February 12, 2020

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ

Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий холдир.

Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатларини ҳамда виждонини ўзининг нафсидан, мол-дунёга бўлган хою-ҳаваслардан, умуман, ўз манфаатларидан устун қўймай туриб Ватан равнақига ҳисса қўшиб бўлмайди.

Бунинг учун инсонда юксак маънавият ва унинг негизида юксак ҳуқуқий маданият шаклланган бўлиши керак.

Бироқ инсоннинг ана шундай олий мақсадларга бўлган интилишига тўсиқ бўлувчи ва унга хавф солувчи бир иллат борки, у “коррупция” деб аталади. Коррупция халқона тилда содда қилиб айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб моддий наф ёки номоддий манфаат кўришидир.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча жабҳаларда бўлгани каби коррупция, унинг келиб чиқиши, унга йўл қўймаслик, жамиятни ушбу манфур иллатдан тозалаш бўйича қатъий ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу иллатга қарши кескин курашмай туриб давлат ва жамиятни ривожлантириш мумкин эмаслигини кундалик ҳаётнинг ўзи исботлаб берди. Шу боисдан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судларида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва суд ходимлари ўз хизмат вазифаси ва фуқаролик бурчини бажаришга виждонан ёндашиб, тараққиёт кушандаси ҳисобланмиш коррупция деб аталмиш жирканч иллатга қарши курашда муносиб тарзда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ҳусусан, 2018 йил ноябрь ойининг 12-санасида фуқаро Э.Хайдаров (исм-шариф ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судья ёрдамчиси Г.Жўрабаоевадан судья Ш.Ахунбаевнинг иш юритувида бўлган фуқаролик иши бўйича экспертиза хулосаси юзасидан тушунтириш олиб, қаршилик кўрсатишига қарамасдан целлофан конвертга солинган дафтарни “ишлатасиз” деб ташлаб кетган.

Г.Жўрабоева зудлик билан бу ҳақда суд раисига ҳабар бериб, холислар иштирокида конверт ичига қаралганда унда 5 000 (беш минг) сўмлик пуллар мавжудлиги аниқланган ва ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, айбдорга нисбатан қонунда белгиланган чора кўриш учун Фарғона шаҳар ички ишлар бўлимига хабарнома берилган.

Бундан ташқари, 2019 йил 8 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судья ёрдамчиси М.Холиқова ишларни якунлаб, суд мажлиси залидаги стол устини тартибга келтириш чоғида ҳужжатлар орасидаги конвертларнинг бирини ичида 100 АҚШ доллари миқдоридаги пул борлиги аниқланган.

М.Холиқова дарҳол судья Э.Исмоилов ва суд раисига ҳабар берган. Ҳолат юзасидан холислар иштирокида далолатнома тузилган ва далилий ашё сифатида олинган пуллар билан биргаликда масалага қонуний баҳо бериш учун Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилган.

Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текишириш давомида пул маблағларининг кимга тегишли эканлиги, қачон ва ким томонидан нима мақсадда олиб келинганлиги аниқланмаганлиги сабабли тўпланган хужжатлар якунига кўра бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги боис жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам суд ходимлари ўзларини йўлдан уришга уринган шахсларнинг макр-ҳийласига учмай, нафс йўлига кирмасдан, фуқаролик бурчига содиқ қолиб, виждон амрига бўйсунган ҳолда айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилишини истаб раҳбариятга хабар берган ва суд ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этилиши олдини олинишига муносиб хисса қўшган.

Шу муносабат билан, жорий йил 8 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоятининг барча судья ва суд ходимлари иштирокида тадбир ўтказилиб, унда фуқаролик бурчини ва хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб судда коррупцияни келиб чиқишининг олдини олишда қўшган хиссаси учун юқорида номлари зикр этилгна судья ёрдамчилари вилоят суди раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бу каби тадбирларни ўтказилиши коррупциянинг келиб чиқишини олдини олишга, атрофда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

 Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди