June 4, 2021

"Фермерлар қишлоқ хўжалиги ривожининг драйвери".

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида иқтисодиётнинг барча жабҳалари қатори аграр соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, хўжалик юритишнинг замонавий шакллари жорий этилди. Айниқса, хусусий мулкчилик шаклидаги фермер хўжаликларининг ташкил этилганлиги соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. Буни фермер хўжаликлари ҳозирда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи асосий кучга айланганлигидан ҳам кўриш мумкин.
Дунё аҳолиси сони шиддат билан ўсаётган, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига эҳтиёж тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда халқимизни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш борасида аграр соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларнинг самарали тизимини яратишни тақозо этади.
Бу борадаги энг устувор вазифа — сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ерлардан унумли фойдаланиш, бунинг учун биринчи навбатда ернинг ҳақиқий эгаларини топиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш, уларни маблағ билан таъминлаш каби комплекс масалаларни ҳал этишдан иборат.

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.

Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа. Шу боис кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлашдир. Қисқача айтганда, қишлоқ хўжалигида шу пайтгача амал қилиб келган эскича иш услубидан бутунлай воз кечиш, шунчаки хом ашё етиштириш манбаига айланиб қолган соҳани тубдан ислоҳ этиш. Чунки янгича ишлаш услубига ўтиш пайти, аллақачон, етиб келди.

Бугун Ўзбекистонда мавжуд ер майдонларидан, сувдан самарали фойдаланиш масаласи Президентимиз томонидан соҳа ходимлари, олимлари олдига қўйилаётган энг долзарб вазифа этиб белгиланди. Сабаби ер чекланган. Ана шу чекланган ердан фақатгина меҳнат унумдорлигини, ҳосилдорликни ошириш орқали кўпроқ даромад олиш лозим. Агар ривожланган мамлакатлар билан солиштирадиган бўлсак, ердан, сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси бўйича қатор тизимли муаммолар борлиги кўринади. Шунинг учун стратегияда қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини юксалтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, инновацион технологияларни кенг қўллашга алоҳида урғу берилган.

Яна бир муҳим йўналиш, бу — мавжуд ер ресурсларидан бир неча марта ҳосил олиш бўйича амалий чора-тадбирлардир. Бу, биринчи навбатда, ғалла эккан фермерларимиз даласида такрорий экинлардан қўшимча маҳсулот олиш. Бу орқали ҳам ички, ҳам ташқи бозорга маҳсулот чиқариш имконияти кенгаяди.

Очиғини айтиш керак, бугун ер майдонларининг аниқ ҳисоб-китоби юритилмаган. Агар суриштирсангиз, кадастрдаги рақам билан статистикадаги рақам бир-бирига тўғри келмайди. Кимдир йиллар давомида йўл, дарё ёки ариқнинг масофа майдонини қисқартириш эвазига экин майдонини кенгайтирган бўлса, бошқаси ер ўлчаш жараёнида кўзбўямачилик қилган. Сабаби ўтган йиллар давомида ягона автоматлашган дастур яратилмаган.

Бундан ташқари, жойларда битта ер майдонининг бир нечта хўжалик субъектларига бириктириб берилиши ёки туман ҳокими хоҳлаган пайтда олиб қўйиши билан боғлиқ ҳоллар кўзга ташланарди. Бу каби муаммолар ердан фойдаланувчиларнинг унга эгалик ҳуқуқи кафолатланмаганлигини, бу борада коррупция авж олганини кўрсатади. Мана шундай ҳолатда ер эгаси қандай қилиб ҳосилдорликни ошириш, ер унумдорлигини кўтариш ҳақида бош қотириши мумкин. Шунинг учун 2019 йилдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудида ерларни ҳисобга олиш ишлари бошланиб, бу борада ягона электрон базани шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ер ажратишнинг шаффоф тизими ишлаб чиқилиб, ерга бўлган ҳуқуқлар кафолатланади.

Умуман олганда, янги стратегия қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий қилиб, илмий асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортни кўпайтириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулотлар ҳажмини бир неча баробарга оширишга хизмат қилади.

Жалақудуқ туман адлия бўлими.