“Обод қишлоқ” ҳақида

“Обод қишлоқ” дастури тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади.

Шу билан биргаликда, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, улар учун зарур шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, сўнгги йилларда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳиссаси юқори бўлган деҳқон-фермерларнинг ва бошқа тоифадаги аҳолининг ҳаётий-маиший эҳтиёжлари тўлиқ таъминланмаган.

Бундай ҳолат қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, ҳудудларга ташрифлар жараёнида жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, бевосита маҳалла ва хонадонларга кириб бориш ҳамда аҳоли билан мулоқот натижалари қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, маҳаллий ҳокимликлар, “Давархитектқурилиш” қўмитасининг ҳудудий органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бино-иншоотлар ва уй-жойларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Қурилиш ишларининг қишлоқ ва маҳалла даражасида комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмаслиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси эскича кўринишда қолмоқда.

Иккинчидан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг қуйи тизим корхоналари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари, трансформатор пунктларини эксплуатация қилиш қониқарсиз аҳволда олиб борилиши оқибатида зарур инфратузилмалар эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Учинчидан, шаҳарсозлик меъёр ва қоидалари ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилмаганлиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, хусусан, мазкур ҳудудларда автомобиль йўллари ва йўлбўйи инфратузилмаси барпо этиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимларини барпо этиш тартибсиз равишда олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, маҳаллий бюджетлар ва тармоқ ташкилотлари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини комплекс тарзда амалга ошириш учун молиялаштириш тизими йўлга қўйилмаган.

Бешинчидан, энг ачинарлиси шуки, аҳолининг айрим қисмлари шу аҳволга кўниккан, боқимандалик кайфиятига берилиб кетганлиги оқибатида ўзининг уй-жойлари, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган. Халқимизнинг “Қуш инида кўрганини қилади” деган нақлини эсдан чиқариб, ўз остонасини осойишта ва саранжом қилмаслик фарзандларимиз ва невараларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Олтинчидан, ободонлаштириш ишларига фаоллар, кенг жамоатчилик ва фуқароларни жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти ва аниқ бир тизимли самарали ишлар олиб борилмаяпти. Айниқса, мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолган ва бу борада қатъий ташаббускорлик ва мувофиқлаштириш етишмайди.

Еттинчидан, ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина “хўжакўрсин” учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одат тусига кирган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури (кейинги ўринларда дастур деб аталади) амалга оширилади.

2. Қуйидагилар дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

биринчидан, республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;

иккинчидан, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўлбўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;

учинчидан, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;

тўртинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;

бешинчидан, бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;

олтинчидан, уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар усулларини қўллаш ҳисобига ҳовли ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқова сув хандақларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида “Обод қишлоқ” жамғармалари тузилсин.

Иқтисодиёт вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда “Обод қишлоқ” жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.

Қуйидагилар “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари;

маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;

тармоқ корхоналарининг маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;

“Маҳалла” жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;

ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йиллик Давлат бюджети, шу жумладан, маҳаллий бюджетлар параметрларини тасдиқлашда “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун зарур миқдорда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

Бунда, дастур доирасида “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбектелеком” АК, Республика йўл жамғармаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг, ташкилот ва корхоналар ўз маблағларининг тегишли мақсадлар учун тўғридан-тўғри молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур Фармон билан “Обод қишлоқ” дастурининг белгилаб берилган асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, барча ташкилий чора-тадбирлар изчиллиги, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари, моддий ресурслар таъминоти билан узвий ва чамбарчас боғланган 2018 йил учун чора-тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида марказлашган манбалар ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган ишлар бўйича буюртмачи этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари белгилансин.

Барча объектлар бўйича бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилсин.

Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик “Давархитектқурилиш” қўмитаси раиси Б.Закиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари дастурни амалга ошириш доирасида қамраб олинадиган жорий ва келгуси даврларга мўлжалланган қишлоқ ва маҳаллаларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун қуйидаги қатъий шартлар асосида шакллантиришни таъминласинлар:

ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тезкор махсус штабларни жорий этиш, шу жумладан, ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган қисми бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, шу жумладан, солиқ йиғилувчанлигини ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини ошириш;

архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва “Давархитектқурилиш” қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидалар бузилиши ва уларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўрсинлар.

7. Белгилаб қўйилсинки, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган объектларни сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майдан бошлаб “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда цемент, металл прокати, ғишт, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ маҳсулотлари каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун фирма дўконлари тармоқларини ташкил этиш чораларини кўрсинлар.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, тегишли лойиҳа институтлари билан биргаликда:

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини батафсил режалаштириш лойиҳалари билан биргаликда олдиндан ишлаб чиқишни;

2019 йил 1 январга қадар қишлоқ аҳоли пунктлари меъморий қиёфасини яхшилаш тизимини такомиллаштириш мақсадида шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, зарур ҳолларда янги стандарт ва мезонларни ишлаб чиқишни;

ҳар бир объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктлари бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлигига барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 29 март

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

“ОБОД ҚИШЛОҚ” ДАСТУРИНИ 2018 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

“Обод қишлоқ” дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;

“Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ ва электр энергиясини аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб бериш преференциялари татбиқ этиладиган асосий турдаги қурилиш материаллари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус штабларнинг намунавий таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 6-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;

қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш юзасидан тизимли мониторинг юритиш;

келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини тайёрлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар – буюртмачиларнинг таклифлари асосида тасдиқланган дастурнинг тегишли параметрларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бажариладиган иш турлари ва ҳажмлари ҳамда молиялаштириш манбаларига келишилган ҳолда аниқлик киритиш.

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти Республика комиссиясининг Ишчи органи этиб белгилансин ҳамда унга келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини ишлаб чиқиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш вазифаси юклансин.

Республика комиссияси (А.Ж.Раматов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ўн кун муддатда маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли вазирлик (идора)лар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган туман ва қишлоқлар кесимидаги манзилли рўйхатларни тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йил Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш дастури параметрларини шакллантиришда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2019 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун зарур марказлашган капитал қўйилмалар лимитини кўзда тутсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникациялари қурилишига халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун лойиҳанинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини (лойиҳаолди ҳужжатини) ўн беш кун муддатда тайёрлаб, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродов вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботлари (лойиҳаолди ҳужжатлари) асосида “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молиялаштирувчи ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳар бир туман (шаҳар) ва қишлоқ бўйича махсус штабларни шакллантириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйсин, шунингдек, ҳар бир объект кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқласин ва мониторинг натижаларини ҳар ой якуни билан Республика комиссиясига тақдим этиб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозлари билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўзэлтехсаноат” АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажаришга маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб бериш учун жойларда савдо шохобчалари – корхоналарнинг фирма дўконлари ва филиалларини комплекс тарзда ташкил этсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларини хатловдан ўтказиб, уларнинг натижаларига кўра:

мавжуд уй-жойлар, бино-иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансин ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини;

техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино-иншоотлар ва қурилмаларнинг бузилишини;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимликларининг ер захира фондларига олинишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат автомобиль йўллари қўмитаси “Обод қишлоқ” дастури доирасида туман марказидан қишлоқларгача бўлган йўлларни, қишлоқларнинг марказий кўчаларини ва асфальт билан қопланган йўлларни таъмирлаш, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларига қум-шағал қоришма ётқизиш ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари асосида амалга оширсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга оширишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида лойиҳа ташкилотларини бириктириб, улар томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида чиқинди йиғиш пунктларини барпо этиб, тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш ва утилизация қилиш ишларини ташкил қилсин ҳамда мазкур ишларни бажарадиган корхоналарни зарур транспорт воситалари, техника ва машина-механизмлар билан таъминлаш юзасидан чоралар кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлиги оширилишини таъминласин.

Бунда мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш турган бино-иншоотларда ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш ҳамда уларнинг тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 29 март

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Обод қишлоқ” дастури тўғрисида"ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Энг аввало, республикамиз аҳолисининг салкам ярми қишлоқ ҳудудларда яшаб келаётганлиги ҳамда уларнинг фидокорона меҳнати, деҳқон, фермер, чорвадор ва миришкорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дастурхонимиз мўл-кўл бўлаётгани “Обод қишлоқ” дастурининг қабул қилинишида асосий омил бўлганлигини таъкидлаб ўтиш зарур.

Сўнгги йилларда вилоят ва туманлар марказларида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилаётгани, хусусан, 2017 йилда қишлоқ жойларда 18 мингдан ортиқ оилалар учун ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга шинам уйлар барпо этилгани шулар жумласидан.

Аммо ташрифлар давомида олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан келиб тушаётган ҳаққоний эътирозлар ва мурожаатлар шундан далолат берадики, аҳолининг уй-жой ва маиший шароитларини яратиш борасида айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.

Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида уй-жой фонди йиллар давомида таъмирланмасдан, том қисмлари ва ташқи қиёфаси мутлақо талабга жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолган.

Бундан ташқари, қишлоқ аҳоли пунктларида электр тармоқлари ва трансформаторлардаги авариялар электр таъминоти тармоқларида кўплаб узилишларни келтириб чиқармоқда, шунингдек, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги кузатилмоқда.

Кейинги долзарб муаммолардан бири шуки, ҳудудларда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари сифатсиз олиб борилмоқда, ичимлик суви қувурлари ва иншоотлари яроқсиз аҳволга келиб қолган ҳамда оқова иншоотлари санитария талабларига жавоб бермайди.

Яна шуни таъкидлаш зарурки, аҳолининг айрим қисми шундай аҳволга кўниккани, боқимандалик кайфиятига берилгани натижасида ўзининг уй-жойи, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйган.

Мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан четда қолгани юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг асосини ташкил этади.

Шу билан бирга, жойлардаги фаоллар ташаббуси билан эмас, балки ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина “хўжакўрсин” учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одатга айланиб қолмоқда.

Албатта, бундай ҳолатлар ҳеч кимни, айниқса, мазкур ҳудудларда яшаётган аҳолининг барча қатламларини қониқтирмайди. Ушбу вазиятни тубдан ўзгартириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида қуйидагилар ишлаб чиқилган дастурнинг асосий мақсадлари этиб белгиланган.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарида, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқда (маҳаллада) аҳолининг яшаш шароитларини босқичма-босқич тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқларнинг (маҳаллаларнинг) қиёфасини замонавийлаштиришга ва қишлоқ аҳолиси учун иш жойларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади.

2018 йилда мамлакатимизнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари қабул қилинган дастурнинг устувор мақсадлари сифатида белгиланган.

Дастурда, айниқса, 127143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг томини, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаган.

Дастур доирасида 1535 километр тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш учун жами 2083 километр йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида 571 замонавий автобус харид қилиниб, қишлоқ ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишларда 252 та бекат барпо этиш назарда тутилган.

Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1847 километр электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 44868 та газ баллони етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилади.

Маълумки, ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни тубдан яхшилаш давлатнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, болалар боғчаси, мактаб, оилавий поликлиникалар ва шу каби бошқа жами 736 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, лаборатория ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Албатта, жойларда бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорлик асосида бунёд этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Дастурни амалга ошириш вазифаларига тўхталадиган бўлсак, бу борада маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармалари тузилади. Бюджет, тармоқ корхоналарининг, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағларни ушбу жамғармалар манбалари сифатида белгилаш кўзда тутилмоқда.

Биргина жорий йилда дастур доирасида назарда тутилган ишларга барча манбалар ҳисобидан 3 триллион 40 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ишончли ва мунтазам равишда йўналтирилади.

Дастурда ўз аксини топган йўналишларни амалга ошириш юзасидан тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларининг меъморий ва техник ечимлари асосида пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида 190 га яқин тажрибали ва малакали лойиҳа институтлари жалб қилинади.

Ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш, қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш учун салоҳиятли пудрат ташкилотларини аниқлаш билан боғлиқ танловларни оқилона ташкил этиш, уларни ўтказиш жараёнини назоратга олиш ва бу борада самарадорликка эришишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжатда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг масъуллиги қатъий белгилаб қўйилган.

Зарур моддий-техника ресурсларини жамлаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан цемент, металл прокати, ғишт, томёпқич маҳсулотлари, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун ҳар бир аҳоли пунктида фирма дўконларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, уларни арзон ва сифатли қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, ишлаб чиқарувчилар учун электр энергияси ва газ етказиб беришда преференциялар назарда тутилган.

Дастурни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни оқилона ташкил этиш юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат таркибда доимий равишда фаолият кўрсатадиган Республика комиссияси ташкил этилган.

Ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тумандаги сектор раҳбарлари бошчилигида махсус штабларни жорий этиш, жумладан, ушбу штабларга ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган ишлар бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, хусусан, солиқ йиғилувчанлигини ошириш ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини кўпайтириш каби вазифалар юкланган.

Қайд этилган тизимларга архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқлари ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашарларда фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларини тузиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва “Давархитектқурилиш” қўмитаси қошидаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидаларни бузиш ва риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўриши белгиланган.

Мазкур дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга изчил татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда, барча ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни самарали ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ва бу борадаги энг муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда Бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, вилоятлар ҳокимлари иштирок этди. Асосий эътибор “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилиши билан боғлиқ масалаларга қаратилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди. 

Қайд этилганидек, ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Лекин олис қишлоқларда истиқомат қилаётган оддий одамларнинг яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмади. Бундай ҳолат ўша ҳудудлар аҳолиси эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундай муносабатга чек қўйилиб, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ ва мақсадли тизим яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йилда ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. 

"Обод қишлоқ" дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штаблари томонидан жорий йилда обод қилинадиган 368 та қишлоқ рўйхати тузилиб, тасдиқланди. 

– Кейинги 25 йил мобайнида намунали уй-жой қуришни ҳисобга олмаганда, қишлоқларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш бўйича бирор-бир амалий иш қилинмаган, бунинг учун молиявий маблағлар ажратилмаган, – деди давлатимиз раҳбари. – Аксарият қишлоқларда кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ва эътиборсиз қолиши натижасида ночор аҳволга келиб қолган. 

Президентимиз аҳолининг уй-жой ва бино-иншоотларни замонавий меъёрларга амал қилмаган ҳолда, тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриб олиши ҳам оддий ҳолатга айланганига эътибор қаратди. 

Таъкидланганидек, қишлоқ аҳолиси “бизга шу ҳам бўлаверади”, деган фикрга кўникиб, ўзининг кўчаси, уй-жойи ва ҳовлисини обод қилишга умуман эътибор бермай қўйган. 

Шуни ҳисобга олиб, жорий йилда Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги уй-жойлар ва инфратузилма объектлари хароб аҳволга келиб қолган Манас қишлоғида ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада атиги 1,5 ойда ушбу қишлоқ мутлақо замонавий қиёфа касб этди. Энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, уларда эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди. 

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Ховособод қишлоғи ҳам обод қилиниб, ҳавас қилса арзийдиган ҳудудга айлантирилди. 

– Манас биз учун шундай тажриба мактаби бўлдики, агар қишлоқларни замонавий масканга айлантириш, иқтисодий-ижтимоий муҳитни яхшилаш, одамлар кайфиятини ижобий томонга кескин ўзгартиришни олдимизга мақсад қилиб, изчил ҳаракат қилсак, бунга эришиш мумкинлигига одамларни ишонтира олдик, ўзимизда ҳам ишонч ва қатъият ошди, – деди Шавкат Мирзиёев. 

“Обод қишлоқ” дастурини бажариш учун зарур бўладиган молиявий ресурсларнинг 80 фоизи давлат бюджети, давлат корхоналари маблағлари ва улар жалб қиладиган хорижий кредитлар ҳисобидан таъминланади. Қолган 20 фоизи тадбиркорларнинг ўзларига тегишли бозор инфратузилмаси объектларига сарфланадиган маблағлари ва банк кредитларидир. 

Йиғилишда бу борада барча ресурс ва маблағларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди. 

– Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди, – деди Президентимиз. – Агар биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий юксалади. Буларнинг бари Ватанимизнинг ободлиги ва иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталди. 

Бу йил 127 мингта уй-жойни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, 1 минг 900 километр ичимлик суви тармоғи, 850 та ижтимоий соҳа ва 2 минг 400 та бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва капитал таъмирлаш, қарийб 2 минг километр электр ва 263 километр газ тармоқлари, 440 километр йўлларни капитал таъмирлаш, 470 замонавий автобус харид қилиш, 330 дан зиёд бекат қуриш ва янги қатнов йўналишлари очиш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун 3 триллион 447 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилади. 

Ўтган даврда қурилиш-ободонлаштириш ишлари учун 292 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, шундан 87 миллиард сўми бевосита маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилди. 

Шу билан бирга, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ажратилган маблағлар етарли эмас. Айрим ҳудудлар ҳокимлари бу масалага иккинчи даражали иш сифатида қараётгани кўзга ташланмоқда. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари қурилиш ишларини молиялаштириш ўз вақтида бажарилмаётгани, шу пайтга қадар бор-йўғи 6 та қишлоқ бўйича бош режа ишлаб чиқилгани, 81 та қишлоқда ободонлаштириш ишлари бошланмаганини таъкидлади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Самарқанд вилоятларида қишлоқларни обод қилиш масаласига етарлича эътибор берилмаётганига тўхталиб, бу ишларни тезлаштириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. 

Кўп хонадонли уй-жойларнинг умумфойдаланиш қисмларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш, атроф ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни ишлаб чиқиб, ишни шу асосда ташкил этиш, барча ҳудудлардаги қурилишларга арзон ва сифатли материалларни ўз вақтида етказиб бериш юзасидан ҳам вазифалар белгиланди. 

Йиғилишда ҳудудлардаги 336 қишлоқ болалар боғчаси, 318 мактаб, 109 оилавий поликлиника, 79 маҳалла маркази ва бошқа объектларнинг техник ҳолатини ўрганиш, биноларнинг ташқи ва ички қисмини замонавий талаблар асосида таъмирлаш, жиҳозлаш, атрофини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Маҳаллий ҳокимликларга қишлоқларда маиший хизмат комплекслари қуриш учун зарур ер майдонлари ва бўш турган бинолар ажратилишини таъминлаш, қишлоққа саноатни олиб кириш орқали ихчам ва замонавий янги иш жойлари яратиш топширилди. 

Давлатимиз раҳбари обод этиладиган 368 қишлоқ аҳолиси томорқаларига сердаромад экинлар экилишини таъминлаш, кичик иссиқхоналар қурилишига амалий кўмак бериш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар топширди. 

Энг муҳим масалалардан бири қишлоқлар аҳолиси маънавияти ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш ҳисобланади. Президентимиз бу борада Манас қишлоғида амалга оширилаётган ишларни мисол қилиб келтирди. Қишлоқларга адлия, ҳуқуқ-тартибот, маданият, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар вакиллари доимий равишда ташриф буюриб, аҳолининг ҳуқуқий, тиббий маданияти, билим-савияси ва маънавиятини ошириш бўйича турли учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб бориши лозимлиги қайд этилди. 

Йиғилишда «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш борасидаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди. 

Кўрилган масалалар юзасидан аниқ вазифалар ва зарур чора-тадбирлар белгиланди. 

Мирзачўлнинг қайта «туғилиши»

 31.05.2018 22:14   0  33644 

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Бундан сал кам 70 йил аввал Ўзбекистон қумликлари ўрнида янгидан янги посёлкалар, қишлоқлар, аҳоли учун зарур уй-жой массивлари қуриш, одамларни иш билан таъминлаш, яшаш учун шароит яратиш мақсадида чўл-у биёбонлар ўзлаштирилди. Минг машаққатлар билан сув келтирилди. Бинолар қурилди, замонавий иншоатлар, биринчи галда ижтимоий-маданий, майиший объектлар тез фурсатда барпо этилди. Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ҳам бу каби кенг кўламли ишлар олиб борилиб нафақат республикамиздан балки қўшни қардош давлатлардан ҳам биродарларимиз ёрдамга келишди. Кейинчалик бу гўзал гўшаларда муқим яшаб қолишди. Кўп миллатли Мирзачўл тумани аҳли йиллар давомида оға-ини, қуда-анда, қариндош уруғ бўлиб истиқомат қилиб келишади.

Бироқ, ўтаётган йиллар ўз таъсирини ҳудудга ўтказмай қолмади. Чунки қурилган иншоатлар, бинолар 70 йил давомида эскириб нураб борди. Ачинарлиси, ўша даврда қурувчи ва ишчилар учун вақтинча қуриб берилган барак уйлар янгиланмай қолди. Оддий ёғочлар бир бирига қалаштириб қурилган, пойдевори ҳам бир неча йилларгагина мўлжалланган уй одамларга доимий бош пана вазифасини ўтади. 80 йиллар охирида уйлар аста секин нурай бошлади. Юқорига қилинган мурожаат фақат “кутиб туринглар” деган жавоб билан якунланаверди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Шукурки, туман аҳлининг кўксидаги оғриқ барҳам топди. Юртбошимизнинг 2018 йил март ойида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа обектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги фармони ва қарорининг қабул қилиниши Мирзачўл туманида узоқ йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларга ечим топди. Қарорга кўра биринчи галда махсус Комиссия тузилди. Ушбу таркибга 30га яқин ташкилотлардан киритилган мансабдор шахслар, секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия аъзолари мавжуд холатни тўла ва атрофлича ўрганган холда вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида маҳаллий йўл харитаси тузилди ва вазифалар белгиланди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Комиссиянинг тузилиши эса халқ қалбига қулоқ солиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш, халқнинг талаб ва истаклари асосида ишлаш принципларини ҳаётимизда чуқур жорий қилишга қатъият билан ҳаракат қилинаётгани амалда қучоқ очиб халқ ичига бориш, унинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқаришдек улуғ мақсадга қаратилган. Улар мазкур вазифаларни амалга ошириш учун «Ғалаба» маҳалласидаги 17 кўчада истиқомат қилаётган 1405 та хонадонга бирма бир кириб мавжуд муамоларни ўрганишди. Коммунал хизматлар, уй-жой, бандлик, маиший хизмат кўрсатиш соҳасидаги камчиликлар, зарур хужжатларни тўғирлашда йўл қўйилган мингдан зиёд холатлар аниқланиб, уларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Мазкур мурожатларнинг кўпгина қисми юқорида қайд этганимиздек, уй-жой масаласи билан боғлиқ. Шу сабаб ҳам, шаҳсан Президентимизнинг топшриқларига асасан ушбу маҳаллада барак ва кўримсиз уйлар ўрнида 400 та намунавий лойиҳалар бўйича 4 сотих майдондаги ер участкасида бир қаватли икки ва уч хонали уйлар қурилиши белгилани фуқароларни жуда мамнун этди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Янгиланган лойиҳалар бўйича барпо этиладиган уйлар ўзининг нарх параметрлари, сифат тавсифлари ва шинамлилиги бўйича Марказий Осиёда ўхшаши йўқлигини эътироф этиш зарур. Бундай уйлар биринчи галда узоқ йиллар ҳеч бир шароитга эга бўлмаган 54тауйда истқомат қилиб келаётган аҳолига берилиши уй эгаларининг қувончига қувонч қўшди. Ана шулардан бири Норқўзиевлар оиласидир. бундан олти йил аввал хонадон соҳиби бахтсиз ходиса туфайли оламдан кўз юмди. Тўрт фарзанд чирқиллаб қолаверди. Рўзғор ташвиши ҳонадон бекасининг зиммасига тушди. Аммо, ҳудудда иш йўқлиги, уй ҳам тўкиламан деб тургани оила аъзоларининг юрак бағрини эзарди. Ҳатто, оиланниг тўнғич фарзанди, коллеж битирувчиси Нилуфархон ҳам иш излаб қанча эшикни тақилатмади дейсиз. Афсуски, ҳеч қандай иш топа олмай муаммолар исканжасида қоврилиб юраверди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Эндиликда мана шундай намунали, замонавий уй-жойлар Нилуфар Норқўзиева каби қийналган оила вакилларига берилиши билан бирга доимий иш ўрнига эга бўлиши адолат қарор топилганининг белгисидир. Уй эгалари бундан руҳланиб, қурилаётган янги уй-жойларда ўзлари ҳам бош қош бўлиб ҳашарчиларга кўмак беришаяпти.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Олиб борилаётган ишлар кўлами ҳақиқатданда кенг. Мирзачўл хаётида туб бурилиш даври бошланди. Лоқайдлик сабаб чўлу, биёбонга айланиб, кун сайин сўниб бораётган туманда, яна жўшқин ҳаёт бошланди. Чорак аср олдин гўшани обод қилишга кишилар қандай ошиққан бўлса, бугун яна минглаб юртдошларимиз мирзачўл томон талпинмоқда. Қалбларда яратувчанлик завқи, ёшлар томирида қайноқ қон оқиб ҳамма бир мақсад, бир ғоя устида ишламоқда — «Мирзачўлни гулистонга айлантириш».

Бу ерда бўлаётган ишларга бирма-бир тўхталмай илож йўқ. Аввало аҳолининг яхши яшаши учун, тинч ва бахтли ҳаёт кечириши учун уй-жой зарур. Шуни ҳисобга олиб ҳудудда намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилишга катта эътибор берилди. 112 та янги уй-жойлар қурилиши бошланиб кетди. Қўшимча қурилаётган 48 та уйда траншея қазилди ва 110 та уйга шибен ташланди.

Мазкур ишларда ФВВ тизимидаги куч ва воситалар, юзлаб махсус техника ва мосламалар, мутахассис ва ишчи кучлар сафарбар этилган. Вазирлик тизимдаги ҳарбий қисмлардан 600 нафарга яқин аскарлар тантанали кутиб олинди. Уларнинг келиши бу ердаги иш суратини янада оширди. Ёш, билагида кучи бор навқирон йигитларнинг фидойи меҳнатлари бошқаларда ҳам ишга бўлган муносабатини ўзгартирди. Улар ана шу уй-жойлар қурилишида жонбозлик кўрсатмоқда.Тез кунларда яна қўшимча 400 нафар ҳарбийларнинг келиши ҳам кутилаяпти. Бу эса ҳуддаги ободонлаштириш ишлари сурати янада ошишини таъминлайди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Ҳашарчилар учун барча шарт шароитлар яратилган. Турар жой, овқатланиш учун ошхона, тиббий кўрик ўтказиш учун пункт ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш учун зарур чоралар кўрилган.

Эътиборлиси, маҳалла аҳли ҳам хусусан, 500 нафардан ошиқ фуқаролар ободончилик ишларида қатнашаяпти. Мақсад обод масканни тезроқ барпо этиш. Улар кучи билан маҳалладаги 54 та кўп қаватли уйлар кундан кунга чирой очмоқда. Барча уйларнинг том қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Эски яроқсиз шиферлар янгисига алмаштирилди. Навбат уйларнинг фасад қисмига келди. Кундан кунга кўркамлашиб бораётган уйлар обод қишлоқ дастури шабодаси бу ерга ҳам етиб келганини билдираяпти.

Ҳар куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан янги техника ва воситалар, қурилиш материаллари келиб турибди цемент, ғишт, тахта, шағал, шифер, арматруа, бетон плиталари, хуллас, барча турдаги қурилиш моллари ортиғи билан юк машиналарида кириб келмоқда.

Айни кунда «Ғалаба» маҳалласида олиб борилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларида иштирок этаётган 3200 нафардан зиёдюртдошларимизнинг қишлоқ кўчаларида, уй-жойлар ва кўп қаватли уйлар атрофида амалга ошираётган ишлари ақлингни шоширади. Бундан 40 кун олдин бу ерга келган одам тор ва диққинафас кўчалар, айқаш-уйқаш қурилган ноқонуний биноларнинг ачинарли холатини кўриб, кишиларни тушкун кайфиятда учратса, бугун келган одам бутунлай унинг аксини кўради. Меҳнат қилаётган инсонларнинг бир-бирларига дўстона ва самимий муносабати, атрофдаги ўзгаришлардан кўнглида мамнунлик хиссини туяди. Бу тарихий ўзгаришларда иштирок этаётган ташкилот, корхона ходимлари ўз ишлари билан машғул. Муҳими белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажараяпти.

Хусусан электр таъминоти корхонаси ходимлари бугунги кунгача жами 16,35 км электр узатиш тармоғи тортилди, 679 та электр ҳисоблагичлари мансублик чегарасидан чиқарилди. 4 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, 1 та янги транформатор пункти ўрнатилди, 170 дона устунлар демонтаж қилинди, 160 та темир бетон таянчлар ўрнатилди. Бу ишлар 5 та махсус техника ва 55 нафар ишчилар жалб этилмоқда. Натижада 400 га яқин хонадонларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилди.

Ичимлик суви ва оқава сув таъминотидаги янгиликлар ҳам кишини хурсанд этади. Мисол учун 9,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари бошланиб, ҳозирда 6 км қувурлар келтирилди. 400 метр траншея қазилиб, бугунги кунга қадар жами 3850 метр қувур тортилди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

Ҳудуддаги мавжуд жами 68 та канализация калодецини тозалаш ишлари якунланди. 12 та янги колодец олиб келинди. Мавжуд 4 та канализация қудуқларидан 2 тасини тозалаш ишлари тугатилди. Оқава сув тармоқлари кўп қаватли уйлар олдига 100 метр траншея қазилди, 300 метр оқава сув тармоғи олиб келинди, 3 та канализация калодецлари ўрнатилди.

Йўлсозларимиз ҳам ўзларига юклатилган вазифани ортиғи билан уддалашмоқда. Улар томонидан шу кунга қадар жами 483 дона 2898 метр янги латок, 590 тонна бетон, 2050 тонна кум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари бажарилди.

Биласиз, йилдан йилга аҳолининг табиий газга бўлган эхтиёжи ортиб бораяпти. Мазкур туманда ҳам табиий газ муаммоси йиллар давомида ечилмай келади. Дастур доирасида бу камчилик ҳам ўз ечимни топадиган бўлди. 15,0 км узунликдаги газ қувурлари демонтаж қилиниб, ҳудудда газ таъминоти яхшиланишга эришилди. Чекка ҳудуд аҳолиси учун 570 дона суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.

Маҳаллани тоза ҳудудга айлантириш мақсадида бир кунда 680 тонна, мавсум бошидан буён 23 000 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари ташиб чиқарилди.

Туман марказида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш деярли йўқ ҳисоби эди. Ваҳоланки, кундалик ҳаётимизни хизмат кўрсатиш тармоқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай хизматларнинг йўлга қўйилиши, биринчидан аҳоли бандлигини таъминласа, иккинчидан шу ерда яшовчилар фуқароларнинг оғирини енгил қилади. Шу сабаб ҳам ҳудуддаги 70 та маиший ҳамда ижтимоий объектларнинг 45 тасида лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, таъмирлаш ишлари бошланди.

Жумладан, 13 сонли МТМ муассасасида ҳам капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, болажонлар ва ота-оналар учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бундан маҳаллий аҳолининг боши осмонга етмоқда.

Айтганча, қишлоқда чорва моллари боқмайдиган хонадонларни учратиш қийин. Бироқ кўп қаватли уйларда бунинг иложи йўқ. Аммо шу вақтга қадар шароит йўқлиги боис Ғалаба маҳалласида кўп қаватли уйларда яшовчилар чорва молларини боқишга қийналишарди. Жой йўқлиги боис ҳам атрофда ўргимчак тўридай ноқонуний, талабларга жавоб бермайдиган молхоналар қуриб ташланган эди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида бу хайрли иш ҳам инобатга олиниб, маҳалла чеккасидан замоанвий чорва моллари ҳамда ем ҳашак сақланадиган бино қурилиши ҳам қизғин олиб борилаяпти.

Мирзачўл туманида ҳам меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламларини иш билан таъминлаш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш йиллар давомидаги муаммога айланган. Боиси, туманда саноқли кичик корхоналарни ҳисобга олмаса, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари бўйича марказлар, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмаган. Муаммо гирдобида қолган фуқаролар уни қай йўсинда ҳал этишга чора топмаган. Дастур доирасидаги ишларда бу муҳим масала ҳам алоҳида эътиборга олинган. Туман марказида 200 ўринли тикув цеҳи ҳамда ип калава, мато ва трикотаж махсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган умумий қиймати 9 млн АҚШ долларини ташкил этадиган «Мирзачўл текст» фабрикалари ишга тушади. Мазкур фабрикага эса 250 нафар хотин қизлар ва ёшлар жалб этилиб экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирлган. Ҳозирда фабрика учун ажратилган 12 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилаяпти.

Мирзачўл тумани марказига борсангиз қизғин меҳнат қучоғи сизни қарши олади. Ҳамма томонда замонавий, қудратли техникаларнинг гуриллаган товуши, меҳнат қилаётган кишиларнинг «олдик», «кўтардик», «баракалла», деган овозлари жаранглаб турибди. Ишлар шу даражада қизғин кетмоқдаки, кун кеч бўлганини ҳам сезмай қоласиз. ФВВ ва ҳарбийлар эса ишни куни-тун ташкил этганлиги, иш унимини янада оширмоқда.

Бу ўзгаришларни кўриб бир замонлар айтилган «Чўл эдинг, айлади бўстон. Раҳмат сенга ҳазрати инсон» дегинг келади. Бир сўз билан айтганда Мирзачўлда бошланган бунёдкорлик одамлар қалбига ҳам ободлик олиб кирди.

Гагаринда арзонлаштирилган 400 та намунали уй қуриляпти (фото)

 31.05.2018 11:07   0  1968 

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

2018 йил 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида фармонни имзолаган эди. Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилиши белгиланган эди.

Фото: Facebook / Xalq bilan muloqot

«Обод қишлоқ» дастури доирасида Жиззах вилоятидаги Гагарин шаҳарчасида кам таъминланган оилалар учун 400 та намунали 4 сотихли арзонлаштирилган уйлар барпо этилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ҳали бу ерлар лолазор бўлади

 23.04.2018 19:29   0  2078 

Фото: «XDP.uz»

«У яна сарғайган қирларга боқди, кичик воҳа тубида ҳансираб ётган қишлоққа боқди, лекин кўнглида азалги андуҳни туймади, андуҳ қайгадир учиб кетгандай эди. Тўлиқди, тўлиққани баробар Ошнога эшиттирмай секингина шивирлади: ҳали бу ерлар лолазор бўлади!..».

Жом қишлоғида туғилиб вояга етган атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романидаги ушбу жумлалар адибнинг ўз юртига бўлган чексиз муҳаббати яққол намоёнидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Обод қишлоқ» дастури бутун Ўзбекистон аҳлини қувонтириб юборди. Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Жом қишлоғида ҳам ана шу дастур асосида қайта таъмирлаш ишлари кенг кўламда бошлаб юборилган. Мақсад – қишлоқ аҳли учун худди шаҳардагидек шароит яратиш.

Фото: «Uza.uz»

Жомдаги Мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўқувчилар ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, жисмоний тарбия, тикувчилик ва мактабгача таълим йўналишида таҳсил олади, бундан ташқари, бу ерда тўртта умумтаълим мактаби, битта қишлоқ тиббиёт маскани аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ҳозирда Жом ҚФЙ таркибида «Жом», «Гардиқўрғон», «Тегирмонбоши», «Омондара», «Дўстлик», «Сарикўл» маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, уларда жами 32 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Жом қишлоғи мамлакатимизнинг энг йирик аҳоли масканларидан бири ҳисобланади. Қишлоқнинг юқори қисми – Омондара ҳудудида Қорахонийлар томонидан ХI асрда барпо этилган Ғиштбанд сув омбори бўлиб, бу ҳудуддан топилган қазилма материалларининг ёши 3 минг йиллик тарихга эга эканлиги исботланган ва бу топилмалар ҳозирда Самарқанд музейида сақланмоқда. Дарвоқе, ўтган йили Ғиштбанд сув омбори қайта қурилиши учун республика бюджетидан 3 миллиард 200 миллион сўм ажратилди.

Тарихий маълумотларга кўра, Жом қишлоғининг номланиши бўйича уч хил таъриф мавжуд. Биринчиси – жойлашиш ўрни жомга ўхшаганлиги сабабли, иккинчиси – «жом» сўзи форсчадан олинган бўлиб, алоқа маъносини англатар экан, яъни қадимда Тошкент – Самарқанд – Кобул – Қандаҳор ва Бухоро – Тошкент – Шаҳрисабз йўналишида Буюк Ипак йўлини боғловчи вазифасини ўтаган, учинчиси – ҳазрат Абдураҳмон Жомий номи билан боғланган.

Археологлар томонидан Жом қишлоғи атрофидан жез даври буюмлари топилган, бундан ташқари, қадимги қабристон қазиб ўрганилган. Топилмалар орасида пардоз-андоз буюмлари, жумладан, турли жез ойначалар, тўғноғичлар, тақинчоқлар ва бошқа буюмлар бўлган.

Нуробод туманининг шарқий ҳудудидаги тоғлар бағридан бошланган бу қишлоқ Қашқадарё вилоятининг Улус чўллари билан туташиб кетади. Тоғлардан қазиб олинаётган мармар сифатли қурилиш хом ашёси ҳисобланади. Жом қишлоғининг меҳнаткаш аҳолиси азал-азалдан ғаллачилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келадилар.

– Қишлоғимизда ободонлаштириш ишлари бошланмасдан олдин февралнинг охири ва март ойи бошларида Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ Жиззах вилоят Дўстлик туманидаги Манас қишлоғига юборилди, – дейди биз билан суҳбатда Жом маҳалла фуқаролар йиғини вакили Ирисқул Дониёров. – У ердаги ташкил этилган иш жараёни билан яқиндан танишиб қайтгач, вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказилди ва барча вазифалар қисқа муддатларда бажарилиши мўлжалланиб, ишлар тақсимланди.

Қисқа муддат ичида Самарқанд – Қарши йўлининг Жом қишлоғидан ўтган қисмидаги 3,5 км. узунликдаги электр линиялари учун янгидан бетон устунлар ўрнатилиб, симлар тортилди, учта трансформатор подстанциялари ва 1763 хонадоннинг эскирган электр симлари янгисига алмаштирилди.

Қишлоқда алоқа хизматларини жорий этиш мақсадида «Beeline», «UzMobile» мобил алоқа корхоналарининг ишлаб турган база станциялари қайта реконструкция қилинди, UMS ва СОSCOM уяли алоқа компаниялари томонидан база станциялари ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.

– «Ўзбектелеком» АК Самарқанд филиали томонидан ҳам Жом қишлоғида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди, – дейди филиал директори Мансур Алиев. – Қишлоқдаги «UzMobile» база станциясига Switch қурилмаси ўрнатилиб, Нуробод РТС ҳамда Жом қишлоқларида ўрнатилган радиореле станциялари орқали 20 Мбит/с. тезликдаги тармоқ ташкил қилинди. Корхонамиз ходимлари томонидан «Обод қишлоқ» дастури бажарилишига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Ҳа, бугун Жомда ҳаёт қайнамоқда. Ўзгаришлар катта, муҳими, халқнинг кайфияти юқори, келажакка ишончи баланд.

Абдуғафур Ҳотамов, «Xabar»нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири

«Обод қишлоқ»: бу галги манзил — Мирзачўл

 17.04.2018 14:59   0  33763 

Фото: «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом»

Жорий йилнинг 7 апрель куни Мирзачўл туманида «Обод қишлоқ» дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясининг сайёр йиғилиши ўтказилди.

Топшириққа асосан, 7-15 апрель кунлари Республика ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Ғалаба МФЙда «Обод қишлоқ» дастури доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Фото: «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом»

Ҳудуддаги уй-жойга муҳтож бўлган оилалар учун 2 та бўш турган ерда 160 та намунавий арзон уй-жойлар қуриш учун ер ажратилди. Биринчи ҳудудда қуриладига 112 та уй 8 тапудратчи қурилиш ташкилотига тақсимлаб берилди.

Шу билан бирга, 15 апрель ҳолатига 120 та уйда ер ишлари бажарилиб, траншея қазилди. Бетон-фундамент ишларини бажариш учун зарур шағал ва цемент маҳсулотлари пешма-пеш келтирилмоқда. Айни вақтда 24 тонна цемент ва 14 та машинада қум-шағал келтирилди. Бундан ташқари, Фориш туманидаги карьердан темир йўл орқали 20 та вагонда бетон қоришмаларига мўлжалланган шағал келтирилди.

Коммунал хўжалик инфраструктураси (сув, газ ва электр таъминоти, йўллар қурилиши) билан боғлиқ ишлар бўйича эса электр таъминоти соҳасида 5,5 км. узунликдаги кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 2 та трансформатор пунктларини янги қуриш; 18,3 км. узунликдаги кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 3 та трансформатор пунктларини реконструкция қилиш; 9,9 км. узунликдаги кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 5 та трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилди.

Фото: «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом»

Газ таъминоти бўйича 5 км. газ қувурларини таъмирлаш, бўяш, 27 та газ тақсимлаш пунктини ва 1800 та газ ускуналарини тафтиш қилиш режалаштирилган бўлиб, 48 та газ ускунлари тафтиш қилинди ва Ўзбекистон МФЙдаги 11,3 км. газ қувурлари демонтаж қилинди.

Бундан ташқари, йўл қурилиши соҳасида маҳалладаги мавжуд 16,6 км. йўллардан 10,3км. қисмига асфальт қопламаси ётқизилади. Йўлларни таъмирлаш учун Чимқўрғон карьеридан темир йўл орқали 105 та вагонда 7200 тонна қум-шағал аралашмаси келтирилди.

Қолаверса, 717 метр узунликдаги эски лотоклар қазиб олиниб, янги латок ўрнатиш учун жойлари тайёрланди. Ҳозирги вақтга қадар 240 метр узунликдаги янги лотоклар келтирилди.

Кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишлари бўйича 36 та таъмирталаб уйларнинг 20 тасининг том қисмидаги эски шиферлари олиниб, янги шифер ўрнатилмоқда.

Фото: «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом»

Бугунги кунгача жами 18,6 тонна цемент, 7754 та шифер, 380 кг. мих, 2000 метр река, 5,5 тонна охак ва бошқа материаллар келтирилди.

Бугунги кунгача жами 638 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилди, 71 та касаллик аниқланган шахсларга амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. 2 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 2 ортопедик маҳсулотлар олиб берилди, 4 нафар фуқаро туман касалхонасига даволанишга ётқизилди.

Шунингдек, 325 та чўпкари (барак) уйларда яшовчи хонадон эгаларига техник кадастр ҳужжати тайёрлаб берилди. 36 та кўп қаватли уйлар атрофидаги 878 та ҳожатхоналар тозаланди ва дезинфекция қилинди, 242 та ҳожатхона ўраси тозалаб олинди.

Тумандаги эҳтиёжманд оилаларга гуманитар ёрдам сифатида 37 та кўрпача, 2 та одеял, 26 та ёстиқ, 9 та гилам, 79 та турли ўлчамдаги кийим-бошлар, 113 та коропкада ҳар хил турдаги кийим-кечаклар ва оёқ кийимлар келтирилди.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси томонидан 1 та қорамол, 1,0 тонна ўсимлик ёғи, 1 тн шакар, 1 тонна макарон, 500 кг. печёний, 390 кг. чой, 300 кг. туз беғараз ҳомийлик сифатида келтирилди.

Ушбу хабар «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом»

гуруҳи маълумотлари асосида тайёрланди

Бир келиб кетинг, қишлоғимизга...

 15.04.2018 12:04   0  1662 

Фото: «Xabar.uz»

Ҳар гал бу дилга яқин қўшиқни тинглаганда қалбингизни олис болалик хотиралари, сўлим қишлоқлар соғинчи чулғаб олади, тароватли боғлар хаёли, кетмонига суянган самимий ва оддий меҳнаткаш инсонлар қиёфаси кўз ўнгингизда гавдаланади. Қир-адирларда акс садо берган ёшликнинг овозини қўмсайсиз, она қишлоғингизга отлангингиз келади...

Ўзбекистон қишлоқлари азал-азалдан гўзал ва тароватли. Бугунги кунда юртимизнинг олис гўшаларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари қишлоқлар қиёфасини янада ўзгартириб юборди, десак асло муболаға бўлмайди. Шаҳарга тенглашаётган қишлоқлар жамолини кўриб кўзингиз қувонади. Замонавий уй-жойлар, шаҳарникидан қолишмайдиган шарт-шароитлар, албатта, замондошларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун яратилаётганлиги айни ҳақиқат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаган «... халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир» сўзлари бугун ҳаётда ўз исботини топаётганлиги эртанги кунга катта ишончдир.

«Обод қишлоқ» лойиҳасини амалга ошириш ҳаракатлари Навоий вилоятида баҳорнинг илк кунларида юртбошимизнинг Навоий вилоятига айнан энг олис Томди туманига ташрифи чоғидан бошланган эди. Орадан ўтган қисқа фурсатда «Обод қишлоқ» лойиҳасига киритилган қишлоқлар таниб бўлмас даражада ўзгарди.

Томди туманидаги Утемурат, Нурота туманидаги Чуя, Учқудуқ туманидаги Қулқудуқ, Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон, Қизилтепа туманидаги Маликобод қишлоқлари «Обод қишлоқ» лойиҳаси бўйича танлаб олинган. Барча ҳудудларда иш қизғин. Хусусан, Томди туманидаги Утемурат қишлоғини бугун улкан қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Туман марказидан салкам 150 километр олисда жойлашган чорвадорлар юрти — 1659 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 184 хонадонли ушбу қишлоқда уй-жойлар ва бошқа объектларни қуриш-таъмирлаш ишларига 70та вилоят ва туман ташкилотлари, 310 нафар ишчи, 11та техника жалб этилган.

Фото: «Xabar.uz»

Лойиҳанинг биринчи босқичида қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, таъмирталаб уйлар, яъни 154та тураржойдан аксарият қисми таъмирдан чиқарилди. Қишлоқда биттадан маҳалла гузари, болалар боғчаси, ва спорт майдончаси қурилиши давом этмоқда.

— Томдига Президентимизнинг ташрифлари биз қизилқумликларнинг кўнглини ниҳоятда кўтарди, — дейди Томди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зиба Тулекова. — Тўғриси, кейинги йилларда иқлим ўзгариши, об-ҳаво инжиқликлари, бозор иқтисодиёти мураккабликлари томдиликларни бироз қийнаб қўйганди... Туманимиз аҳолисининг 51,2 фоизини аёллар ташкил қилади. Яратилаётган шарт-шароитлар энг аввало аёлларимизнинг оғирини енгил, турмушини фаровон қилишга қаратилган. Бугун тўқсон йиллик тарихга эга Томди ўзгача қиёфа касб этиб, янгиланиш нафасини ҳис қилмоқда.

— «Обод қишлоқ»ларни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш қийин, албатта, — дейди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ф.Тешаев. — Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган барча ободонлаштириш ва қурилиш ишларини доимий мониторинг қилиб бориш мақсадида видеокузатув тизимини ҳамда мазкур қишлоқлар ва вилоят ҳокимлигида ташкил этилган штаблар ўртасида аудиоселектор тизимини ташкил этиш йўлга қўйилган.

Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон қишлоғида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларининг онлайн видеокузатуви ташкил этилди. Қизилтепадаги Маликобод қишлоғидаги иш жараёнларини видеокузатиш йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, мобил алоқа операторлари томонидан мазкур обод қишлоқларда замонавий алоқа ва интернет хизматлари кўрсатиш борасида ишлар амалга оширилмоқда. «ЎзМобайл» филиали Навоий боғламаси мутахассислари томонидан жорий йилнинг март ойида Томди тумани Утемурат қишлоғида ишлаб турган СDМА-450 1х технологиясидан СDМА-450 EVDO юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этадиган технологияга ўтказилиши ташкил этилди.

Учқудуқ туманидаги Қулқудуқ қишлоғи ҳудудида ҳам «ЎзМобайл» мобил алоқа операторининг юқори тезликдаги интернет хизматини тақдим этадиган СDМА-450 EVDO технологиясига ўтказилиши ташкил этилган.

Бундан ташқари, Нурота туманидаги Чуя қишлоғи ҳудуди UMS, Ucell мобил алоқа операторларининг GSM (2G) ҳамда «ЎзМобайл» мобил алоқа операторининг CDMA технологиялари бўйича алоқа қамрови билан таъминланган. 2018 йилнинг охирига қадар Ucell оператори томонидан ушбу ҳудудда 3G тармоғини ишга тушириш режалаштирилган.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони бошланган бундай хайрли ишларнинг ҳуқуқий асосларини яратиб бериши, халқимизнинг ёруғ келажагини таъминлаши шубҳасиз.

Маруса Ҳосилова, «Xabar» мухбири

Самарқанддаги «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқлар рўйхати

 05.04.2018 10:27   0  6955 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 29 мартда «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур дастурга биринчилардан бўлиб киритилган Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Манас қишлоғига жорий йилнинг 30 март куни бориб, 45 кунда обод бўлган қишлоқни кўрган эди.

«Зарафшон» газетасининг онлайн нашри томонидан ушбу дастурга киритилган Самарқанд вилоятидаги қишлоқлар рўйхати эълон қилинди.

«Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқлар

Фото: «Зарафшон» газетаси«Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқлар

Фото: «Зарафшон» газетаси

Маликобод қишлоғи аҳолиси энди ҳовуздан сув ичмайди

 01.04.2018 17:18   0  4153 

Фото: «Xabar.uz»

Президент томонидан илгари сурилган ғояга кўра Навоий вилоятининг бешта туманидаги қишлоқларида «Обод қишлоқ» дастури бўйича кенг миқёсида ишлар олиб борилмоқда.

Қизилтепа туманидаги Маликобод қишлоғи 1980 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 3 минг 124 нафар аҳоли яшаб келмоқда. Бугунги кунга қадар маҳалла аҳли ичимлик сувини ташиб келтириб, махсус ҳовузларда сақлаб, сўнг ўша сувни истеъмол қилар эди. «Обод қишлоқ» дастури орқали аҳолининг азалий орзуси амалга ошиб, қишлоққа ичимлик суви тармоғи тортилмоқда.

Шунингдек, дастур доирасида амалга ошириладиган ишлар режасига кўра, 5 км умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, 23 км коллекторларн�� тозалаш, 3 та автобус бекати қурилиши, 10 км ички хўжалик йўллари асфальт қопламаси алмаштирилиши буйича ишлар бошлаб юборилган. Шу билан қишлоқда 10 км 600 метр газ қувури, 7 км электр тармоғи янгиланиши кутилмоқда.

— Президентимиз ташаббуси билан қишлоғимиз дастур асосида сув, табий газ билан таъминланаётганидан ва янги мактаб, боғча, маҳалла гузари қурилаётганидан жуда мамнунмиз, — дейди Маликобод маҳалла фуқоролар йиғини раиси Зиёдулла Азизов.

Таъкидланишича, туман миқёсидаги ташкилот ва идоралардан 2000 дан жамоатчилик ва фаол ёшлар жалб этилган ва улар ушбу масканни обод қилишга ўз ҳиссасини қўшишмоқда.

Шуҳрат Нормуродов

Шавкат Мирзиёев: «Обод қишлоқ» дастури одамларнинг дунёқарашини ўзгартиради

 30.03.2018 19:55   0  19286 

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев Манас қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури асосида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.

Чекка ҳудудда жойлашган бу қишлоқ эътибордан четда қолган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. 34 та кўп қаватли уйнинг томи тўлиқ қайта ёпилди, режасиз қуриб ташланган кўримсиз нарсалар олиб ташланиб, янгидан ёрдамчи бинолар қурилди. Савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилди.

Атрофга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 6,5 километр узунликдаги сув қувури ётқизилди. 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларида тозаланди.

Аёлларни иш билан таъминлаш мақсадида иккита тикувчилик цехи ишга туширилиб, 120 дан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланди.

Қишлоқ врачлик пункти ўрнида замонавий оилавий поликлиника бунёд этилди. Президентимиз ушбу поликлиникани кириб кўрди. Аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларни профилактика қилиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Фото: «President.uz»

Иккита умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасалари тўлиқ таъмирланиб, қайта жиҳозланди. 17 та болалар майдончаси қурилди. Минифутбол майдонлари, 250 ўринли стадион барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим муассасасида бўлди.

Мактабгача таълим тизимига катта эътибор қаратяпмиз, ҳамма жойда замонавий боғчалар қуряпмиз. Лекин унинг файзи, баракаси, асосий мақсад-муддаоси тарбияда, деди Президентимиз. Фарзандларимизни болаликдан яхши тарбияласак, ўз йўлини, ишини топиб кетади.

Давлатимиз раҳбари янги қуриб, фойдаланишга топширилган новвойхонага ҳам кирди.

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Бу ишлар аҳоли турмуш тарзини яхшилайди, юртимизни обод қилади. Энг муҳими, одамларнинг дунёқарашини ўзгартиради, деди Шавкат Мирзиёев.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида барча қишлоқлар йўллари таъмирланади

 29.03.2018 23:11   1  30527 

Фото: «UzAvtoyul»

«Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга кўра:

·        «Обод қишлоқ» дастури доирасида туманлар марказларидан қишлоқларгача бўлган йўллар, қишлоқларнинг марказий кўчалари ва асфальт билан қопланган йўллар таъмирланади, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларига қум-шағал қоришма ётқизилади ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизилади;

·        «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга ошириш таъминланади;

·        ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида лойиҳа ташкилотлари бириктирилиб, улар томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминланади;

·        Давлат экология қўмитаси ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКлар билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида чиқинди йиғиш пунктларини барпо этиб, тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш ва утилизация қилиш ишларини ташкил қилади.

Шунингдек, мазкур Қарор билан:

·        «Обод қишлоқ» дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари;

·        «Обод қишлоқ» дастури доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари;

·        «Обод қишлоқ» дастури доирасида ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ ва электр энергиясини аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб бериш преференциялари татбиқ этиладиган асосий турдаги қурилиш материаллари рўйхати тасдиқланди.

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимиз талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир. Бу эзгу ният йўлида олиб борилаётан залворли ишларнинг кўлами кундан-кун ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга жорий қилинаётган навбатдаги янги ташаббус “Обод қишлоқ” дастури олис ва чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошчилигида барча вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ҳамда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Дўстлик туманидаги барча қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмаси аҳволи ўрганиб чиқилди. Ҳар бир маҳалланинг, кўча ва хонадонларнинг ҳолатини, одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш давомида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш намунаси сифатида вилоят марказидан 70 километр олисдаги Манас қишлоғнинг танлангани бежиз эмас.

Жиззах чўлини ўзлаштиришнинг илк даврида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғидаги 1 минг 45 та хонадонда олти миллат вакилларидан иборат 6,5 минга яқин аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Аҳолининг асосий хўжалик фаолияти деҳқончилик бўлган қишлоқда кўча ва йўлларнинг, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий, маший хизмат кўрсатиш бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги одамларга жиддий қийинчилик туғдирмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқдаги муаммолар ўрганиб чиқилиб, бу ерда аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланиб, бажаришга киришилди.

Бугун Манасга қурилиш ашёлари, аҳолига зарур маҳсулотлар ва буюмлар, дори-дармонлар, уй-рузғор жиҳозлари юкланган атомашиналар узуксиз келиб турибди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари вакиллари қишлоқ фаоллари билан ҳамкорликда кўча ва йўлларни, ижтимоий иншоотларни, уй-жойларни таъмирлашмоқда, ободонлаштириш ишларини бажаришмоқда. Четдан кузатган одамга қишлоқда амалга оширилаётган ишлар фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатни эслатади.

Республика вазирликлари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари уйма-уй юриб, ўтказаётган мулоқотларда муаммолар эшитилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Аёлларни тадбиркорлик, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб этган ҳолда бандлигини таъминлаш билан бирга хонадонлардаги саранжом-саришталик, фарзандлар тарбияси масалаларига урғу берилмоқда.

Хонадонларга кўрсатилаётган кўмак ҳар бир оиладаги беш-ўн одамни хурсанд қилаётган бўлса, кўча, йўллар, газ, сув, электр тармоқларидаги, мактаб ва боғчалардаги таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари юзлаб одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳаётдан мамнун этмоқда.

Қишлоқ кўчаларига тош-шағал ётқизиб, асфалътлашга тайёрланмоқда. Қишлоқда электр энергияси билан боғлиқ масалалар ечимига ҳам эътибор қаратилмоқда. Электр узатиш тармоқларида модернизатсия ва реконструксия ишларини олиб боришяпти. Яроқсиз ҳолга келган симёғочлар янги устунларга алмаштирилмокда.

– Чўл ўзлаштирилган дастлабки даврларда одамларга яшаш осон бўлмаган, – дейди меҳнат фахрийси 80 ёшли Ориф Қулчиқов. – Мамлакатимиздаги кейинги йиллардаги ўзгаришларга таққосласа, бугун ҳам шароитимиз бошқалардан анча орқада. Аммо ота-боболари ертўлаларда, чайлаларда яшаб чўлни ўзлаштирган инсонлар авлоди бундан яхшироқ яшашга муносиб. Шукрки, Президентимизнинг халқимиз ҳаётини яхши билиши, куюнчаклиги туфайли жамиятимизда бошланган янгиланишлар, ободлик бизнинг қишлоғимизга ҳам етиб келаётир. Юртимиз қатори бизнинг қишлоғимизда одамлар ҳаётини яхшилаш бошланди. Яхши ниятлар билан бошлаган барча ишларимиз хайрли бўлсин.

Ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши ҳодимлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан ушбу қишлоқда истиқомат қилувчи Сулаймонов Абдурашид томорқасида 5 хилдаги кўкатлар ва помидор кўчати экилган иссиқхона ташкил этилди.

Ҳа, бугун қишлоқда одамларнинг ҳайратланишига, қувонишига арзийдиган тарихий ишлар бўлмоқда. Унинг қамрови ва суръатини кўрган киши яқин кунларда “Манас”нинг кечаги қиёфасидан асар ҳам қолмаслигига тўла амин бўлади. Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак деб билдирган фикрларининг амалий ифодасидир.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

June 1, 2018
by Otabek Muhammadiy
0
40

“Обод қишлоқ”

6
Show more