July 13, 2021

YouTube тармоғида эълон қилинган А. Ҳакимов ва М. Ҳакимованинг видеомурожаати юзасидан

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2021 йил 4 июндаги ҳукмига кўра, Нодир Тўхтапўлатов Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукмига кўра, Н. Тўхтапўлатов 2021 йил 3 январь куни тахминан соат 19:30 ларда Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Байрам кўчасида жойлашган “Оталар оромгоҳи” чойхонаси олдида фуқаро А. Ҳакимов унинг отасини “кўрсан” деб ҳақорат қилганидан хабар топган. Натижада ўта шафқатсизлик билан безорилик оқибатида А. Ҳакимовнинг ўғли Абдулазиз Ҳакимовнинг юз қисмига мушти билан бир неча маротаба урган. Сўнгра А. Ҳакимов ерга йиқилиб, ҳушидан кетганига қарамай, бош қисмига оёғи билан тепиб, унга тан жароҳати етказган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, оғир тан жароҳати етказилиши оқибатида Абдулазиз Ҳакимов шифохонада вафот этган.

Айни пайтда судланган Н. Тўхтапўлатовга оид жиноят иши Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда.

Ишни кўриш 2021 йил 1 июль куни бошланиб, судлов ҳайъати аъзоларидан бири бетоблиги сабабли суд мажлиси номаълум муддатга қолдирилган.