KUN.UZ САЙТИДА 2020 ЙИЛ 19 ИЮНЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН «ЖИГАРБАНДИМНИ ҚИЙНАБ ЎЛДИРИШГАН!..» – ТЎРТ ЙИЛ БУРУН ҚАМОҚХОНАДА ЖОНИ УЗИЛГАН МАҲКУМНИНГ ОНАСИ ҲАМОН ҲАҚИҚИЙ АЙБДОРЛАР ЖАЗОЛАНИШИДАН УМИДВОР» САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА ОИД
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан М. Эшатовга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг иш юритувига 2016 йил 12 октябрь куни келиб тушган бўлиб, суднинг 2016 йил 17 октябрдаги қарорига асосан мазкур жиноят ишини судда кўриш 2016 йил 25 октябрь кунига тайинланган. Иш бўйича ҳукм 2016 йил 1 ноябрь куни ҳукм эълон қилинган.
М. Эшатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддасининг 3-қисми билан айбли деб топилиб, 1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 2-банди татбиқ этилиб, барча судланувчилар тайинланган асосий жазодан озод қилинган.
Жабрланувчи С. Шермуҳаммедовнинг қонуний вакили Р. Шермуҳаммедованинг шикоятига асосан иш апелляция тартибида кўрилиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 24 ноябрдаги ажримига асосан суднинг ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантиришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 25 январдаги ажримига асосан жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг 2016 йил 1 ноябрдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 24 ноябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят ишини янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборилган.
Уўбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг иш юритувига 2018 йил 14 февраль куни келиб тушган бўлиб, 2018 йил 20 февралдаги қарорига асосан жиноят ишини суд мажлисида кўриш 2018 йил 27 февраль кунига тайинланган.
2018 йил 26 март, 27 июль кунлари судга оид қайта комиссион тиббиёт экспертизалари тайинлаш ҳақида суд ажримлари қабул қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2018 йил 8 августдаги ажрим билан жабрланувининг қонуний вакили Р. Шермуҳаммедованинг Навоий вилоят прокуратураси ҳамда жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судларига берган рад этиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 16 августдаги жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақидаги қарорига асосан М. Эшатовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши суд мажлисида кўрилиши учун 2018 йил 25 август кунига тайинланган.
Суднинг 2018 йил 30 август куни ўтказилган мажлисида жабрланувчи С. Шермуҳаммедовнинг қонуний вакили Р. Шермуҳаммедова ва унинг ҳимоячиси – адвокат А. Нугмонов илтимоснома киритишиб, маҳкум С. Шермуҳаммедовнинг ўлимини аниқлаштириш мақсадида қўшимча комиссион суд-тиббиёт экспертизаси тайинлашни сўраган.
Суднинг шу кунидаги ажримига кўра, илтимоснома қаноатлантирилиб, жиноят иши бўйича қўшимча комиссион суд тиббий экспертизаси тайинланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Суд-тиббий экспертиза бош бюросининг 2018 йил 12 октябрдаги қўшимча комиссион суд-тиббиёт экспертиза хулосасига кўра, С. Шермуҳаммедовнинг ўлими соматик касаллик натижасида юз берганлигини, унинг танасида аниқланган қонталаш ва қон қуйилишлар ДВС-синдромининг риожланиши натижасида келиб чиққанлигини, УЯ 64/47-сонли ЖИЭМ бош шифокори М. Эшатов тўғри ташхис қўймаганлиги оқибатида 4 кунлик муддат бой берилганлиги, Навоий тиббиёт бирлашмаси ва РШТТЁИМ Навоий вилоят филиали шифокорлари томонидан амалдаги йўриқномаларга асосан тиббий хизматлари тўғри кўрсатилганлиги аниқланган.
Суднинг 2018 йил 2 ноябрдаги ажримига кўра, жиноят ишининг мазмунан кўрилиши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раисининг розилиги билан 4 ойгача, яъни 2018 йил 25 декабрга қадар узайтирилган.
Суднинг 2018 йил 30 августдаги ажримига асосан ўтказилган қўшимча комиссион суд тиббий экспертизаси тайинланиб, унинг 2018 йил 12 октябрдаги йилдаги 94-сонли хулосаси олинган.
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили Р. Шермуҳаммедованинг ҳимоячиси - адвокат А. Нугмонов судга илтимоснома билан мурожаат этиб, қўшимча комиссион суд тиббий экспертизасининг 2018 йил 12 октябрдаги 94-сонли хулосасида бир қатор қарама-қаршиликлар мавжудлигини, бу ҳолатни суд мажлисида сўроқ қилинган эксперт ва шифокорларнинг кўрсатмалари ҳам тасдиқлаганлиги сабабли, ҳақиқатни аниқлаш мақсадида қайта комиссион комплекс суд-тиббиёт экспертизаси тайинлашни сўраган.
Суднинг 2018 йил 5 декабрдаги ажримига асосан ўтказилган қўшимча комиссион суд тиббий экспертизаси тайинланиб, ўтказилган қайта комиссион суд тиббий экспертизасининг 2019 йил 22 январдаги 126-сонли хулосасида марҳум С. Шермуҳаммедовнинг ўлими - ҳаётийлигида олган қўшма жароҳатлари натижасида уларнинг асоратланиши билан давом этган ўткир полиорган етишмовчиликлар оқибатида келиб чиққанлиги, ушбу ташхис - Республика патологоанатомия маркази (2019 йил 4 январь) ҳамда Врачлар малакасини ошириш институти патанатомия ва суд тиббиёти кафедраси (2018 йил 17 декабрь) да ўтказилган назорат-гистолик текширувлар ҳамда Республика суд тиббий экспертиза илмий амалий марказида суд-криминалистик (2019 йил 8 январь), суд-гистологик (2019 йил 10 январь) текширувлари натижалари билан ўз тасдиғини топганлиги, марҳум С. Шермуҳаммедовга УЯ 64/47-сонли ЖИЭМнинг тиббиёт бўлими, Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмаси ва РШТТЁИМ Навоий филиали шифокорлари томонидан тўғри ташхис қўйилмаганлиги натижасида унинг ўлимига олиб келувчи омилларни ўз вақтида баратараф этилмаганлиги, яъни бир қатор шифокорлар ҳамда суд-экспертларининг ўз касбига совуққонлик билан қараган ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар кўрсатилган.
Иш бўйича прокурор Ш. Фозилов суд мажлисида илтимоснома билан мурожаат қилиб, илтимосномада юқоридаги экспертизанинг 2019 йил 22 январдаги 126-сонли хулосаси билан танишиб чиққанлигини, мазкур хулоса илгари ўтказилган экспертиза хулосаларидан тубдан фарқ қилиб, илгариги экспертиза хулосалари холисона ўтказилганлигини шубҳа остига қўйиши билан бир қаторда, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш ва жиноий жавобгарликка тортилмаган шахслар томонидан жиноят содир этилганлигини аниқлаш мақсадида, мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатларини амалга ошириш зарурлигини ва ушбу тергов ҳаракатларини суд терговида амалга оширишни имкони йўқлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417-модда (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) лари тартибида ҳақиқатни аниқлаш мақсадида, мазкур жиноят ишини қўшимча текширишлар ўтказиш учун прокурорга юборишни сўраган.
Суднинг 2018 йил 17 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишининг мазмунан кўрилиши Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарининг розилиги билан 5 ойгача, яъни 2019 йил 25 январга қадар узайтирилган.
Суднинг 2019 йил 23 январдаги ажримига кўра, М. Эшатовнинг оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билган ҳолда хабар бермаганлиги ҳолати ҳамда бошқа шахслар томонидан бир қатор жиноятлар содир этилганлигини ҳамда жабрланувчи С. Шермуҳаммедовнинг ўлими сабабларини тергов йўли билан текшириш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 416-417-моддалари тартибда содир этилган жиноятларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси орқали тегишли прокурорга мазкур ҳолат юзасидан хабар берилган.
Мазкур жиноят иши 2019 йил 16 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига келиб тушиб, жиноят ишини мазмунан кўриш 2019 йил 31 июль кунига тайинланган.
Жиноят иши доирасида М. Эшатов (47-сонли ЖИЭМ тиббиёт бўлими бошлиғи), Ж. Кушшаев (1-сонли тергов ҳибсхонаси шифокори), Ш. Хўжаев (47-сонли ЖИЭМ шифокори) ва А. Дабилов (РШТТЁИМ Навоий вилоят филиали шифокори) га ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айб эълон қилинган.
Суднинг 2019 йил 11 ноябрдаги ҳукмига кўра, М. Эшатов, Ж. Кушшаев, Ш. Хўжаев ва А. Дабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига шу модда билан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ни қўллаган ҳолда 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 2-банди татбиқ этилиб, барча судланувчилар тайинланган асосий жазодан озод қилинган.
Жабрланувчи С. Шермуҳаммедовнинг қонуний вакили Р. Шермуҳаммедованинг шикоятига асосан иш апелляция тартибида кўрилиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида кўрилиши жараёнида судлов ҳайъатининг 2020 йил 7 январдаги ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 28 декабрдаги хатига асосан жиноят иши апелляция инстанциясида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига юборилиши белгиланган.
М. Эшатов ва бошқаларга оид иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига 2020 йил 9 январь куни келиб тушган бўлиб, жиноят ишини апелляция судлов ҳайъатида кўриш 2020 йил 5 февраль куни бошланган.
Судлов ҳайъати мажлисида судланувчилар, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳлар сўроқ қилиниб, жиноят ишини суд мажлисида кўриш 2020 йил 27 март кунига қадар танаффус эълон қилинган.
2020 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги РС-13-20-сонли қарори талабларига кўра ишни кўриш номаълум кунга қолдирилган.
Жиноят ишини апелляция инстанцияси суд мажлисида кўриш 2020 йил 25 июнь кунга тайинланиб, суд мажлисига мутахассисларни чақиртириш белгиланганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати