топилиб, оқланган.
Гувоҳ Т. Рашидовнинг апелляция шикояти ҳамда Бухоро шаҳар прокуратурасининг протести асосида жиноят иши Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилган.
Апелляция судлов ҳайъатининг 2021 йил 24 майдаги ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил 23 февралдаги ҳукми бекор қилиниб, Саида Ҳусенова Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 3 қисмлари билан айбли деб топилиб, мазкур кодекснинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинган.
С. Ҳусенованинг ўзига оид жиноят иши бўйича юритилган апелляция судлов ҳайъати мажлиси баённомаси билан танишиб, фотонусха олиш тўғрисидаги аризаси жорий йилнинг 4 июнь куни вилоят судига келиб тушган.
Аниқланишича, ҳақиқатан ҳам муайян сабабларга кўра С. Ҳусеновани суд мажлиси баённомаси билан таништириш имкони бўлмаган. 2021 йил 29 июнь куни С. Ҳусеновага мазкур сабаблар батафсил тушунтирилган. Мурожаатчининг илтимосига биноан унинг қизи Ҳ. Ҳусенова жиноят иши юзасидан юритилган апелляция судлов ҳайъати мажлиси баённомаси билан таништирилиб, унга амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ баённомадан фотонусха олиш имкони яратиб берилганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бошқармаси