June 17, 2020

OZODLIK RADIOSIнинг FACEBOOK ИЖТИМОИЙ ТАРМОҒИДАГИ САҲИФАСИДА ВА YOUTUBE ТАРМОҒИДАГИ КАНАЛИДА 2020 ЙИЛ 12 ИЮНДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “СУРУМ ФОЖИАСИ: АДОЛАТ ҚАРОР ТОПАДИМИ?” ВИДЕОЛАВҲАГА ОИД МАЪЛУМОТ

Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судида судланувчилар Н. Нарбаев (1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, Қуйичирчиқ тумани ИИБ 9-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори лавозимида ишлаган), Ж. Мусаев (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, Қуйичирчиқ тумани ИИБ ташкилий бўлинма навбатчилик қисмининг катта инспектор-навбатчиси лавозимида ишлаган), Ғ. Тожикулов (1971 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, “Global Trans Qurilish Montaj” МЧЖ раҳбари), М. Соатов (1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, Тошкент шаҳар бўйича ҳудудий газ таъминот филиали бошлиғи вазифасини бажарувчи), Ш. Базарбаев (1951 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, Саноат хафсизлиги давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг бош мутахассиси-давлат инспектори лавозимида ишлаган) ва А. Мирсаликов (1965 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Инновация бизнесни стратегик ривожлантириш бош бошқармаси мутахассиси) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтмоқда.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ тумани суди раиси Баҳодир Жўраев раислигида кўриб чиқилмоқда.

Судланувчилар Н. Нарбаев Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” банди, 230-1-моддаси (далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш)) 2-қисми “а” банди, 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми “б” банди;

Ж. Мусаев Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди, 230-1-моддаси 2-қисми “а” банди, 241-1-моддаси 2-қисми “б” банди;

Ғ. Тожикулов Жиноят кодексининг 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари;

М. Соатов Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а”, “б” бандлари;

Ш. Базарбаев Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди;

А. Мирсаликов Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а”, “б” бандлари назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Ҳозирги кунда суд тергови ўтказилиб, судланувчилар, жабрланувчиларнинг қонуний вакилларининг кўрсатмалари тингланди.

Суд жараёни давом этмоқда. Кейинги суд мажлиси 19 июнь куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати